Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош туманида «Тахиатош ИЭС» акциядорлик жамиятига қарашли тиббий диагностика маркази ҳамда тикувчилик цехи биносининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тахиатош иссиқлик электр станциясига иккинчи буғ-газ қурилмасининг жорий этилиши Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятини, шунингдек, мамлакатнинг энг йирик саноат корхоналаридан бири – Навоий кон-металлургия комбинатини электр энергияси билан таъминлаш имконини берди. Акциядорлик жамияти томонидан аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва янги иш ўринларини яратишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Фойдаланишга топширилган тиббий диагностика марказига Оролбўйида ягона бўлган замонавий МРТ, шу билан бирга электрокардиограмма, видеоэндоскопия, ультратовуш диагностикаси, стоматология ва бошқа замонавий тиббий аппаратлар олиб келиб ўрнатилган. Марказда тажрибали шифокор ва ҳамширалар томонидан тиббий хизмат кўрсатилади. Мурожаат қилган фуқароларга аниқ ташхис қўйган ҳолда амбулатор даволаниши таъминланади.

Тикувчилик цехида замонавий бичиш-тўқиш ва тикув машиналари ёрдамида эркаклар ва аёллар кийимлари, акциядорлик жамияти ишчилари учун махсус ҳимоя кийимлари тайёрланади. Тиббий диагностика марказининг фойдаланишга топширилиши билан 48 та, тикувчилик цехида 17 та, жами 65 та янги иш ўрни яратилди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов иштирок этди.

 

Довуд Абибуллаев, ЎзА