Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлисга навбатдаги Мурожаатномани тақдим этди.

Пойтахтимиздаги Халқаро конгресс марказида бўлиб ўтган тадбирда Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, давлат ташкилотлари раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Мурожаатнома 15 та телеканал орқали жонли эфирда, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида онлайн ёритиб борилди.

Мамлакатимиз сиёсий ҳаётидаги энг муҳим воқеа бўлган ушбу тадбир 2017 йилдан буён анъанавий тарзда ўтказиб келинмоқда. Унда тугаётган йилдаги асосий кўрсаткичлар, янги йилга мўлжалланган мақсад ва вазифалар эълон қилинади. Шу боис халқимиз бу тадбирни катта қизиқиш билан кутади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бу галги Мурожаатнома ўтган йиллардан фарқли равишда, мураккаб даврга тўғри келганини таъкидлади. 2020 йилда коронавирус пандемияси бутун инсониятни жиддий синовдан ўтказди. Бундай кўламдаги офат жаҳонда сўнгги юз йилда рўй бермагани, қанчалаб инсонлар қурбон бўлиб, миллионлаб иш ўринлари йўқотилгани, мамлакатлар иқтисодиёти катта қийинчиликларга дуч келгани қайд этилди.

Афсуски, бу фалокат бутун инсоният қатори халқимиз учун ҳам кутилмаган ташвиш ва мураккаб муаммоларни келтириб чиқарди. Бухоро ва Сардобада юз берган табиий ва техноген офатлар ҳам эл-юртимизнинг букилмас иродасини яна бир бор синовдан ўтказди.

Халқимиз бу синовлар олдида саросимага тушмади, фидокорона меҳнати ва матонати, аҳоли ва давлат органларининг ҳамжиҳатликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли барча қийинчиликларни мардона енгиб ўтмоқда.

Давлатимиз раҳбари пандемиянинг биринчи кунларидан бошлаб бутун бошқарув тизими фавқулодда иш режимига ўтказилгани, қисқа муддатда пандемия оқибатларини юмшатиш ва бартараф этишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, амалга оширилганини таъкидлади.

Жумладан, Инқирозга қарши жамғарма ташкил этилиб, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида ўз вақтида кўрилган тезкор ва тизимли чора-тадбирлар натижасида ушбу касалликнинг кенг тарқалишига йўл қўйилмади. Юртимизда осойишта ҳаёт таъминланиб, барқарор иқтисодий ривожланиш давом этаётгани қайд этилди.

Президентимиз карантин талабларига риоя қилиб яшаган ва меҳнат қилган олижаноб халқимизга, ўта хавфли вирус билан кечаю кундуз мардона курашган жонкуяр шифокорларга, қийин дамда ёрдамга муҳтож аҳолига кўмак берган тадбиркорлар, хорижий ҳамкорларга миннатдорлик билдирди.

Маълумки, Президентимиз таклифи билан 2020 йил мамлакатимизда Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили деб эълон қилинган эди. Бу борадаги Давлат дастурига мувофиқ, янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича барча соҳаларда ислоҳотлар қатъий давом эттирилди.

Жумладан, бу йилги синовларга қарамасдан, Ўзбекистон дунёнинг саноқли давлатлари қатори ижобий ўсиш суръатларини сақлаб қолди.

Мурожаатномада давлатимиз раҳбари бу ҳақда алоҳида тўхталиб ўтди.

Жорий йилда мамлакатимизда 197 та йирик, минглаб кичик ва ўрта корхоналар, инфратузилма объектлари барпо этилди. Биргина энергетика соҳасида хорижий инвесторлар билан давлат-хусусий шериклик асосида умумий қуввати 2 минг 700 мегаватт бўлган 6 та янги электр станциясини барпо этиш бошланди. Тошкент шаҳрида 2 та янги метро станцияси, 18 километрлик ер усти метроси фойдаланишга топширилди.

Қишлоқ хўжалигида чуқур ислоҳотлар амалга оширилди. Бунинг натижасида, пандемия даврида 1 миллиард долларлик мева-сабзавот экспорт қилинди. Тадбиркорлик фаолияти кенг қўллаб-қувватланди.

2020 йил аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш борасида туб бурилиш йили бўлди. Камбағалликни қисқартириш бўйича кенг қамровли ишлар бошланди. Барча туман ва шаҳарларда, ҳар бир маҳаллада эҳтиёжманд оилалар, аёллар ва ёшлар билан манзилли ишлаш бўйича мутлақо янги тизим жорий этилди.

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, иқтисодиётни либераллаштириш борасидаги ишлар узлуксиз олиб борилди. Ўзбекистон 2020 йилда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо бўлиб сайлангани, яқинда АҚШ давлат департаменти томонидан диний эркинлик соҳасидаги “махсус кузатувдаги давлатлар” рўйхатидан чиқарилгани ҳам кенг кўламли демократик ислоҳотларнинг натижасидир.

Ўзбекистон “Очиқ маълумотларни кузатиш” халқаро индексида 125 поғонага кўтарилиб, 44-ўринни эгаллади. “Иқтисодий эркинлик” рейтингида ҳам мамлакатимизнинг 26 поғона кўтарилгани ислоҳотларимизнинг халқаро майдондаги яна бир эътирофи бўлди.

Коронавирус пандемияси ва глобал иқтисодий инқирозга қарамай, Ўзбекистон очиқ ва прагматик ташқи сиёсатни фаол олиб бормоқда. Халқаро майдондаги қатъий саъй-ҳаракатлари туфайли дунё ҳамжамиятида юртимизнинг обрў-эътибори ва нуфузи тобора юксалмоқда.

Ҳар галгидек, Мурожаатноманинг энг ҳаяжонли қисми янги йилга ном берилиши бўлди. Давлатимиз раҳбари янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс пойдеворини билимли ва бунёдкор ёшлар билан биргаликда барпо этиш, ана шу муҳим йўналишларда бошлаган ишларни давом эттириш ва янги, юксак босқичга кўтариш мақсадида, кириб келаётган 2021 йилга мамлакатимизда Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили, деб ном беришни таклиф этди. Президентимизнинг ушбу таклифи тадбир иштирокчилари томонидан қизғин қўллаб-қувватланди.

2021 йилда Ватанимиз мустақиллигига 30 йил тўлади. Бу тарихий санани “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” деган эзгу ғоя асосида нишонлаш бўйича кенг кўламли тайёргарлик ишлари бошлаб юборилди.

Бугун келгуси йил учун режа ва дастурларимизни аниқ белгилаб олар эканмиз, мустақиллик йилларида эришган ютуқларимизни янада мустаҳкамлаб, энг муҳим ва устувор соҳаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратамиз, деди давлатимиз раҳбари.

Ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, аҳоли саломатлигини асраш ва мустаҳкамлаш, мамлакатимизни янада ривожлантиришга қаратилган энг муҳим вазифалар, ички ва ташқи сиёсатга доир устувор йўналишлар белгиланди.

Янги йилда янада катта сафарбарлик руҳида ишлашимизга тўғри келади. Ҳаёт олдимизга яна қанча синов ва муаммоларни қўйиши мумкин ва биз ҳар қандай ҳолатга тайёр туришимиз зарур. Лекин қанчалик қийин ва мураккаб бўлмасин, демократик ислоҳотлар йўлидан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз, деди Шавкат Мирзиёев.

Мурожаатнома якунида эл-юртимиз ҳозирги оғир шароитда барча синов ва қийинчиликлардан янада кучли ва иродали бўлиб чиқаётгани таъкидланди. Ҳеч шубҳасиз, ўз кучи ва имкониятларига бўлган ишонч халқимизни Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишдек эзгу мақсад йўлида бирлаштирди. Бу интилишлар халқимизни улкан амалий ишларга, янги йилда янада баланд марраларни қўлга киритишга руҳлантиради.

Матназар ЭЛМУРОДОВ, ЎзА