ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда қурол-яроғ ва ўқ дориларнинг республикамиз ҳудудига контрабанда йўли билан олиб кирилишига қарши курашиш доирасида тезкор-қидирув тадбири ўтказилди.
ДХХ матбуот хизматининг хабар беришича, тадбир давомида кузатувга олинган Тошкент шаҳрида яшовчи икки нафар фуқаро пойтахт вилоятининг Тошкент туманидан ўтувчи ўзбек-қозоқ давлат чегараси яқинига келиб, Қозоғистон Республикаси ҳудудидан ноқонуний йўл билан ўтказилган ўқотар қуролни олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланди.
Экспертиза хулосасига кўра, ушбу қурол ўқ отиш учун яроқли ҳолатдаги «Макаров» номли тўппонча ҳисобланиб, унинг ўқдонида 6 дона жанговор ўқлар бўлган.
Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида аниқланишича, ушбу қурол Қозоғистон Республикасида яшовчи шахсдан 4 минг АҚШ долларига сотиб олинган бўлиб, сотувчи уни учувчисиз учиш аппарати, яъни дрон ёрдамида давлат чегарасидан ўтказиб берган.
Таъкидлаш лозимки, қўлга олинган фуқароларнинг бири 2012 йилда Жиноят Кодексининг 97-моддаси билан жиноий жавобгарликка тортилган бўлса, 2019 йилда 169-моддаси билан айбли, деб топилиб, унга нисбатан 3 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилиб, Жиноят Кодексининг 246-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.