Нукусда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари томонидан амалга оширилаётган эзгу ишларни қўллаб-қувватлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Унда вазирликлар, ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари, тадбиркорлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Ўзбекистон Меҳр-шафқат ва саломатлик жамоат фонди Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий муассасаси раҳбари Т.Рўзметова, “Ўзбекистон махсус Олимпиадаси” спорт жамоат бирлашмаси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими раҳбари Г.Турсимуратова, Ўзбекистон ногиронлар жамияти Қорақалпоғистон Республикаси бўлими раҳбари П.Даўлетярова ўтган йили амалга оширилган хайрли ишлар ҳақида маълумот берди.

 

 

Мамлакатимизда демократик ўзгаришлар амалга ошириляпти. Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш натижасида самарадорлик ошяпти. Шу боис нодавлат нотижорат ташкилотлари жамиятимизда тобора мустаҳкам ўрин эгаллаб, давлатимизнинг тенг ҳуқуқли шеригига айланмоқда.

ННТ ёрдамга муҳтож, эҳтиёжманд оилалар, ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлашда доимий қатнашиб келмоқда. Кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари, ногиронлиги бўлган болаларнинг шахсий манфаатини ҳимоя қилиш, уларни моддий қўллаб-қувватлаш орқали турмуш шароитини яхшилаш йўлида савобли ишларни амалга ошириб келмоқда.

 

 

Инсонларнинг оғирини енгил қилиш, шунчаки, ўз-ўзидан бўладиган иш эмас. Бундай эзгу амаллар учун маълум миқдордаги маблағ талаб этилади. Юқорида қайд этилган нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан амалга оширилаётган эзгу ишларда турли вазирлик ва ташкилотлар, тадбиркорлар ҳам ўзининг беминнат моддий ёрдамини аямай, хайрли ишларга ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Тадбирда ана шундай вазирлик ва ташкилотлар фаолияти эътироф этилиб, миннатдорлик билдирилди.

– Ўтган йиллар давомида ижтимоий шериклик асосида кўплаб ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиб, кам таъминланган “Темир дафтар”да турувчи оилада яшайдиган беморларнинг, ногиронлиги бўлган шахсларнинг даволанишига зарур бўлган дори-дармон воситалари, тиббий анжомлар ва жарроҳлик амалиёти учун моддий ёрдам берилди, – дейди Ўзбекистон Меҳр-шафқат ва саломатлик жамоат фонди Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий муассасаси раҳбари Табассум Рўзметова. – Бундай хайрли ишлар Чимбой туманидаги “Lanextrakt” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхона, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, унга қарашли шаҳар ва туман бўлинмалари каби саховатли ҳомийлар томонидан амалга оширилмоқда. Аслида ҳар бир ташкилот аҳоли турмуш шароитини яхшилаш учун хизмат қилиши керак.

 

 

Жамиятда инсонпарварлик, меҳр-шафқат ва ўзаро холис ёрдам сингари эзгу ғоялар янада кенг тарғиб этилса, халқимизга хос бўлган юксак одамийлик фазилатларни ўзида мужассам этган азалий урф-одат ва анъаналар давом этади. Ҳар бир ўзбекистонлик фуқаронинг ишида барака бўлади. Эзгу ишда барча бирлашиб эҳтиёжмандларнинг дарду-ташвишидан фориғ қилишда ҳисса қўшиш бу инсонийликдан далолатдир.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг ўринбосари А.Давлетов иштирок этди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА