Аҳоли сони ўсиши билан уй-жойга эҳтиёж ҳам ошиши табиий. Шавкат Мирзиёев Президент вазифасига киришган илк паллаларданоқ бу долзарб масалани алоҳида эътиборга олиб, одамларни уй билан таъминлаш чораларини кўрди.
Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 21 октябрдаги қарорига кўра, қишлоқларда, 22 ноябрдаги қарори билан эса шаҳарларда арзон уй-жойлар қуриш бўйича дастурлар қабул қилинди. Улар асосида, ўтган тўрт йилда 140 мингта уй-жой барпо этилди. Йилига қурилган уйларнинг ўртача сони таққосланганда, бу аввалги даврдаги кўрсаткичдан 4-5 баравар кўпдир.
Лекин, шу билан чекланиб қолинмайди. Уйга эҳтиёжи бор оилалар ҳали ҳам кўп. Бу бўйича халқдан мурожаатлар бўлмоқда. Яна минглаб уй-жойлар барпо этиш, лойиҳа ва қурилиш сифатини ошириш, малакали мутахассислар тайёрлашни ҳаётнинг ўзи талаб қилмоқда.
Видеоселектор йиғилишида шу борадаги вазифалар муҳокама қилинди.