Ассалому алайкум, ҳурматли депутат ва сенаторлар! Азиз юртдошлар! Муҳтарам меҳмонлар! Хонимлар ва жаноблар!
Олий Мажлисга ва халқимизга йўлланаётган бу йилги Мурожаатнома, ўтган йиллардан фарқли равишда, мураккаб бир даврга тўғри келмоқда.
Барчамиз яхши биламизки, бугунги кунда бутун инсоният коронавирус пандемияси деган глобал офатни бошидан ўтказмоқда. Бундай улкан фалокат жаҳон миқёсида сўнгги юз йилда рўй бермаган, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Охирги маълумотларга кўра, дунёнинг 191 мамлакатида 81 миллион киши коронавирус билан касалланган. Улардан 1 миллион 765 минг нафари вафот этган.
Пандемия жаҳон иқтисодиёти учун – шунга эътибор беринг – ҳар ойда қарийб 400 миллиард доллар миқдорида зарар келтирмоқда. Бугунги кунга қадар дунё бўйича 500 миллионта иш ўрни йўқотилган.
Афсуски, бу офат бутун инсоният қатори халқимиз учун ҳам кутилмаган ташвиш ва мураккаб муаммоларни келтириб чиқарди. Бухоро ва Сардобада юз берган табиий ва техноген офатлар ҳам эл-юртимизнинг иродасини яна бир бор синовдан ўтказди.
Халқимизнинг букилмас иродаси, фидокорона меҳнати ва матонати, аҳоли ва давлат органларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли мавжуд қийинчиликларни мардона енгиб ўтмоқдамиз.
Хабарингиз бор, пандемиянинг биринчи кунларидан бошлаб бутун бошқарув тизими ва барча тиббиёт муассасалари фавқулодда иш режимига ўтказилди.
Қисқа муддатда Тошкент шаҳри ва ҳудудларда барча шароитларга эга бўлган қарийб 30 минг ўринли даволаш масканлари ташкил этилди. Улар зарур дори-дармон, ҳимоя ва энг замонавий диагностика воситалари билан таъминланди. Пандемияга қарши курашиш учун 200 мингдан зиёд тиббиёт ходими, жумладан, чет эллик 150 нафар юқори малакали шифокор ва мутахассислар жалб этилди.
Хориждан 600 мингдан ортиқ ватандошларимиз юртимизга олиб келинди. Чет элда қийин аҳволга тушиб қолган 100 мингга яқин фуқароларимизга зарур ёрдамлар кўрсатилди.
Пандемия оқибатларини юмшатиш ва бартараф этиш учун давлат томонидан жами 82 триллион сўмлик комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, Инқирозга қарши жамғарма ташкил этилиб, коронавирусга қарши курашиш, аҳоли ва корхоналарни қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ тадбирларга бюджетдан 16 триллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди. Шунингдек, давлат корхоналарига ва 500 мингдан зиёд тадбиркорлик субъекти ҳамда қарийб 8 миллион фуқарога жами 66 триллион сўмлик солиқ имтиёзлари, кредит муддатларини узайтириш ва молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича амалий ёрдамлар берилди.
“Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида фидойи ва олижаноб ватандошларимизнинг фаол иштирокида 800 мингдан зиёд эҳтиёжманд оилаларга 1 триллион сўмдан ортиқ моддий ёрдам кўрсатилди.
Ўз пайтида кўрилган тезкор ва тизимли чораларимиз натижасида ушбу хатарли касалликнинг кенг тарқалишига йўл қўйилмади. Юртимизда осойишта ҳаёт, барқарор иқтисодий ривожланиш давом этмоқда.
Карантин талабларини тўғри қабул қилиб, уларга амал қилган, сабр-тоқатли, олижаноб халқимизга, ўта хатарли вазиятда ўзини аямасдан мардона меҳнат қилган жонкуяр шифокорларга, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатида муносиб иштирок этган барча тадбиркор ва фуқароларимизга яна бир бор ўзимнинг чуқур миннатдорчилигимни изҳор этаман.
Пандемияга қарши курашда бизга амалий кўмак берган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, халқаро молия институтлари, Россия, Хитой, АҚШ, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари, Жанубий Корея, Япония, Германия каби давлатлар раҳбарларига ташаккур билдираман.
Мамлакатимиз билан яқин дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиб келаётган чет давлатларнинг ҳурматли элчилари, халқаро ташкилотлар вакилларига раҳмат айтиб, эзгу тилакларимни билдиришдан мамнунман.
Ҳурматли парламент аъзолари!
Қадрли дўстлар!
Жорий йилда “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш” Давлат дастурига мувофиқ янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича барча соҳаларда ислоҳотларни қатъий давом эттирдик.
Халқаро валюта жамғармаси ва халқаро рейтинг агентликлари таҳлилларига кўра, бу йилги синовларга қарамасдан, Ўзбекистон дунёнинг саноқли давлатлари қаторида ижобий ўсиш суръатларини сақлаб қолди.
Европа Иттифоқи тузилмалари билан яқин ҳамкорликда мамлакатимизга кенгайтирилган савдо преференциялари – “GSP+” тизимини татбиқ этиш бўйича, муҳим қадамлар ташланди. Ушбу тизим келгусида республикамизда ишлаб чиқариладиган 6 мингдан зиёд турдаги маҳсулотларни Европа бозорига бож тўламасдан олиб кириш имконини беради. Бу, ўз навбатида, биргина тўқимачилик маҳсулотларининг йиллик экспортини 300 миллион долларга ошириш учун шароит яратади.
Жорий йилда мамлакатимизнинг халқаро молия бозорларига чиқиш имкониятлари янада яхшиланди, илк бор миллий валютада 2 триллион сўмлик давлат еврооблигациялари паст фоизларда жойлаштирилди.
Бу йил республикамизда 197 та йирик, минглаб кичик ва ўрта корхоналар ҳамда инфратузилма объектлари барпо этилди. Жумладан, “Навоийазот”да аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш комплекси ҳамда азот кислотаси заводи, Муборак, Газли ва Шўртан нефть-газ корхоналарида суюлтирилган газ ишлаб чиқариш қурилмалари, Тошкент металлургия заводи каби йирик қувватлар ишга туширилди.
Биргина энергетика соҳасида хорижий инвесторлар билан давлат-хусусий шериклик асосида 6 та янги электр станциясини барпо этиш ишлари бошланди. Уларнинг умумий қиймати 2 миллиард доллар бўлиб, 2 минг 700 мегаватт қувватга эга.
Тошкент шаҳрида 2 та янги метро станцияси ва илк бор 18 километрлик ер усти метроси фойдаланишга топширилди.
Қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар, ер майдонлари тўлиқ хусусий кластер ва кооперацияларга берилгани пахтачиликда ҳосилдорликни бир йилда ўртача 10 фоизга ошириш имконини яратди.
Мева-сабзавотчилик, ғаллачилик ва чорвачиликда ҳам 500 га яқин кластер ва кооперациялар фаолияти йўлга қўйилди. Бунинг натижасида, пандемиянинг салбий таъсирига қарамасдан, 1 миллиард долларлик мева-сабзавот экспорт қилинди.
Бу йил 91 минг гектар ер майдони қайтадан фойдаланишга киритилди. 133 минг гектар ёки ўтган йилга нисбатан 2 баробар кўп майдонда сувни тежайдиган технологиялар жорий этилди.
Тадбиркорликни кенг қўллаб-қувватлаш бўйича кўплаб имтиёз ва енгилликлар берилди. Тадбиркорлик субъектларига 100 триллион сўм ёки 2016 йилга нисбатан қарийб 4 баробар кўп кредитлар ажратилди.
2020 йил аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш борасида туб бурилиш йили бўлди, десак, муболаға бўлмайди.
Аввало, аҳолининг муайян қатлами ўртасида камбағаллик мавжудлигини биринчи марта тан олиб, уни қисқартириш бўйича кенг қамровли ишларни бошладик.
Барча туман ва шаҳарларда, ҳар бир маҳаллада эҳтиёжманд оилалар, аёллар ва ёшлар билан манзилли ишлаш бўйича мутлақо янги – “темир дафтар” тизими жорий этилди. Қисқа муддатда бу тизим орқали 527 минг фуқаронинг бандлиги таъминланди.
Бундан ташқари, ўзини ўзи банд қилган аҳоли учун солиқ имтиёзлари берилиши ҳамда кўпгина чекловларнинг бекор қилиниши туфайли 500 минг нафар фуқаро меҳнат фаолиятини қонуний тарзда йўлга қўйди.
Деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгаларига 300 миллиард сўм имтиёзли кредит ва субсидия ажратилгани ҳам қишлоқ аҳолисини ижтимоий қўллаб-қувватлашда янги йўналишга айланди.
Тошкент шаҳри, Андижон, Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд, Сирдарё ва Фарғона вилоятларида ташкил этилган “IT-Парклар”да 500 дан ортиқ замонавий компаниялар иш бошлади.
Якунланаётган йилда марказлашган ичимлик сув таъминотини яхшилаш учун 3 триллион сўм ёки 2016 йилга нисбатан 5 баробар кўп маблағ ажратилди. Натижада аҳолининг тоза ичимлик суви билан таъминланиш даражаси 73 фоизга етди.
Биргина жорий йилда ижтимоий нафақа олувчилар қамрови 2 баробарга оширилиб, 1 миллион 200 минг нафарга етказилди. Ушбу мақсадларга бюджетдан 2016 йилга нисбатан 5 баробар кўп маблағ ажратилди.
Кичик ёшдаги болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 4 йил давомида 2 баробар ортиб, 60 фоизга етди. Боғчалар сони эса 3 баробарга кўпайиб, 14 мингдан ошди.
Бу йил олий таълимга қабул параметрлари 2016 йилга нисбатан 2,5 баробарга ўсди, ёшларимизни олий таълим билан қамраб олиш даражаси 9 фоиздан 25 фоизга етди.
Эҳтиёжманд оилаларнинг мингга яқин қизлари илк бор олий ўқув юртларига алоҳида давлат грантлари асосида қабул қилинди.
Ўзбекистон “Очиқ маълумотларни кузатиш” халқаро индексида 125 поғонага кўтарилиб, 44-ўринни эгаллади. Бунда давлат ва жамият бошқаруви соҳасидаги 20 та йўналиш бўйича кўрсаткичларни ошкор қилиб бориш амалиёти жорий этилгани муҳим аҳамият касб этди.
“Иқтисодий эркинлик” рейтингида ҳам мамлакатимизнинг 26 поғона кўтарилгани ислоҳотларимизнинг халқаро майдондаги яна бир эътирофи бўлди.
Суд-ҳуқуқ соҳаси, жумладан, жиноий жазоларни либераллаштириш борасидаги ислоҳотларимиз ҳам изчил давом эттирилди. Натижада бу йил судланган шахсларнинг 74 фоизига нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланди.
Жазо муддатини ўтаётган ва тузалиш йўлига қатъий кирган 616 нафар фуқаро афв этилди.
Судлар мустақиллиги таъминланиши натижасида жорий йилнинг ўзида 719 нафар фуқарога нисбатан оқлов ҳукми чиқарилди.
Ўзбекистон фуқаролари қаерда бўлмасин, уларнинг конституциявий ҳуқуқлари ишончли ҳимоя қилинмоқда. “Меҳр-3” операцияси амалга оширилиб, Суриядан яна 98 нафар фуқаро, асосан аёллар ва болалар Ватанимизга олиб келингани бунинг яққол тасдиғидир.
Жаҳонда кечаётган мураккаб геосиёсий жараёнлар, коронавирус пандемияси ва глобал иқтисодий инқироз шароитида Ўзбекистон очиқ ва прагматик ташқи сиёсатни фаол олиб бормоқда. Халқаро майдондаги қатъий саъй-ҳаракатларимиз натижасида юртимизнинг нуфузи ва обрў-эътибори тобора юксалмоқда.
Мамлакатимиз тарихда биринчи марта Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо этиб сайланди. Яқинда АҚШ давлат департаменти томонидан Ўзбекистон диний эркинлик соҳасидаги “махсус кузатувдаги давлатлар” рўйхатидан чиқарилгани ҳам кенг кўламли демократик ислоҳотларимизнинг эътирофидир.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг олий минбаридан илгари сурган глобал ва минтақавий ташаббусларимиз дунё ҳамжамияти томонидан катта қизиқиш билан қабул қилиниб, қўллаб-қувватланмоқда.
Қадрли халқ ноиблари!
Азиз юртдошлар!
Барчангизга маълумки, кириб келаётган 2021 йилда Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигига 30 йил тўлади. Албатта, бу тарихий санани сиз, азизлар ва бутун халқимиз билан биргаликда “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” деган эзгу ғоя асосида кенг байрам қиламиз.
Бугун келгуси йил учун режа ва дастурларимизни аниқ белгилаб олар эканмиз, мустақиллик йилларида эришган ютуқларимизни янада мустаҳкамлаб, энг муҳим ва устувор соҳаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратамиз, албатта.
Таъкидлаш керакки, пандемия барчамизга тиббиётнинг бирламчи бўғини – тез ёрдам хизмати, санитария-эпидемиология тизимини тубдан ислоҳ қилиш муҳим ҳаётий зарурат эканини яна бир бор кўрсатди.
Ҳозирги вақтда дунёнинг бошқа минтақаларида кузатилаётган “пандемиянинг навбатдаги тўлқини” ва у билан боғлиқ хавф-хатарлар ҳаммамизни янада ҳушёр ва огоҳ бўлишга ундамоқда.
Буюк аждодимиз Имом Мотуридий ҳазратларининг “Тириклик ҳикматини соғлиқда, деб билгин”, деган чуқур маъноли сўзлари нақадар тўғри эканини ҳаётнинг ўзи бугун қайта-қайта исботламоқда.
Шу боис мавжуд имконият ва салоҳиятимиз, пандемия даврида орттирган тажрибамиз ҳамда хориждаги илғор ютуқлардан фойдаланиб, аҳоли саломатлигини асраш ва мустаҳкамлаш борасидаги туб ислоҳотларимизни янги босқичга кўтаришимиз зарур. Бунда аҳоли, айниқса, ёшларимиз ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш – энг устувор йўналишлардан бири бўлиши лозим.
Умуман, ҳар қандай жамият тараққиётида унинг келажагини таъминлайдиган ёш авлоднинг соғлом ва баркамол бўлиб вояга етиши ҳал қилувчи ўрин тутади. Шу сабабли биз ислоҳотларимиз кўлами ва самарасини янада оширишда ҳар томонлама етук, замонавий билим ва ҳунарларни пухта эгаллаган, азму шижоатли, ташаббускор ёшларимизга таянамиз.
Биз ўз олдимизга мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишимиз керак. Бунда, аввало, таълим ва тарбияни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, илм-фан ва инновацияларни тараққий эттириш миллий ғоямизнинг асосий устунлари бўлиб хизмат қилиши лозим.
Ушбу мақсад йўлида ёшларимиз ўз олдига катта марраларни қўйиб, уларга эришишлари учун кенг имкониятлар яратиш ва ҳар томонлама кўмак бериш – барчамиз учун энг устувор вазифа бўлиши зарур. Шундагина фарзандларимиз халқимизнинг асрий орзу-умидларини рўёбга чиқарадиган буюк ва қудратли кучга айланади.
Шу мақсадда “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади”, деган ғоя асосида кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширамиз.
Биринчидан, ёш авлодга боғча, мактаб ва олийгоҳда сифатли таълим-тарбия беришни йўлга қўямиз, улар жисмоний ва маънавий соғлом, ватанпарвар инсонлар бўлиб улғайиши учун барча куч ва имкониятларни сафарбар этамиз.
Иккинчидан, ёшларни замонавий билим ва тажриба, миллий ва умумбашарий қадриятлар асосида мустақил ва мантиқий фикрлайдиган, эзгу фазилатлар эгаси бўлган инсонлар этиб вояга етказамиз.
Учинчидан, ўғил-қизларимизни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган замонавий касб-ҳунарларга ўргатиш, уларда тадбиркорлик кўникмалари ва меҳнатсеварлик фазилатларини шакллантириш ҳамда ташаббусларини рўёбга чиқариш, иш ва уй-жой билан таъминлашга устувор аҳамият қаратамиз.
Бир сўз билан айтганда, бола туғилганидан бошлаб, 30 ёшгача бўлган даврда уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайдиган, ҳаётда муносиб ўрин топиши учун кўмак берадиган, яхлит ва узлуксиз тизим яратилади.
Дунё тажрибаси шуни кўрсатадики, ёш авлодни ҳар томонлама баркамол этиб вояга етказиш учун сарфланган сармоя жамиятга ўн, юз баробар кўп фойда келтиради.
Буюк бобокалонимиз Абу Али ибн Сино, бундан минг йил олдин “Довюрак ва ботир инсонлар келажакда содир бўладиган қийинчиликлардан қўрқмайди”, деб бежиз айтмаган.
Яқинда Қашқадарё, Хоразм вилоятларида ва Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида бўлиб ўтган учрашувларда ёшларимиз томонидан билдирилган дадил фикр ва ташаббуслар мени жуда қувонтирди.
Айниқса, куни кеча Ёшлар форумида ўғил-қизларимизнинг ёниб турган кўзларида улкан азму шижоатни, билимга ташналик ва янгиликка интилишни кўриб, янада руҳландим ва улардан куч олдим. Ибн Сино бобомиз айтган довюрак ва ботир ёшлар айнан шу фарзандларим эканига яна бир бор амин бўлдим.
Агар катта авлоднинг билими ва тажрибасини, узоқни кўра олиш фазилатларини ёшларимиздаги ғайрат-шижоат, мардлик ва фидойилик билан бирлаштира олсак, кўзлаган марраларга албатта етамиз.
Янги Ўзбекистонни ана шундай билимли ва бунёдкор ёшларимиз билан биргаликда барпо этамиз.
Ана шу муҳим йўналишларда бошлаган ишларимизни давом эттириш ва янги, юксак босқичга кўтариш мақсадида кириб келаётган 2021 йилга мамлакатимизда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”, деб ном беришни таклиф этаман.
2021 йил номида белгиланган соҳаларни тубдан ислоҳ қилиш ва янада ривожлантириш бўйича қуйидаги кенг кўламли ишларни амалга оширишимиз лозим.
Биринчидан, бола дунёга келганидан бошлаб, унда айнан мактабгача бўлган ёшда ақлий фаоллик ошади, ахлоқий-эстетик ва жисмоний хислатлар шаклланади.
Шу боис ҳам келгуси йилларда мактабгача таълим соҳасини ривожлантириш борасидаги стратегик мақсадимиз – боғча ёшидаги ҳар бир болани ушбу таълим йўналиши билан тўлиқ қамраб олиш учун зарур шароитларни яратишдан иборат.
Келгуси йил якуни билан мактабгача таълим қамровини 65 фоизга, 2023 йил охирида эса 75 фоизга етказишимиз керак. Бу ишларга бюджетдан 600 миллиард сўм субсидия бериш ҳисобидан қўшимча равишда 2 мингта нодавлат боғча ташкил этилиб, хусусий сектор улуши 25 фоизга етказилади.
Шунингдек, 2021 йилда мактабга тайёрлашнинг бепул тизими билан 560 минг нафар 6 ёшли болалар ёки уларнинг 82 фоизи қамраб олинади.
Узоқ қишлоқларда мактабгача таълимнинг муқобил шакллари янада кенгайтирилади. Бунда ЮНИСEФ ҳамда Жаҳон банки билан ҳамкорликда имконияти чекланган болалар учун мактабгача таълимни уйда бериш модели ҳам йўлга қўйилади.
Иккинчидан, мактаб таълимини тубдан яхшилаш ва унинг сифатини ошириш, муаллимларга муносиб шароит яратиш борасидаги ислоҳотлар жадал давом эттирилади.
Келгуси йили 30 та янги мактаб қуриш, 320 та мактабни таъмирлаш ва моддий-техник базасини яхшилаш мақсадида бюджетдан 2 триллион сўм ажратилади.
Соҳада ягона “электрон таълим” тизимини жорий этишга келгуси 2 йилда 250 миллиард сўм йўналтирилади.
Таълим сифатини тубдан яхшилаш мақсадида, аввало, ўқув дастурлари, ўқитувчи ва домлалар учун методик қўлланмаларни илғор халқаро мезонларга мослаштириш лозим.
Болаларнинг таҳлилий ва креатив фикрлаш қобилиятини ривожлантириш учун уларга сермазмун ва тушунарли дарсликлар яратиш зарур. Бу борада келгуси ўқув йилида бошланғич синфларда давлат таълим стандарти ўрнига, илғор хорижий тажриба асосида, болага ортиқча юклама бермайдиган “Миллий ўқув дастури” жорий этилади.
Умумтаълим мактабларидаги таълим сифати пойтахтда ҳам, олис қишлоқларда ҳам юқори бўлиши шарт. Бунинг учун чекка ҳудудларда мактабларни малакали кадрлар билан таъминлаш, таълим сифатини яхшилаш бўйича алоҳида дастур амалга оширилади. Жумладан, бошқа тумандаги олис мактабга бориб, дарс берадиган ўқитувчилар ойлигига 50 фоиз, бошқа вилоятга бориб ишласа – 100 фоиз устама ҳақ тўланади.
Шунингдек, ҳудудларда хусусий мактаблар фаолиятини рағбатлантириш учун бюджетдан субсидиялар ажратилади.
Ёшларнинг иқтидори ва салоҳиятини тўғри йўналтиришга қаратилган узлуксиз тизим яратилади.
Келгуси йилда юртимизда 10 та Президент мактаби, кимё-биология, математика, ахборот технологияларига ихтисослашган 197 та мактаб ўз фаолиятини бошлайди.
Иқтидорли ўғил-қизларимизнинг юқори технологиялар ва билимларни чуқур ўзлаштиришига кенг шароит яратиш ҳамда рақобатбардош миллий кадрларнинг янги авлодини тайёрлаш мақсадида Тошкент шаҳрида янги замонавий университет ташкил этамиз. Ушбу олийгоҳда чет элдаги етакчи олимлар ва профессор-ўқитувчилар жалб қилиниб, ёшларга энг замонавий дастурлар асосида таълим-тарбия берилади.
Болаларимизнинг меҳнат кўникмаларини мактаб давридан бошлаб шакллантириб бориш мақсадида “касбга ўргатиш тизими” жорий этилади.
Яна бир масала – педагоглар малакасини ошириш, уларнинг машаққатли меҳнатини рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Маълумки, муаллимлар ҳозирги вақтда ҳар 5 йилда малака оширади. Бундан буён уларнинг “ҳаёт давомида ўқиш” тамойили асосида ўз малакасини узлуксиз ошириб бориши йўлга қўйилади.
Шунингдек, ўқитувчиларнинг ўз фанини билиши, педагогик маҳорати ва психологик тайёргарлигидан келиб чиқиб, тоифа бериш мезонлари ҳам қайта кўриб чиқилади.
Яна бир бор такрорлайман, жамиятда ўқитувчи касби энг нуфузли ва обрўли касб бўлиши лозим. Муаллимларимиз болаларга сифатли таълим бериш ва ўз устида ишлашдан бошқа нарса ҳақида ўйламаслиги учун давлат барча шароитларни яратиб бериши зарур. Шу боис ўқитувчи, мураббий ва методистлар меҳнатига муносиб ҳақ тўлаш бўйича бошлаган ишларимиз келгуси йилда ҳам давом эттирилади. Бунинг учун халқ таълими ходимларини рағбатлантириш ҳудудий жамғармаларига 330 миллиард сўм йўналтирилади.
Шу билан бирга, 240 мингдан зиёд мактаб ўқитувчиларига синф раҳбарлиги учун устама тўловлар 1,5 баробарга оширилиб, бюджетдан 400 миллиард сўм қўшимча маблағ ажратилади.
Учинчидан, олий таълимнинг қамрови ва сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилади.
Кейинги йилдан бошлаб олий таълимга ажратиладиган давлат грантлари сони камида 25 фоизга оширилади.
Олий ўқув юртларига қабул қилишда эҳтиёжманд оилалар қизлари учун грантлар сонини 2 баробарга кўпайтириб, 2 мингтага етказамиз. Аъло баҳоларга ўқиётган, ижтимоий ҳимояга муҳтож қизлар учун махсус стипендиялар жорий этилади.
Ҳозирги вақтда ёшлар энг нуфузли олийгоҳларга кириш учун интилади, лекин олий ўқув юртлари ўртасида билимли ва иқтидорли ёшларни жалб қилиш бўйича рақобат йўқ. Шу сабабли хусусий олийгоҳларга ҳам зарур мутахассисларни тайёрлаш бўйича давлат буюртмаси бериш тизими йўлга қўйилади.
Олийгоҳлар ва таълим тизимининг қуйи бўғинлари ўртасидаги узвийликни кучайтириш мақсадида 65 та академик лицей олий ўқув юртлари тасарруфига ўтказилади. Шунингдек, 187 та техникум ҳам ўз йўналиши бўйича турдош олийгоҳ ва тармоқ корхоналарига бириктирилади.
Нуфузли хорижий университетлар, илмий ва инновацион марказлар билан алоқаларни кучайтириш, улар билан кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорликни янада кенгайтиришимиз зарур.
Шу муносабат билан келгуси йилда “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали етакчи хорижий олий ўқув юртларининг магистратура ва докторантурасида ўқишга юбориладиган ёшлар сони 5 баробарга оширилади. Бу дастур орқали илк бор бакалавр йўналишида чет элларга 100 нафар ўғил-қизларимизни юборамиз. Кейинги йиллардан уларнинг сони 2-3 баробарга кўпайтирилади.
Янги йилда юртимиздаги 30 та етакчи олийгоҳга ўқув дастурларини ишлаб чиқиш, қабул квотаси ва молиявий масалаларни мустақил ҳал қилиш ҳуқуқи берилади.
Тўртинчидан, мамлакат тараққиётининг замини, ҳеч шубҳасиз, илм-фан ва инновациялардир.
Келгуси йилда илм-фан соҳасида олийгоҳлар ва илмий ташкилотлардаги докторантлар сони 4,5 мингтага етказилади ёки 2017 йилга нисбатан 3 баробарга оширилади. Ушбу мақсадлар учун бюджетдан қўшимча 240 миллиард сўм ажратилади.
Илғор халқаро амалиёт асосида доцент ва профессор илмий унвонлари, фалсафа ва фан доктори илмий даражаларини бериш ваколати ўз йўналиши бўйича нуфузли бўлган олийгоҳларнинг илмий кенгашларига ўтказилади.
Жорий йилда илк бор математика, кимё-биология ва геология фанларини таълим ва илмнинг устувор йўналиши сифатида белгилаб, уларни комплекс ривожлантириш чоралари кўрилди. Жумладан, 98 та ихтисослашган мактаблар ҳамда Геология фанлари университети ташкил этилди. Ўқув дастурлари тубдан қайта кўриб чиқилди, ўқитувчиларнинг иш ҳақи оширилди.
Энди кейинги йил учун устувор илм-фан йўналишларини белгилаб олишимиз керак.
Агар тарихга назар ташлайдиган бўлсак, дунёдаги деярли барча кашфиёт ва технологияларни яратишда физика фани фундаментал асос бўлганини кўрамиз. Ҳақиқатан ҳам, физика қонуниятларини чуқур эгалламасдан туриб, машинасозлик, электротехника, IT, сув ва энергияни тежайдиган технологиялар каби бугун замон талаб қилаётган соҳаларда натижага эришиб бўлмайди.
Буюк мутафаккир шоиримиз Мир Алишер Навоий ўз даврида ёшларга мурожаат қилиб, “Қуёшлиқ истасанг, касби камол эт”, деб ёзганлар. Чиндан ҳам, одамларга қуёшдек беминнат нур таратишни, яхшилик қилишни истайдиган инсон, камолотга интилиб, турли илм ва касб-ҳунарларни ўзлаштириши лозим.
Ҳозирги даврда хорижий тилларни мукаммал ўрганмасдан туриб, буюк бобомиз айтган ана шундай марраларга эришиб бўлмайди, десак, адашмаган бўламиз.
Бундай ўткир талабга амал қилиб, келгуси йилда физика ва чет тилларини ўрганишни устувор йўналиш этиб белгилашни таклиф этаман.
Шу мақсадда келгуси йилда таълимнинг барча бўғинларида ушбу фанларни ўқитиш сифатини тубдан ошириш, ихтисослашган мактаблар очиш, малакали педагогларни жалб этиш каби тизимли ишлар амалга оширилади.
Физика бўйича Аҳмад Фарғоний номидаги халқаро фан олимпиадаси ташкил этилади. Шунингдек, физика йўналишида илмий изланишлар кўлами ва сифатини ошириш, ёш олимларга зарур шарт-шароитларни яратиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар амалга оширилади.
Бешинчидан, ёшлар ўртасида бандликни таъминлаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масаласи эътиборимиз марказида бўлади.
Бунинг учун келгуси йилда профессионал таълим тизими меҳнат бозоридаги талаб ва халқаро андозаларга мос янгича ёндашувлар асосида ислоҳ қилинади.
Бундан буён ишчи касблар бўйича талаб қўйишда малака асосий ўринга чиқади.
Шунинг учун Ҳукумат келгуси йил 1 январдан талаб юқори бўлган ишчи касблар бўйича фуқароларнинг малака даражасини тасдиқлаш тизимини жорий этсин.
Хабарингиз бор, Ёшлар форумидаги учрашувимизда ёшлар тадбиркорлиги ва бандлигини таъминлаш учун 100 миллион доллар ажратиш тўғрисида қарор қабул қилдик.
Бундан ташқари, ёшларнинг бизнес лойиҳаларини кредитлаш ҳамда уларни касб-ҳунарга ўқитиш учун 1 триллион сўм ва 50 миллион доллар ажратилади.
Олтинчидан, эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандлари, чин етим, ногиронлиги бўлган ва даволанишга муҳтож болаларга алоҳида меҳр-мурувват кўрсатиш бўйича янги тизим жорий этилади.
Ҳозирги кунда республикамизда алоҳида эътиборга муҳтож 18 ёшгача бўлган 150 минг нафар фарзандларимиз бор. Уларнинг таълим олиши, аниқ бир касбни эгаллаши учун кўмаклашиш, оғир касалликка чалинганларни даволаш, чин етимларга ҳаётда ўз ўрнини топишга ёрдам бериш, уй-жой билан таъминлаш – нафақат вазифамиз, аввало, инсоний бурчимиздир.
2021 йилда биринчи марта бюджетдан 900 нафар чин етим ёшларни уй-жой билан таъминлашга 50 миллиард сўм ажратилади.
Умуман, бундай эзгу ишларни тизимли йўлга қўйиш учун Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фондини ташкил этиб, унга бюджетдан 100 миллиард сўм йўналтирсак, ўйлайманки, сизлар ҳам бу ташаббусни қўллаб-қувватлайсиз. Бу маблағлар йил давомида кўпайтириб борилади.
Бу ташаббус умумхалқ ҳаракатига айланиши, саховатпеша ҳамюртларимиз ушбу хайрли ишга муносиб ҳисса қўшишига ишончим комил.
Олий Мажлис палаталари Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди фаолиятини қонун даражасида мустаҳкамлаб, бу борада фаоллик кўрсатган юртдошларимизни рағбатлантиришни ҳам назарда тутиши мақсадга мувофиқ. Шунингдек, Болалар Омбудсмани тўғрисидаги қонунни қабул қилишнинг ҳам вақти-соати келди.
Умуман, ёшларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича юқорида қайд этилган форумда жуда кўплаб масалалар ечимини келишиб олдик. Шунинг учун бугун улар тўғрисида батафсил тўхталмадим.
Барчамиз учун эндиги вазифа – ушбу ташаббус ва таклифларни тўлиқ амалга оширишдан иборат.
Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари!
2021 йил учун яна бир муҳим йўналиш сифатида белгиланган тиббиёт соҳасида қуйидаги устувор вазифаларга алоҳида эътибор қаратилади.
Биринчидан, келгуси йилда ҳам коронавирус пандемиясига қарши курашни тизимли равишда давом эттириш – энг муҳим вазифаларимиздан бири бўлади.
Бу ишлар учун 2021 йил давлат бюджетида 3 триллион сўм захира шакллантирилди. Ушбу маблағлар ҳисобидан, албатта, аҳолини коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари ҳам амалга оширилади.
Санитария-эпидемиология хизмати сифатини ошириш, унинг моддий-техник базасини яхшилаш ва замонавий лабораториялар ташкил этишга 200 миллион доллар йўналтирилади.
Пандемия сабоқларидан келиб чиққан ҳолда, тиббиёт соҳасини рақамлаштириш кўлами янада кенгайтирилади. Жумладан, барча тиббиёт муассасаларида масофавий хизматларни кўпайтириш, поликлиника ва касалхоналарни электрон иш юритишга ўтказиш чоралари кўрилади. Шунингдек, республика ихтисослашган тиббиёт марказлари ва уларнинг филиаллари ўртасида телемедицина йўлга қўйилиб, диагностика ва даволаш учун жойлардаги имкониятлар янада кенгайтирилади.
Иккинчидан, она ва бола соғлиғига эътибор – жамиятга, келажакка эътибордир.
Шу мақсадда кейинги йилдан бошлаб 15 ёшгача бўлган болалар ва ҳомиладор аёлларга 7 турдаги витаминлар, болалар учун паразитар касалликларга қарши дори воситалари бепул тарқатилади. Бу жараён билан 2021 йилда – 11 миллион нафар, 2022 йилда – 17 миллион нафар аҳоли қамраб олинади ва бу ишларга 100 миллиард сўм маблағ йўналтирилади.
Аёллар ва болаларни йод, темир, фолий кислотаси, витаминлар ва паразитларга қарши дорилар билан бепул таъминлаш орқали аҳоли ўртасида камқонлик 25 фоизга камайтирилади.
Учинчидан, тиббиётнинг бирламчи бўғинини кучайтириш, айниқса, қишлоқ ва маҳаллаларда тиббий хизматни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш зарур.
Бу борада бирламчи бўғинда умумий амалиёт шифокори ўрнига оилавий шифокор ва унга ёрдамчи сифатида 5 нафар ўрта тиббиёт ходимидан иборат “тиббий бригадалар” ташкил этилади.
Ҳар бир маҳаллада, энг аввало, 5 ёшгача болалар, шунингдек, туғиш ёшидаги ва ҳомиладор аёллар, ногиронлиги бўлганлар, қон-томир, онкологик, эндокрин каби касалликларга мойиллиги бўлган фуқаролар билан ишлашнинг алоҳида тизими жорий этилади.
Шу билан бирга, давлат томонидан бепул тиббий хизматлар ва дори воситалари рўйхати қайта шакллантирилиб, улар билан аҳолини кафолатли таъминлаш тизими босқичма-босқич йўлга қўйилади.
Шунингдек, тиббий хизматлар кўрсатишда бирламчи бўғин қамровини кенгайтириш мақсадида келгуси 3 йилда 315 та “оилавий шифокор” пункти ва 85 та оилавий поликлиника ишга туширилади.
Бундан ташқари, “қишлоқ шифокори” дастури доирасида олис ҳудудларда иш бошлайдиган мингдан ортиқ врачга 30 миллион сўмдан ёрдам пули берилади ҳамда улар хизмат уйлари билан таъминланади.
Олис ва чекка ҳудудларда бирламчи ва ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш ва эҳтиёжманд аҳоли учун скрининг тадбирларига хусусий шифохоналар ҳам жалб этилиб, уларга субсидия ажратилади.
Ўрта бўғин тиббиёт ходимлари – ҳамшира ва фельдшерларнинг обрўси ва мавқеини оширишга алоҳида урғу берамиз. Жумладан, 47 та Ибн Сино номидаги техникумларни ҳар йили битирадиган 20 мингдан ортиқ ўғил-қизларимиз тиббиётнинг бир нечта соҳаларида касб эгаси бўлиб чиқади. Шунингдек, ўрта бўғин тиббиёт ходимларига “ҳамширалик иши” билан мустақил шуғулланиш учун рухсат берилади.
Тўртинчидан, ҳозирги кунда 12 мингдан зиёд фуқароларимиз оқ қон ва оғир ирсий гематологик касалликдан азият чекмоқда.
Шу сабабли келгуси йилда онко-гематология соҳаси ҳамда даволаш қийин бўлган касалликлар бўйича мураккаб диагностика ва тиббий амалиётлар учун бюджетдан 250 миллиард сўм ажратилади.
Ўткир буйрак етишмовчилиги бўлган 5 мингдан ортиқ бемор эса илк бор бепул гемодиализ хизмати билан қамраб олинади ва шу мақсадлар учун бюджетдан 140 миллиард сўм йўналтирилади.
Шунингдек, эндокрин касалликларни аниқлаш ва даволаш мақсадида ҳудудий шифохоналарда махсус бўлимлар ташкил этилади. Бунинг учун 2021 йилда бюджетдан 150 миллиард сўм ажратилади.
Яна бир масала – аҳолимизнинг катта қисмини қийнайдиган ўткир қон-томир касалликлари бўйича 35 та туманлараро марказ ташкил этамиз. Ушбу марказлар аҳолига инфаркт ва инсульт ҳолатларида тезкор ва малакали тиббий ёрдам кўрсатиш орқали ўлим ва ногиронликни камайтиришга хизмат қилади. Шу тариқа ҳар йили камида 30 минг нафар инсоннинг ҳаёти сақлаб қолинади.
Бешинчидан, жисмоний тарбия ва спортни янада оммалаштириш – аҳоли саломатлигини таъминлашда муҳим омилдир.
Келгуси йилда 70 та жисмоний тарбия ва спорт муассасаси, 16 мингта боғча ва мактабларни спорт жиҳозлари билан таъминлашга 100 миллиард сўм ажратилади. Шунингдек, барча туман марказлари ва шаҳарларда махсус пиёдалар ва велосипед йўлаклари барпо этилади.
Аҳолини оммавий спорт турларига кенг жалб қилиш орқали 2021 йилда қамров ҳозирги 19 фоиздан 25 фоизга етказилади.
Спорт ҳақида гапирганда, яна бир муҳим вазифа олдимизда турганини таъкидлаб ўтмоқчиман.
Яқинда Осиё олимпия кенгаши 2025 йилда Ёшлар ўртасида Осиё ўйинларини Тошкент шаҳрида ўтказиш бўйича қарор қабул қилди. Бу мамлакатимизга кўрсатилган катта ишонч, десак, тўғри бўлади. Айни вақтда бунинг масъулияти ҳам катта эканини, ўйлайманки, барчамиз яхши тушунамиз. Қитъамиз миқёсидаги ушбу мусобақага ҳозирдан бошлаб пухта тайёргарлик кўришимиз лозим.
Олтинчидан, халқимизнинг маданий-маърифий ҳаётини юксалтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.
Бунда маданият ва санъат муассасалари фаолиятини жонлантириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга бюджетдан 420 миллиард сўм йўналтирилади. Жумладан, ҳудудларда 22 та театр ва маданият объекти қурилади ва реконструкция қилинади.
Тошкент шаҳрининг марказида Миллий академик драма театри, машҳур япон архитектори Тадао Андо лойиҳаси асосида янги санъат музейи, замонавий кутубхона ҳамда Алишер Навоий номидаги халқаро ижод мактабидан иборат маданият ва маърифат мажмуасини барпо этиш бўйича амалий ишлар бошланади. Мустақиллигимизнинг 30 йиллигига бағишлаб пойтахтимиз марказида “Истиқлол” мажмуаси қад ростлайди.
Илгари кўп йиллар давомида ўтказиб келинган Тошкент халқаро кинофестивали “Ипак йўли дурдонаси” – Тошкент халқаро кинофестивали номи билан қайта ташкил этилади.
Шу ўринда яна бир муҳим масалага алоҳида тўхталиб ўтмоқчиман. Бой тарихимиз дурдонаси бўлган маданий меросимизни асраб-авайлаб, келажак авлодлар учун безавол етказишимиз зарур. Ҳозирги вақтда уларнинг сони 7 мингдан зиёдни ташкил этади.
Афсуски, кейинги пайтларда бебаҳо маданий меросимиз бўлган айрим обидаларимизга зарар етказиш ҳолатлари учраётгани бу борада эътибор сусайганидан далолат беради. Бу иш нафақат Маданият вазирлиги, балки маҳаллий ҳокимликлар, маҳалла, оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчиликнинг ҳам диққат марказида бўлиши керак.
Ҳукумат бир ой муддатда маданий мерос объектларининг ҳисобини юритиш, сақлаш ва ҳимоясини таъминлаш бўйича алоҳида дастур қабул қилиши лозим.
Қадрли халқ вакиллари!
Янги йилда иқтисодий ислоҳотларнинг пировард мақсади камбағалликни қисқартириш ва аҳоли фаровонлигини оширишдан иборат бўлади. Ушбу стратегик мақсадларга ҳамма учун тенг имконият яратадиган юқори иқтисодий ўсиш ҳисобига эришилади.
Сўнгги 4 йилда иқтисодиётимизнинг барча жабҳаларига бозор механизмларини жорий этиш борасида жиддий қадамлар ташланди. Эндиги вазифа – чуқур таркибий ислоҳотлар орқали узоқ муддатли барқарор ўсишнинг пойдеворини яратишдан иборат. Шуларни инобатга олиб, кейинги йилда қуйидаги йўналишларда кенг қамровли ишларни амалга оширамиз.
Биринчидан, камбағалликни қисқартириш борасида комплекс ёндашув ва ностандарт усулларни жорий этамиз.
Бир ҳақиқатни аниқ тушуниб олишимиз керак – камбағаллик масаласи кредит, ижтимоий нафақа ёки уй бериш билан ўз-ўзидан ҳал бўлиб қолмайди. Бунинг учун таълим, соғлиқни сақлаш, касб-ҳунарга ўқитиш, ичимлик сув, энергия ва йўл инфратузилмаси билан боғлиқ комплекс муаммоларни ҳал этиб бориш керак.
Нима учун биз “темир дафтар”ни жорий этдик? Бундан мақсад – эҳтиёжманд аҳолини тўғри аниқлаш ва шу асосда, улар билан манзилли ишлашни ташкил этишдир.
Келгуси йилдан тўлиқ ишга тушадиган “Ижтимоий реестр”да “темир дафтар”даги барча маълумотлар қамраб олиниб, эҳтиёжманд оилаларга 30 дан зиёд ижтимоий хизматлар электрон шаклда кўрсатилади.
Биринчи навбатда, камбағал аҳолининг асосий эҳтиёжларини кафолатли таъминлашимиз лозим. Бу масалада халқаро экспертлар билан чуқур таҳлил асосидаги ҳисоб-китоблар якунига етказилмоқда. Келгуси йил 1 мартдан бошлаб аҳолининг минимал истеъмол харажатлари миқдориэълон қилинади.
Ҳукумат икки ой муддатда ижтимоий кафолатларни бир тизимга келтириб, уларни минимал меъёрлар даражасида босқичма-босқич таъминлаш бўйича дастур ишлаб чиқсин.
“Темир дафтар”га киритилган ҳар бир фуқарони камбағалликдан чиқариш бўйича “мотивация, кўникма ва молиявий кўмак” тамойили асосида янги механизм жорий этилади.
Камбағалликдан чиқиб кетиш учун энг муҳим омил – бу инсоннинг интилиши, ўз кучига таянган ҳолда, аниқ мақсад сари ҳаракати бўлиши керак. Шу мақсадда келгуси йили маҳаллаларда аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш бўйича мингдан зиёд марказлар ташкил этилади. Бунда касб-ҳунарга ўқитилган ҳар бир шахс учун ўқув марказларига 1 миллион сўмгача субсидия берилиб, бунинг учун бюджетдан 100 миллиард сўм ажратилади. Ўқув курсларини тамомлаб, ўз бизнесини бошламоқчи бўлган фуқароларга асбоб-ускуна харид қилиш учун 7 миллион сўмгача субсидиялар берилади.
Шунингдек, ҳар бир туманнинг имконияти ва ривожланиш йўналишидан келиб чиқиб, деҳқончилик билан шуғулланадиган оилаларга 10 сотихдан 1 гектаргача ер майдонлари ажратилади.
Эҳтиёжманд аҳоли бандлигини таъминлашга Бандликка кўмаклашиш ҳамда Жамоат ишлари жамғармаларидан 500 миллиард сўм йўналтирилади.
Пандемия шароитида ўз ишини йўқотган аҳолини камбағалликка тушиб қолишига йўл қўймаслигимиз керак. Шунинг учун келгуси йилдан бошлаб янгича тизим жорий этилади. Унга кўра, вақтинча ишсизлик нафақаси 3 баробар оширилади ва бунда 6 та ҳужжат талаб этиладиган эски бюрократик тартиб бекор қилинади.
Камбағалликни қисқартириш борасида ҳудудлардаги ҳақиқий ҳолатга баҳо бериш, амалга оширилаётган ишлар ижросини назорат қилиш Олий Мажлис палаталари ва маҳаллий Кенгашларнинг диққат марказида бўлиши лозим.
Ҳар бир туман ва шаҳар ҳокими бир ой муддатда ўз ҳудудида камбағалликни қисқартириш бўйича манзилли дастур ишлаб чиқиб, унинг ижроси бўйича ҳар чоракда маҳаллий Кенгашларда ҳамда оммавий ахборот воситалари орқали халққа ҳисобот бериб бориши зарур. Бу масала барча раҳбарларнинг биринчи даражали вазифаси ва иш самарасини баҳолайдиган асосий мезонга айланиши керак.
Иккинчидан, иқтисодиётда таркибий ўзгаришларни амалга оширишда давлат компанияларини трансформация қилишни жадаллаштириш керак.
Ҳозирги вақтда давлат иштирокидаги корхоналарнинг аксарияти молиявий барқарор бўлмагани учун давлатга оғир юк бўлиб қолмоқда. Шунинг учун жорий йилдан барча давлат корхоналарини ислоҳ қилиш дастури амалга оширилмоқда. Жумладан, келгуси йилда Навоий кон-металлургия комбинати, “Ўзбекнефтгаз”, “Ўзбекгидроэнерго”, “Ўзавтосаноат” акциядорлик жамиятлари халқаро молия бозорига чиқиб, давлат кафолатисиз маблағ жалб қилиш имкониятига эга бўлади.
Тан олиш керак, мутахассисларнинг билим ва малакаси, йирик корхоналарнинг техник имкониятлари, уларни мустақил трансформация қилиш учун етарли эмас. Шунинг учун электр энергетикаси, нефть-газ ва кимё саноати, машинасозликдаги йирик корхоналар ҳамда тижорат банкларини ислоҳ қилишга Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки ҳамда “МакКинзи”, “Бостон консалтинг Групп”, “Ротшильд” каби халқаро тан олинган компаниялар жалб этилди.
2021 йилда стратегик аҳамиятга эга бўлган 32 та йирик корхона ва тармоқни трансформация қилиш ишлари амалга оширилади. Банклар фаолиятига рақамли технологияларни кенг жорий этиш эътиборимиз марказида бўлади.
2021 йилда “Саноатқурилишбанк”, “Асака банк”, “Ипотека банк”, “Алоқа банк”, “Турон банк” ҳамда “Қишлоқ қурилиш банк”ни хусусийлаштиришга тайёрлаймиз. Камида битта йирик банкдаги давлат улуши стратегик инвесторларга тўлиқ сотилади. Бу борада етакчи Европа банклари билан музокаралар олиб борилмоқда.
Таркибий ислоҳотларнинг яна бир йўналиши бу – давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини камайтиришдир.
Биз давлат активларини очиқ-ошкора ва самарали сотиш учун, халқаро молиявий ва ҳуқуқий маслаҳатчиларни жалб этган ҳолда, қатор корхоналарни хусусийлаштиришга оид кенг қамровли ишларни бошладик.
Келгуси йилда “Фарғона азот” ва “Деҳқонобод калий” заводлари, “Кока-кола ичимлиги” корхонаси, “Билдирсой” ва “Чорвоқ” оромгоҳлари, “Ичан қалъа” ва “Ҳайат Реженси” меҳмонхоналари, “Пойтахт” бизнес мажмуаси, алкоголь, ёғ-мой каби тармоқлардаги 83 та йирик корхонадаги давлат улуши сотувга қўйилади.
Умуман олганда, давлат улуши бўлган корхоналар сони, келгуси икки йилда камида 3 баробар қисқартирилади.
Учинчидан, товар ва молия бозорларида эркин рақобат муҳитини шакллантириш ҳамда тадбиркорларга хомашё сотиб олиш учун тенг имкониятлар яратиш зарур.
Ҳозирги кунда электр энергияси, газ, қимматбаҳо металлар, минерал ўғитлар, транспорт хизматлари каби йўналишларда монопол бозорлар мавжуд бўлиб, уларда кўплаб муаммолар сақланиб қолмоқда.
Шу ўринда бир масалага алоҳида тўхталиб ўтмоқчиман. Иқтисодий фаоллик ва аҳоли даромадлари ўсгани сайин, энергия ресурсларига бўлган талаб ортиб боради. Шунинг учун нефть-газ ва энергетика соҳаларидаги ислоҳотларни ва бошланган йирик лойиҳаларни якунига етказишимиз лозим. Жумладан, 2021 йилда давлат ва хусусий электр станциялари ҳамда истеъмолчилар ўртасида электр энергияси улгуржи бозорини шакллантириш бошланади.
Шунингдек, табиий газ таъминотида монополияни бекор қилиб, бозор механизмларини жорий этамиз. Бунда ишлаб чиқарувчи ва импортёрларга биржа орқали табиий газни сотиш, улгуржи истеъмолчилар эса газни сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлади. “Ўзтрансгаз” компанияси эса фақат газни транспортировка қилади.
Суюлтирилган газ бозорида хусусий сектор иштирокини кенгайтириш мақсадида унинг импортига ўрнатилган божлар бекор қилинади.
Заргарлик соҳасида ҳам тадбиркорларга хомашё сотиб олиш учун кенг имкониятлар яратилади. Бунда келгуси йил 1 мартдан бошлаб, кумушни биржа орқали ишлаб чиқарувчиларга эркин сотиш тартиби ўрнатилади.
Автомобиль саноатида соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш ва корхоналарга тенг шароитлар яратиш орқали соҳада ишлаб чиқарувчилар сони кўпайтирилади.
2021 йилдан бошлаб озиқ-овқат, нефть ва электротехника каби тармоқларда 73 та акциз солиғи бекор қилинади.
Яна бир масала – ҳозирги кунда давлат харидларида атиги 4 фоиз тадбиркор қатнашмоқда.
Келгуси йилда 24 та йирик давлат корхонасига давлат хариди бўйича очиқ-ошкора талаблар жорий этилади. Натижада маҳаллий тадбиркорларимиз ҳар йили камида 10 триллион сўмлик маҳсулотларини ушбу корхоналарга сотиш имкониятига эга бўлади.
Бундан буён барча давлат харидлари жамоатчилик ва парламент назоратида бўлади.
Тўртинчидан, иқтисодий ўсишга, аввало, рақобатдош саноат занжирларини яратиш ҳамда бундай лойиҳаларга инвестицияларни кўпайтириш орқали эришилади.
Гарвард университети тадқиқотларига кўра, мамлакатимиз 50 дан ортиқ саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришда барча имкониятлар ва нисбий устунликларга эга. Айниқса, нефтгаз-кимё, металлургия, машинасозлик, электротехника, фармацевтика, қурилиш материаллари, тўқимачилик, чарм-пойабзал, озиқ-овқат ҳамда “яшил иқтисодиёт” билан боғлиқ саноат тармоқлари иқтисодиётимиз “драйверлари”га айланиши учун барча етарли шароитлар мавжуд.
Бу тармоқларда хусусий секторнинг ташаббуслари ва янги лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ҳамда кооперацияни ривожлантириш бўйича барча чоралар кўрилиши лозим.
Ҳозирги кунда Ғозғондаги декоратив тошлар, Намангандаги тайёр кийим-бош, Тошкент шаҳри Яшнобод туманидаги “Технопарк” каби саноат кластерлари ўз самарасини кўрсатиб, шу тизим афзалликларини намоён этмоқда.
Ҳукумат келгуси йил 1 апрелгача истиқболли саноат кластерлари рўйхатини аниқлаб, уларни жадал ривожлантириш учун алоҳида дастур ишлаб чиқсин.
Шунингдек, “божхона ҳудудида қайта ишлаш режими”да саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш зарур.
Шу билан бирга, инвестиция сиёсатини юритишда давлат иштирокини пасайтириб, хусусий ва тўғридан-тўғри инвестициялар улушини ошириш керак.
Геология соҳасида жорий йилда 21 та кон ва истиқболли майдонлар очиқ аукцион орқали инвесторларга сотилди. 2021 йилда яна 50 та кон ва истиқболли майдонлар маҳаллий ва чет эллик инвесторларга очиқ механизмлар асосида сотилади. Бундай ишларни бошқа йўналишларда ҳам давом эттиришимиз керак.
Умуман олганда, келгуси йилда 23 миллиард доллар қийматидаги инвестицияларни ўзлаштириш зарур. Натижада 226 та йирик саноат ва инфратузилма объектлари ишга туширилади.
Навоий кон-металлургия комбинатида 2 та йирик металлургия заводи, Олмалиқ кон-металлургия комбинатида техноген рудани қайта ишлаш заводи, шунингдек, республикамиз бўйича тўқимачилик, қурилиш материаллари, чарм-пойабзал, озиқ-овқат ва фармацевтика тармоқларида юзлаб янги ишлаб чиқариш қувватлари барпо этилади.
Биргина Тошкентдаги “Яшнобод” технопаркида яна 11 та замонавий электротехника корхонаси ишга туширилиб, у ердаги жами корхоналар сони 17 тага ва ишловчилар сони 11 мингтага етказилади.
Тошкент, Навоий, Самарқанд, Сурхондарё вилоятларида жами қуввати 760 мегаватт бўлган янги электр станциялари ишга туширилади.
Қашқадарё вилоятида қиймати 3 миллиард 600 миллион доллар бўлган, йилига 1,5 миллион тонна керосин, дизель ёқилғиси ва суюлтирилган газ ишлаб чиқарадиган мажмуа тўлиқ маҳсулот беришни бошлайди.
Бешинчидан, макроиқтисодий барқарорлик – иқтисодий ислоҳотларнинг мустаҳкам пойдеворидир.
Шунинг учун келгуси йилда инфляциявий таргетлаш доирасида нарх-наво ўсишини 10 фоиздан оширмаслик Марказий банк ва Ҳукуматнинг асосий вазифаси бўлади. Бу борада глобал пандемия озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга жиддий эътибор қаратиш зарурлигини яна бир бор тасдиқлади. Шу боисдан ҳам асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг кескин ошиб кетишига йўл қўймаслик мақсадида импорт соҳасидаги бож тўловлари бўйича берилган имтиёзлар яна бир йилга узайтирилади.
Умуман, халқимиз хотиржам бўлиши керак: сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, бу борада кафолатланган захирани яратиш ва уларни бозорга узлуксиз етказиб бериш ҳамда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш ишларига устувор даражада эътибор қаратилади. Бунинг учун Ҳукумат ва ҳокимликлар томонидан барча чоралар кўрилади ҳамда бу масала Президентнинг доимий назоратида бўлади.
Шунингдек, 2021 йилда иқтисодиётни камида 5 фоизга ўсишини, бюджет дефицити ялпи ички маҳсулотга нисбатан 5,4 фоиздан ошмаслигини таъминлашимиз зарур. Келгуси 2 йилда эса бюджет дефицитини 2 фоиздан оширмаслик бўйича Ҳукумат зарур чора-тадбирларни белгилаши лозим.
Мана, валюта бозори эркинлашганига ҳам 3 йилдан ошди. Шу даврда эркин валюта айирбошлаш бўйича юртимизда етарли тажриба тўпланди. Энди иқтисодиётимизнинг хорижий валютага боғлиқлик даражасини босқичма-босқич камайтириш керак. Шу мақсадда келгуси йилда валюта кредитлари улушини ҳозирги 50 фоиздан 45 фоизга, яъни камида 2 миллиард долларга пасайтириш лозим.
Янги йилда миллий валютада чиқариладиган халқаро облигациялар улушини ҳозирги 25 фоиздан камида 40 фоизга ошириш зарур.
Шу билан бирга, келаси йили банклараро валюта бозори “онлайн” платформага ўтказилади ва тадбиркорларга валютани бевосита банкнинг ўзидан сотиб олиш учун имконият яратилади. Натижада тадбиркорлар валютани ҳозиргидек 4 кунда эмас, ярим соатда сотиб олиши мумкин бўлади.
Яна бир масала – ҳозирги кунда Ўзбекистоннинг давлат ташқи қарзи Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси мезонларига кўра хавфсиз ҳисобланади. Айни вақтда ташқи қарз ҳисобидан ҳудудларда амалга ошириладиган лойиҳалар бундан буён маҳаллий Кенгашлар ва жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилади. Уларнинг натижалари тўғрисида жамоатчиликка ҳисобот бериш тизими йўлга қўйилади.
Шунингдек, давлат номидан ташқи қарз олиш камайтирилиб, инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларига кўпроқ хусусий капитал жалб этилади. Масалан, кейинги йилда давлат-хусусий шериклик асосида 40 дан ортиқ йирик ва ўрта лойиҳаларни амалга ошириш бошланади.
Марказий банк молия бозорида рақобатни ошириш мақсадида 1 февралга қадар банк бўлмаган кредит ташкилотлари тўғрисида қонун лойиҳасини киритсин.
Шунингдек, мамлакатимизда ислом молиявий хизматларини жорий этиш бўйича ҳуқуқий базани яратиш вақти-соати келди. Бунга Ислом тараққиёт банки ва бошқа халқаро молия ташкилотлари экспертлари жалб этилади.
Олтинчидан, тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш бўйича янада қулай шароитлар яратилади.
Бир нарсани алоҳида таъкидлаш керак, пандемия даврида иқтисодиётнинг барқарор ишлаши учун тадбиркорлар давлат билан теппа-тенг ҳисса қўшдилар. Шунинг учун барчамиз тадбиркорларга елкадош бўлиб, уларни доимо қўллаб-қувватлашимиз шарт. Бу борада ишбилармонларнинг ҳақ-ҳуқуқларини, айниқса, хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш – барча даражадаги давлат органларининг асосий вазифаси бўлиши лозим.
Шу билан бирга, айрим жойларда давлат органлари тизимидаги раҳбар ва мутасаддилар томонидан тадбиркорларнинг мулкка доир ҳуқуқларини бузиш ҳолатлари давом этмоқда. Бундай мансабдорларни маъмурий жавобгарликка тортиш бўйича Бизнес-омбудсманга ваколат беришни таклиф этаман.
Келгуси йилда “Солиқчи – кўмакчи” тамойили асосида тадбиркорлар учун уларнинг бизнес ҳамкорининг солиқ қарздорлиги ҳақидаги маълумотларни олиш имконияти яратилади.
Тадбиркорларга янада қулайлик яратиш мақсадида 105 та лицензия ва рухсатнома турлари бекор қилинади, 115 таси бўйича эса тартиб-қоидалар соддалаштирилади.
Пандемия шароитида айланма маблағ танқислигига дуч келган тадбиркорларимиз оёққа туриб олишлари учун уларга кўмак беришни давом эттирамиз.
Туризм, транспорт ва умумий овқатланиш соҳаларига берилган имтиёзлар келгуси йил якунигача узайтирилади. Шунингдек, 20 мингта тадбиркорнинг 400 миллиард сўмлик ер ва мол-мулк солиғини тўлаш муддатини яна бир йилга узайтиришни таклиф этаман.
Бундан ташқари, 1 миллиард сўмгача давлат харидлари доирасида аванс миқдори 30 фоизга етказилади.
Умуман, тадбиркорликни молиявий қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни давом эттириш мақсадида оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида келгуси йилда 6 триллион сўм имтиёзли кредитлар ажратилади. Шунингдек, Ҳукумат томонидан Жаҳон банки билан биргаликда бошланган қишлоқларда тадбиркорликни ривожлантириш дастурини кенгайтириш учун қўшимча 100 миллион доллар йўналтирилади.
Тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ 5 мингга яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қайта кўриб чиқилиб, уларнинг сони қисқартирилади ҳамда Тадбиркорлик кодекси ишлаб чиқилади.
Хабарингиз бор, бундан 4 йил олдин тадбиркорлик субъектларида текширишлар ўтказишга мораторий эълон қилган эдик. Бунинг натижасида ўтган даврда тадбиркорлар сони 2 баробар кўпайиб, 400 мингтага етди. Шунинг учун мораторий муддатини яна бир йилга узайтиришни таклиф этаман.
Шу билан бирга, Ҳукумат томонидан бозорда тенг рақобат муҳитини яратиш ва ҳалол-пок тадбиркорларни – такрор айтаман – замонавий технологиялар асосида ишлаётган виждонли тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида “яширин иқтисодиёт”ни қисқартиришга қаратилган механизмлар жорий этилади.
Еттинчидан, камбағалликни қисқартириш ва қишлоқ аҳолиси даромадларини кўпайтиришда энг тез натижа берадиган омил бу – қишлоқ хўжалигида ҳосилдорлик ва самарадорликни кескин оширишдир.
Бунда ҳар гектар ердан олинадиган даромадни ҳозирги ўртача 2 минг доллардан камида 5 минг долларгача етказиш устувор вазифа қилиб қўйилади. Бунинг учун қишлоқ хўжалигига энг илғор технологиялар, сувни тежайдиган ва биотехнологияларни, уруғчилик, илм-фан ва инновациялар соҳасидаги ютуқларни кенг жорий этишимиз лозим.
Аввало, фермер ва деҳқонларнинг ердан манфаатдорлигини ошириш керак. Манфаатдорлик ва адолат бўлган жойда, албатта, ўзгариш ва ўсиш бўлади. Бу борада ердан фойдаланиш ҳуқуқларини кафолатлаш ва ерларни бозор активларига айлантириш масаласини кўриб чиқиш вақти келди.
Шунинг учун Ҳукумат икки ой муддатда ердан фойдаланиш ҳуқуқини мустаҳкамлаш, унинг иқтисодий қийматини белгилаш ва молиявий оборотга киритиш механизмларини жорий қилиш бўйича таклиф киритсин.
Келгуси йили барча вилоятларда Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар марказлари ташкил этилиб, уларда “ягона дарча” тамойили асосида 100 дан ортиқ агрохизматлар кўрсатиш йўлга қўйилади. Бу марказлар орқали ернинг сифатини яхшилаш, касалликларга қарши курашиш, уруғликларни танлаш билан боғлиқ муҳим хизматлар кўрсатилади.
Қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, рақамлаштириш, ернинг унумдорлигини ошириш, замонавий агротехнологияларни жорий этишга илк бор 600 миллион доллардан зиёд кредит ва грант маблағлари жалб қилинади.
Сувни тежайдиган технологиялар жорий этиладиган ер майдонлари 5 баробарга кўпайтирилиб, 430 минг гектарга етказилади, 90 минг гектар янги ерлар ўзлаштирилади.
Саккизинчидан, барча вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари биринчи марта 2020 йил бошида ўз зиммасига олган мажбурият ва режалари ижроси ҳақида маҳаллий Кенгашлар олдида ҳисобот берди.
Бугунги кунда ишимиздаги энг катта камчилик – билим етишмаслиги, афсуски, барча соҳаларда сезилмоқда.
Ҳолбуки, бирорта ҳудудни ҳам, тармоқни ҳам замонавий илм ва билимларсиз ривожлантириб бўлмайди. Тараққий этган мамлакатларда ялпи ички маҳсулотнинг 50 фоизидан ортиғи “билимлар иқтисодиёти” ҳисобидан, яъни инновациялар ва юқори малакали кадрлар томонидан яратилаётгани буни яққол исботламоқда.
Бундан буён ҳар бир қишлоқ ёки маҳалла ўз йўналиши ва “ўсиш нуқталари”дан келиб чиқиб ривожлантирилади. Бунинг учун келгуси йилда 3 триллион сўмлик маблағга эга бўладиган ҳудудлар инфратузилмасини ривожлантириш жамғармасини тузишни таклиф этаман. Жамғарма маблағлари маҳаллий Кенгашлар таклифларига асосан инфратузилма лойиҳаларини қўшма молиялаштиришга йўналтирилади.
Шунингдек, 84 та туман ва шаҳарда саноат салоҳиятини янада ошириш учун 100 та технопарк, кичик саноат зоналари, ҳудудий кластер ва логистика марказлари ташкил этилади.
Келгуси йилда эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарини зарур инфратузилмалар билан таъминлаш учун 1,6 триллион сўм йўналтирилади.
Ҳукумат ҳудудларда 130 минг километр узунликдаги паст кучланишли электр тармоқлари ва 40 мингдан ортиқ трансформаторни босқичма-босқич янгилаш дастурини келгуси йил 1 апрелга қадар тасдиқлаши зарур. Шунингдек, 5 мингдан ортиқ таъмирталаб кўприкни тиклаш бўйича дастур қабул қилинади. Бу ишларга 2021 йилда 400 миллиард сўм маблағ йўналтирилади.
Яна бир муҳим масала – сўнгги 3 йилда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 5 миллионга яқин аҳоли яшайдиган 1 минг 200 та маҳалла ва қишлоқлар қиёфаси тубдан ўзгарди. Лекин пандемия туфайли ушбу йўналишдаги ишларимизни вақтинча тўхтатишга мажбур бўлган эдик.
Ҳукумат бир ой муддатда 2021 йил учун “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини ишлаб чиқиб, тасдиқласин. Ушбу дастурларни республика ва маҳаллий бюджетлар томонидан тенг улушларда молиялаштиришни назарда тутсин.
Халқаро молия институтлари ҳам мазкур дастурда иштирок этиш учун 270 миллион доллар йўналтиришга тайёр эканини билдирди.
Ҳудудларнинг ривожланиши учун муҳим омиллардан бири бу – уларнинг ўртасида транспорт алоқасини таъминлашдир. Қисқа қилиб айтганда, барча аҳоли пунктларидан пойтахтимизга, энг йирик шаҳарлар ва туристик марказларга тезда келиб-кетиш имкониятини берадиган, ўзаро боғланган транспорт тармоғини яратишимиз лозим.
Шу мақсадда Ҳукуматга кейинги йил 1 мартдан бошлаб ички туризм йўналишларидаги авиақатновларни йўлга қўйиш ва авиачипта нархининг бир қисмини бюджетдан қоплаб бериш тизимини жорий этиш вазифаси юкланади.
Шунингдек, бир қатор ҳудудий аэропортлар давлат-хусусий шериклик асосида ташқи бошқарувга берилади.
Кейинги йилда 2 та тезюрар поезд ҳаракати йўлга қўйилади, Буxоро – Урганч – Xива темир йўлини электрлаштириш бошланади.
Аҳоли пунктлари ўртасидаги, айниқса, қишлоқларни туманлар марказлари билан боғлайдиган узлуксиз автобус қатновлари хусусий секторни жалб қилиш орқали кўпайтирилади.
Тошкент шаҳрида ер усти метросининг 12 километрлик иккинчи босқичи фойдаланишга топширилади. Шу тариқа ер ости ва ер усти метро линиялари яхлит тизим сифатида бир-бирига уланади.
Туризмни ривожлантириш бўйича 2021 йилда ҳам изчил ислоҳотларни давом эттирамиз. Айниқса, зиёрат туризми ва ички туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор берилади. Шунингдек, туризм объектлари атрофидаги ер майдонлари, сув ва йўл инфратузилмаларини яхшилаш учун бюджетдан 1 триллион сўм ажратилади.
Тўққизинчидан, келгуси йил аҳолининг ижтимоий ҳимояси янада кучайтирилади.
Ногиронликни белгилашнинг жаҳон андозаларига мос “ижтимоий модели”га босқичма-босқич ўтилади.
Муҳтож аҳолини протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация воситалари билан таъминлаш бўйича янги тизим жорий этилади. Бу имкониятдан қарийб 50 минг нафар юртдошимиз фойдаланиши мумкин бўлади.
Эҳтиёжманд оилаларни уй-жой билан таъминлаш бўйича олиб бораётган ишларимиз кўлами янада кенгайтирилади. Бунда 27 мингта ёки бу йилга нисбатан 2,5 баробар кўп оиланинг ипотека кредити бўйича дастлабки бадалларини тўлаш ва кредит фоизларини субсидиялаш учун 2,4 триллион сўм йўналтирилади.
Ўнинчидан, янги экспорт бозорларига чиқиш Ҳукуматнинг энг асосий вазифаларидан бири бўлиб қолади.
Келгуси йилда Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик масаласи ҳамда Европа Иттифоқи билан кенг қамровли ҳамкорлик бўйича ишларни фаоллаштириш лозим.
“GSP+” тизими доирасидаги имтиёзларни мамлакатимизда самарали қўллаш учун алоҳида дастур ишлаб чиқиш керак.
Ўзбекистон яқинда Евроосиё иқтисодий иттифоқида кузатувчи мақомини олди. Ушбу ташкилотга аъзо бўлган давлатлар бозорларида тўлақонли иштирок этиш учун миллий техник тартибга солиш меъёрларини уларнинг талабларига мослаштириш бўйича ишларни жадаллаштириш зарур.
Келгуси йилда корхоналарга хомашё сотиб олиш ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармасидан 100 миллион доллар ажратилади.
Экспорт қилувчиларга чет элда савдо уйлари ва дўконлар очиш ҳамда реклама харажатларининг 50 фоизи қоплаб берилади.
Умуман, Ҳукуматга келгуси йилда товар ва хизматлар экспортини камида 20 фоизга ошириш вазифаси топширилади.
Ҳурматли парламент аъзолари!
Ислоҳотларимиз халқимизнинг кундалик ҳаётида ўз ифодасини топиши, кутган натижаларимизга эришиш кўп жиҳатдан давлат бошқарувидаги самарадорликка бевосита боғлиқ. Шу мақсадда келгуси йилда қуйидаги вазифаларни амалга ошириш лозим.
Биринчидан, давлат бошқаруви идоралари фаолиятини тубдан такомиллаштириш талаб қилинади.
Кўпгина вазирлик ва идоралар фаолиятида қарор қабул қилиш ҳаддан ташқари марказлашган. Уларнинг вазифалари аниқ ва тўлиқ белгиланмагани сабабли фаолиятларида бир-бирини такрорлаш ҳолатлари мавжуд. Сабаби – кўпчилик вазир ўринбосарлари, ўрта бўғин раҳбарлари масалани ҳал қилиш учун ташаббус кўрсата олмайди.
Бунинг сабаби нимада? Уларнинг ё билими, малакаси йўқ, ё қатъияти етмайди, ёки коррупцияга берилган.
Афсуски, бундай раҳбарлар аҳоли кутаётган ҳаётий муаммоларни ҳал қилиш ўрнига кераксиз қоғозбозлик ва натижасиз мажлислар ўтказиш билан овора бўлиб қолмоқда.
Яна бир жиддий камчилик шуки, рақамли технологияларни кенг жорий этиш ҳисобидан ходимлар сонини ва иш жараёнларини оптималлаштириш чоралари кўрилмаяпти.
Шунинг учун Ҳукумат икки ой муддатда бошқарувда бир-бирини такрорлайдиган идоралар, функциялар ва бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрласин. Бунда давлат бошқаруви ходимлари сонини ўртача 15 фоизгача оптималлаштиришни назарда тутиш зарур.
Келгуси йил охирига қадар электрон давлат хизматларини 60 тага кўпайтириб, уларни 300 тага, масофавий хизматлар улушини эса камида 60 фоизга етказиш зарур.
Иккинчидан, бошқарув идораларининг ҳудудий масалаларни ҳал қилишдаги масъулият ва жавобгарлиги кучайтирилади.
Келгуси йил бошидан ҳар бир вазирлик ўз ишини туман, шаҳар, қишлоқ ва маҳалла кесимида режалаштиради ва ташкил этади. Вазирлар ва уларнинг ўринбосарлари фаолиятига жойларда амалда қандай ўзгариш бўлганига қараб баҳо берилади.
Бош вазир ўринбосарлари, вазирлар, ўзларининг қуйи тизим раҳбарлари ва ходимларини янгича талаблар ва замонавий ахборот технологиялари асосида самарали ишлашга ўргатиш ва малакасини мунтазам ошириб бориш учун масъул бўлади.
Депутат ва сенаторларни ўзлари сайланган ҳудуддаги муаммолар, тегишли вазирлик ва ҳокимликлар томонидан қай даражада ҳал этилаётганини доимий ўрганиб, назорат қилиб боришга чақираман.
Шу ўринда яна бир масала – туман, шаҳар ва маҳалла бошқарувида самарадорликни ошириш учун ходимлар сони ва маошини ҳудуднинг ўзига хослиги ва иш ҳажмидан келиб чиқиб белгилаш лозим. Масалан, Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманида 150 минг, Ургут туманида 500 мингдан ортиқ аҳоли яшайди. Ёки Шайхонтоҳур тумани аҳолиси қарийб 350 минг, Бектемирда эса – 46 минг нафар. Лекин ушбу туманларда бошқарув ходимлари сони ва уларнинг иш ҳақи бир-биридан катта фарқ қилмайди.
Шунинг учун Ҳукумат икки ой муддатда ўрта ва қуйи бўғин бошқарув идораларининг фаолиятини тубдан такомиллаштириш, улардаги ходимлар сони ва меҳнатига ҳақ тўлаш шартларини қайта кўриб чиқиш бўйича қарор лойиҳасини киритсин.
Учинчидан, маҳаллий ижро органлари, вакиллик идоралари ҳамда маҳалланинг институционал асосларини янада такомиллаштириш лозим.
Маҳаллий ҳокимлик ва Кенгашлар бундан 27 йил аввал, яъни ҳокимлик институти жорий этилган дастлабки пайтда қабул қилинган қонун асосида ишламоқда. Бу ҳужжат бугунги ислоҳотларимиз талабларига мутлақо жавоб бермаслигини ҳисобга олиб, уни тубдан янгилаш зарур.
Ислоҳотларимиз натижалари, бўлаётган ўзгаришлар ва аҳолининг кайфияти аввало маҳаллада сезилади. Шу маънода, “маҳалла – жамиятимизнинг ёруғ юзи ва виждони кўзгуси”, десак, тўғри бўлади. Шунинг учун барча даражадаги раҳбарлар пастга тушиб, ўз соҳаси бўйича маҳаллалардаги муаммоларни ўрганиши ва уларга ечим топиши, одамлар сезадиган натижани таъминлаши шарт.
Бундан буён маҳалладаги ишларнинг аҳволи вазирлик, идоралар ва ҳокимликлар ишини баҳолашда бош мезон бўлади.
Шунингдек, маҳалланинг нуфузини, унинг ресурс ва имкониятларини ошириш, ходимларининг моддий таъминотини яхшилаш бўйича дастур ишлаб чиқиш зарур.
Жорий йилда туманлар бюджетига қўшимча манбаларнинг камида 10 фоизини бевосита маҳалладаги муаммоларни ҳал этишга сарфлаш бўйича ишларни бошлаб, бу мақсадларга 70 миллиард сўм ажратилди. Энди бу ваколатни янада кенгайтириб, туман бюджети харажатларининг 5 фоизини ҳам ана шундай мақсадларга йўналтириш бўйича янги тартиб жорий этилади.
Бунинг натижасида бу янги эксперимент орқали биргина Ғиждувон туманида 8 миллиард сўм ёки Фарғона шаҳрида 11 миллиард сўм маблағ айнан аҳоли долзарб деб ҳисоблайдиган муаммоларни ҳал этиш учун сарфланади.
Маҳалла раиси ва унинг ўринбосарлари ваколатларини кенгайтириб, уларга аҳоли муаммоларини бевосита ҳал қилиш имконини яратишимиз керак. Бунда маҳалла раисига маҳаллий Кенгаш мажлисида кўрилиши мажбурий бўлган масалаларни киритиш ҳуқуқини бериш лозим. Бу орқали муаммоларни тезкор ҳал қилишга эришиш имконияти яратилади.
Маҳаллада ишлаётган малакали ва ташаббускор кадрларни давлат идоралари раҳбарлик лавозимларига тавсия этиш тизими йўлга қўйилади.
Қонунчилик палатаси ва Сенат, Вазирлар Маҳкамаси билан бирга 2021 йил 1 апрелга қадар маҳаллий ижро ва вакиллик органлари ҳамда маҳалла институти фаолиятини тубдан такомиллаштиришга оид янги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқсин. Ушбу ҳужжатларда ҳокимлар, уларнинг ўринбосарлари ва маслаҳатчиларининг ваколат чегараси, вазифа ва функциялари аниқ белгиланиши лозим.
Тўртинчидан, коррупциянинг ҳар қандай кўринишига муросасиз бўлиш кундалик ҳаёт тарзимизга айланиши шарт.
Бу иллатга қарши курашишга барча давлат органлари, сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, умуман, ҳар бир фуқаро сафарбар этилиши зарур.
Коррупция ўта оғир жиноят экани ва унга нисбатан муросасиз бўлиш ғоясини фарзандларимизга ёшлик давридан бошлаб сингдиришимиз, уларга фақат ҳалол меҳнат ва тадбиркорлик орқали даромад топишни ўргатишимиз лозим.
Шунингдек, коррупциянинг олдини олишда барча давлат органларида қарор қабул қилиш жараёнлари, очиқ ва фақат очиқ бўлишини таъминлаш ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Масалан, фуқароларимиз жорий йилдан бошлаб очиқ эълон қилинаётган давлат харидларига оид маълумотлардан фойдаланиб, ўринли масалаларни кўтармоқда.
Молия вазирлиги уч ой муддатда давлат идоралари бюджетдан ташқари жамғармаларининг даромад ва харажатлари, давлат улушига эга бўлган ташкилотлар харидлари, давлат субсидия ва грантларига оид маълумотларни эълон қилиш амалиётини йўлга қўйсин.
Бундан ташқари, охирги икки йилда ҳокимларнинг 2,5 мингга яқин қарори судлар томонидан бекор қилингани бундан буён уларнинг қарор қабул қилишида очиқликни таъминлаш зарурлигини тақозо этмоқда. Шунинг учун маҳаллий давлат ҳокимияти идораларининг қарорларини ҳисобга қўйиш ва эълон қилиш бўйича электрон ахборот тизими жорий этилади.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги бир ой муддатда очиқ эълон қилиниши лозим бўлган маълумотлар рўйхатини кенгайтириш бўйича таклиф киритсин.
Коррупцияга қарши курашишнинг самарали воситаларидан бири – кадрларни танлаш ва ишга қабул қилишнинг очиқ тизимини йўлга қўйишдан иборат. Ушбу тизим асосида кадрларни танлашда эски усуллардан воз кечиб, уларнинг интеллектуал салоҳиятини, маънавий фазилатларини баҳолайдиган очиқ ва ошкора танлов тизими жорий этилади.
Шунингдек, коррупциянинг олдини олиш бўйича давлат хизматчиларини мунтазам ўқитиш ва билимини баҳолаб бориш тизими йўлга қўйилади.
Бешинчидан, ислоҳотларимиз самарасини ҳар бир инсон ўз ҳаётида ҳис этиши учун қабул қилинаётган ҳужжатлар ижросини ўз вақтида ва самарали таъминлаш лозим.
Сўнгги 4 йилда барча соҳаларда кенг кўламли ўзгаришларни амалга ошириш бўйича 150 та қонун, 2 мингга яқин фармон ва қарорлар қабул қилинди. Лекин жойларда барча раҳбарлар ҳам ушбу ҳужжатлар мазмун-моҳиятини тушуниб, берилган имкониятлардан фойдаланмоқда, аҳоли ва тадбиркорларга зарур шарт-шароит яратмоқда, деб айта олмаймиз.
Амалдаги назорат тизими эса кўпроқ формал тусга эга бўлиб, ижрони ташкил этишдаги муаммоларни аниқлаш ва ҳал қилишга йўналтирилмаяпти. Шунинг учун келгуси йилда бу борада янги иш тизими жорий этилади.
Энди Адлия вазирлиги, унинг ҳудудий бошқарма ва бўлимларининг асосий вазифаси қабул қилинган ҳужжатларни масъулларга етказиш, тушунтириш, амалиётда қўллашга кўмаклашиш ва назорат қилишдан иборат бўлади. Шу мақсадда Адлия вазирлигига зарур ваколат ва ресурслар берилади.
Шунингдек, қабул қилинган ҳужжатлар ижросини ташкил этишда жамоатчилик иштироки ва назорати кенг йўлга қўйилади. Жумладан, “жамоатчилик эшитувлари” ва “жамоатчилик мониторинги” тизими жорий қилинади. Бу жараёнга фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролар ҳам фаол жалб этилади.
Шунингдек, таҳлиллар асосида ижрога халақит бераётган ортиқча вазифа ва функциялар қисқартирилади.
Давлат идораларидаги ижро сифати ва ҳолатини вилоят, туман ва шаҳар халқ депутатлари Кенгашларида, республика даражасида эса – Вазирлар Маҳкамасида ҳар ойда танқидий муҳокама қилиб бориш амалиёти жорий этилади.
Ҳукумат Адлия вазирлиги, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ва Давлат бошқаруви академияси билан бирга бир ой муддатда ушбу тизимни жорий этиш бўйича зарур чора-тадбирларни белгиласин.
Адлия вазирлиги барча оммавий ахборот воситалари, жумладан, телевидение орқали “Президент қарорлари – ҳаётда ва назоратда”, деган мавзуда кўрсатув ва чиқишлар ташкил этиб, халқимизга ислоҳотлар моҳияти ва натижаларини етказиб бориш тизимини жорий этсин.
Олтинчидан, давлат ва жамият бошқарувида аёлларнинг ўрни ва мавқеини янада мустаҳкамлаш – ислоҳотларимизнинг энг устувор йўналишларидан биридир.
Хабарингиз бор, айни пайтда Касаба уюшмалари федерацияси бошчилигида мутасадди идоралар, банклар ва ҳокимликлар томонидан жойларда уйма-уй юриб, 6 миллиондан ортиқ хотин-қизларнинг муаммолари пухта ўрганилди.
Аччиқ бўлса ҳам, тўғрисини тан олиб айтишимиз керак: бу ўрганишларимиз натижасида биринчи марта жойлардаги ҳақиқий аҳвол юзага чиқди. Шулар асосида “Аёллар дафтари” шакллантирилмоқда, хотин-қизларни қийнаётган кўплаб ижтимоий-иқтисодий муаммоларга амалий ечим топилмоқда.
Бу ишларга маҳаллаларда янги ташкил этилган “Аёллар маслаҳат кенгашлари” ҳам яқиндан кўмак бермоқда. Лекин бу ҳали аёллар муаммоларини ечиш учун биз бажаришимиз шарт ва зарур бўлган ишларнинг бошланиши, холос
Биз мамлакатимизда истиқомат қилаётган 17 миллиондан зиёд опа-сингилларимиз, қизларимиз, онахон ва момоларимизга муносиб шароит яратиб бериш учун барча имкониятларни ишга солишимиз лозим.
Аёлларнинг андиша қилиб, биз эркакларга айта олмаган дарду ташвишлари, кундалик муаммолари, орзу-ниятларини уларнинг ўзидан яхши тушунадиган инсон йўқ.
Хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги ролини ошириш бўйича олиб борган ислоҳотларимиз натижасида парламентимиз янги таркибининг 30 фоизи аёллардан иборат бўлди. Вилоят, шаҳар ва туман ҳокимларининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими жорий этилди.
Энди хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва нуфузини ошириш уларга янги имкониятлар яратиш бўйича навбатдаги қадам сифатида ҳаётни ва аёллар муаммоларини яхши биладиган, фаол ва ташаббускор опа-сингилларимиздан иборат Республика Хотин-қизлар жамоатчилик кенгашини ташкил этишни таклиф қиламан.
Кенгашга бу борада катта тажрибага эга бўлган Сенатимиз Раиси Танзила Камоловна Норбоева раҳбарлик қилса, деган таклифни билдирсам, ўйлайманки, барчангиз мени қўллаб-қувватлайсиз.
Жойлардаги Хотин-қизлар кенгашлари фаолиятига эса ҳокимларнинг ушбу масалалар бўйича маслаҳатчилари раҳбарлик қилиши энг тўғри йўл бўлади.
Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича республика ва ҳудудий жамғармаларни янги ташкил этиладиган кенгашлар ихтиёрига ўтказиб бериш мақсадга мувофиқ бўлади, деб ҳисоблайман.
Аёлларнинг бизнес соҳасидаги лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ҳамда жойларда аниқланган хотин-қизлар муаммоларини ҳал этиш учун бюджетдан қўшимча равишда 1 триллион сўмдан зиёд маблағ йўналтирилади. Бунинг учун “Халқ банки” томонидан жойларда хотин-қизларни тадбиркорликка ўқитиш, бизнесга оид намунавий режаларини ишлаб чиқиш ва кредит олишда уларга амалий ёрдам кўрсатишнинг янги тизими жорий этилади.
Олий Мажлис палаталари ва Ҳукумат бир ой муддатда хотин-қизларнинг жамиятдаги ва давлат бошқарувидаги мавқеини янада оширишга қаратилган яхлит тизим яратиш бўйича таклиф ишлаб чиқсин.
Яна бир муҳим масала – нуроний отахон ва онахонларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашимиз ҳам қарз, ҳам фарздир.
Республика “Нуроний” жамғармаси томонидан кексаларга доимий ёрдам кўрсатилиши учун унинг молиявий имкониятлари янада кенгайтирилади. Бунинг учун кейинги йилда ушбу жамғармага бюджетдан 100 миллиард сўм ажратилади.
Ўзгалар парваришига муҳтож бўлган 16 мингдан зиёд кексаларга ёрдам бериш, уларнинг ҳаётини мазмунли ташкил этиш учун тўловлар миқдори оширилади ҳамда уларга кўрсатиладиган ижтимоий хизматлар кўлами кенгайтирилади. Шунингдек, Бухоро, Қарши ва Урганч шаҳарларида янгидан ташкил этиладиган сиҳатгоҳларда ҳамда мавжуд дам олиш масканларида жами 25 мингдан ортиқ нуронийларнинг соғлиғи тикланади.
Марказий телеканалларимизда намойиш этилаётган “Оталар сўзи – ақлнинг кўзи” кўрсатуви сони кўпайтирилиб, мазмунан бойитилса, шунингдек, “Нуронийлар маслаҳати”, “Маҳаллада гурунг” каби янги кўрсатувлар ташкил этилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Еттинчидан, эркин фуқаролик жамиятини ривожлантиришда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлашни давом эттирамиз.
Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди фаолиятини жойлардаги долзарб муаммоларни ҳал этишга қаратиш зарур
Айниқса, мавжуд муаммоларни аниқлаш, уларни чуқур таҳлил қилиш, ечимлари бўйича таклиф ишлаб чиқиш, ижроси устидан жамоатчилик назоратини таъминлашга ижтимоий буюртма асосида нодавлат нотижорат ташкилотлари кенг жалб этилади. Бундай ҳамкорликни, энг аввало, таълим, маданият, тиббиёт, экология, қурилиш, кадастр, транспорт, коммунал хўжалиги, бандлик, ижтимоий хизматлар кўрсатиш каби муаммоли соҳаларда кенг жорий этиш мақсадга мувофиқ бўлади. Бу ишларни ташкил этиш учун келгуси йилда бюджетдан 60 миллиард сўм йўналтирилади.
Шу билан бирга, Қонунчилик палатасида нодавлат нотижорат ташкилотларининг доимий вакили институтини жорий этишни таклиф қиламан. Ушбу вакил қуйи палата йиғилишларида иштирок этиш, қабул қилинаётган қонунларга таъсирчан жамоатчилик назорати ва ижтимоий шериклик масалаларини киритиш бўйича таклифлар бериш ваколатига эга бўлиши зарур, деб ҳисоблайман.
Навбатдаги муҳим масалага эътиборингизни қаратмоқчиман.
Оммавий ахборот воситалари мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришларни холис ёритиш билан бирга, жойлардаги мавжуд долзарб муаммоларга давлат идоралари ва жамоатчилик эътиборини қаратиб, уларни бартараф этишга барча даражадаги раҳбарларни даъват этиб, ундаб келаётганини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. Улар том маънода “тўртинчи ҳокимият”га айланиб бормоқда.
Аччиқ ва танқидий материаллар жойлардаги кўплаб амалдорларга ёқмаслиги, уларнинг тинчини ва ҳаловатини бузаётгани ҳам бор гап. Лекин ошкоралик ва сўз эркинлиги бу – давр талаби, бу – Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг талаби.
Биз ўтган тўрт йил давомида жамиятимизда ошкоралик ва очиқлик, сўз эркинлиги муҳитида яшаш ва ишлашга аста-секин ўрганиб боряпмиз.
Холис ва адолатли журналист ва блогерларнинг танқидий чиқишлари эскича қолипда ишлайдиган раҳбарларнинг фаолиятидаги хато-камчиликларни кўрсатиб, уларни иш услубини ўзгартириш ва масъулиятини оширишга мажбур қилмоқда.
Бундан буён ҳар бир давлат органи ўз кундалик фаолиятида оммавий ахборот воситалари билан яқин мулоқот ва ҳамкорликни йўлга қўйиши зарур ва шарт.
Бу борадаги мавжуд қонунчиликни либераллаштириш йўлида ташланган дадил қадамларимизнинг далили сифатида куни кеча Жиноят кодексининг оммавий ахборот воситалари орқали “туҳмат” ва “ҳақорат қилиш” каби моддалари бўйича озодликдан маҳрум қилиш шаклидаги жазо чоралари бекор қилинди.
Келгуси йилда ҳам сўз эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларини ҳар томонлама ривожлантириш, журналист ва блогерларнинг эркин фаолият юритиши учун ҳуқуқий асослар янада кучайтирилади.
Мамлакатимиз тараққиётини янги босқичга кўтаришнинг дастлабки даврида оммавий ахборот воситаларини кенг қўллаб-қувватлаш, уларни ҳимоя қилиш, давлат идораларида ахборот хизматлари фаолиятини йўлга қўйиш ва ривожлантириш мақсадида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ташкил этилган эди. Бугунги кунда оммавий ахборот воситалари соҳасидаги ислоҳотларни янги босқичга кўтариш, уларни янада ривожлантириш, мустақил фаолият юритишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида Агентлик фаолиятини танқидий қайта кўриб чиқиш лозим, деб ҳисоблайман.
Ҳурматли депутат ва сенаторлар!
Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар янги йилда ҳам изчил давом эттирилади.
Хабарингиз бор, сўнгги 4 йил давомида суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ этиш борасида дадил қадамларни қўйдик. Бу йўналишдаги устувор масалалар юзасидан 40 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди.
Адолат бу – давлатчиликнинг мустаҳкам пойдеворидир. Адолат ва қонун устуворлигини таъминлашда эса суд ҳокимияти ҳал қилувчи ўринни эгаллайди.
Шу нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, бу борада ҳали қиладиган ишларимиз жуда кўп.
Биринчидан, янги йилдан бошлаб жорий этиладиган “бир суд – бир инстанция” тамойили суд қарорларининг адолатли, қонуний ва барқарорлигини таъминлашда бош мезон бўлиши лозим.
Ҳозирги кунгача вилоят судлари чиқарган қарор устидан берилган шикоятлар шу судларнинг ўзида кўриб чиқилар эди. Биргина 2019 йилда вилоят судлари қабул қилган 13 мингта шундай қарор Олий суд томонидан ўзгартирилган ва бекор қилинган.
Келгуси йилдан бошлаб бир-бирини такрорлайдиган суд босқичлари қисқартирилади. Одил судловга хос бўлмаган ишларни назорат тартибида кўриш амалиёти бекор қилинади.
Навбатдаги муҳим масала – янги йилдан бошлаб фуқаролик, иқтисодий ва жиноят ишлари бўйича вилоят даражасидаги 3 та судлар битта суд сифатида бирлаштирилади. Бу янгилик аҳоли ва тадбиркорларга катта қулайликларни яратади. Шунингдек, келгуси йилдан суд муҳокамасига қадар судда ишларни дастлабки эшитиш амалиёти янги тартиб сифатида жорий этилади. Бунда ишни тўхтатиш ёки тугатишга асос етарли бўлса, суд ишни аввалгидай тергов ёки прокурорга қайтармасдан, ўзининг якуний қарорини қабул қилади.
Яна бир муҳим янгилик – инвесторлар ҳуқуқларини муносиб ҳимоя қилиш мақсадида Олий судда инвестициявий низолар ва рақобатга оид ишларни кўриш бўйича махсус судлов таркиби ташкил этилди.
Энди инвесторлар, ўз хоҳишига кўра, низони ҳал қилиш учун тўғридан-тўғри Олий судга мурожаат қилиши мумкин.
Суд тизимида рақамлаштириш янада кенгайтирилиб, фуқароларимизга суд биносига келиб юрмасдан, “онлайн” тартибда мурожаат қилиш имконияти яратилади. Шунингдек, фуқаролар ўз аризаларини кўриб чиқиш жараёнини масофадан туриб кузатиб бориши мумкин бўлади.
Иккинчидан, жазони ижро этиш тизимида инсонпарварлик тамойилини кенг қўллаш борасидаги ишлар давом эттирилади. Жумладан, халқаро стандартлардан келиб чиқиб, 25 та манзил-колониялар босқичма-босқич қисқартирилади.
Бундан буён биринчи марта озодликдан маҳрум этилган шахсга берилган жазо енгилроғи билан алмаштирилса, у манзил-колонияга ўтказилмасдан, тўғридан-тўғри пробация назоратига олинади. Мазкур енгиллик натижасида ҳозирда жазо ўтаётган 6 минг нафар шахсга ўз маҳалласи назорати остида оиласи бағрида бўлиш имконияти яратилади.
Шу билан бирга, жазони енгилроғи билан алмаштириш ва шартли озод қилиш тўғрисида тақдимнома киритиш ваколати жазони ижро этиш муассасаларидан янги ташкил этиладиган инсонпарварлик комиссияларига ўтказилади.
Учинчидан, тезкор-қидирув, тергов ва жазони ижро этиш соҳасида қийноқларнинг олдини олиш тизимини тубдан такомиллаштириш зарур. Ушбу ҳолатлар ҳали ҳам учраб тургани, фуқароларда жиддий эътирозларни келтириб чиқараётгани ҳамда мамлакатимизнинг халқаро нуфузига салбий таъсир кўрсатаётгани ҳам айни ҳақиқат.
Олий Мажлис палаталари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ қийноқларнинг олдини олиш бўйича Омбудсман ваколатларини кенгайтириш, шунингдек, жамоатчилик назоратини кучайтириш юзасидан икки ой муддатда ўз таклифларини ишлаб чиқиши зарур. Бунда Омбудсман томонидан ҳар чоракда жамоатчилик вакиллари билан биргаликда тергов изолятори ва жазони ўташ муассасаларига “мониторинг ташрифлари” тизими йўлга қўйилиши керак.
Олий Мажлис палаталари ҳар йили Омбудсманнинг қийноқларнинг олдини олиш бўйича маърузасини эшитиб, бу иллатга бутунлай барҳам бериш бўйича зарур чора-тадбирларни белгилаши лозим.
Тўртинчидан, ўтган йили 1995 йилгача юртимизга кўчиб келганларга Ўзбекистон фуқаролигини тўғридан-тўғри бериш тартиби белгиланди. Бу билан 50 минг нафардан ортиқ шахсларга фуқаролик олиш имконияти яратилди.
Келгуси йилда бу ишларни давом эттириб, 2005 йилгача мамлакатимизга келиб доимий яшаётган, фуқаролиги бўлмаган шахсларга ҳам тўғридан-тўғри Ўзбекистон фуқаролигини берсак, нима дейсизлар? Бу ўзгариш билан яна 20 минг киши Ўзбекистон фуқароси бўлиш имкониятига эга бўлади.
Бундан буён юртимизда 15 йил давомида муқим яшаган фуқаролиги бўлмаган шахсларга тўғридан-тўғри Ўзбекистон фуқаролигини беришнинг доимий тартиби жорий қилинади.
Ҳурматли йиғилиш қатнашчилари!
Дунёда кечаётган мураккаб жараёнлар яқин-узоқ минтақаларда кузатилаётган зиддият ва тўқнашувлар шароитида биз юртимизда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш борасидаги ишларимизни янада жадаллаштиришимиз лозим.
Келгуси йилда мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини ривожлантириш бўйича ислоҳотларимизни давом эттирамиз. Хусусан, Қуролли Кучларимиз қудратини, қўшинларнинг профессионал ва жисмоний салоҳиятини юксалтириш, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилаларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ишларига алоҳида эътибор қаратамиз.
Шунингдек, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳар бир маҳаллада хавфсиз муҳит яратиш бўйича янгича ёндашувлар жорий этилади. Ҳуқуқ-тартибот идораларини аҳоли осойишталиги ва фуқаролар манфаатларининг чинакам ҳимоячисига айлантиришга қаратилган ислоҳотларимиз изчил давом эттирилади.
Сўнгги йилларда республикамизда юз берган табиий ва техноген офатлар, куз-қиш мавсумида содир бўлаётган ёнғин ва бошқа кўплаб нохуш ҳолатлар бу борадаги мавжуд тизимни янада такомиллаштиришни тақозо этмоқда.
Юртимизда барпо этилаётган кўплаб йирик объектлар ва баланд қаватли биноларда ёнғин хавфсизлигини таъминлашнинг янги тизимини ташкил этиш зарур. Шунингдек, соҳанинг моддий-техник базасини ва кадрлар салоҳиятини тубдан мустаҳкамлаш лозим.
Шу сабабли 2 ой муддатда “Фавқулоддаги ҳолат тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳамда юқорида қайд этилган муаммолар ечимига қаратилган Ҳукумат дастури ишлаб чиқилсин.
Ҳурматли сенатор ва депутатлар!
Қадрли меҳмонлар!
Келгуси йилда мамлакатимизнинг ташқи сиёсатини амалга оширишда қуйидаги вазифаларга устувор аҳамият берилади.
Биринчидан, давлатимиз олиб бораётган очиқ, прагматик ва амалий ташқи сиёсатни инобатга олиб ҳамда узоқ муддатли стратегик мақсадларимиздан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолият концепцияси такомиллаштирилади.
Иккинчидан, ташқи сиёсатимизнинг устувор йўналиши бўлган Марказий Осиё давлатлари билан кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва ўзаро ишонч руҳидаги алоқаларимизни янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратамиз.
Мураккаб пандемия шароити биз бир-биримизга қанчалик боғлиқ ва керак эканимизни яна бир бор яққол намоён этди. Бу ижобий жараёнларни чуқур ўрганиш ва янада ривожлантириш мақсадида жорий йилда Тошкент шаҳрида Марказий Осиё халқаро институти ташкил этилди.
Келгуси йили Тошкентда минтақамизнинг Жанубий Осиё билан муносабатларига доир юқори даражадаги халқаро конференция ўтказилади.
Шулар қаторида Хива шаҳрида ЮНЕСКО билан ҳамкорликда “Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” халқаро анжуманини ўтказиш режалаштирилган.
Учинчидан, асосий хорижий шерикларимиз ҳисобланган Россия, Хитой, Америка Қўшма Штатлари, Туркия, Германия, Франция, Буюк Британия, Жанубий Корея, Япония, Ҳиндистон, Покистон, Бирлашган Араб Амирликлари ва бошқа давлатлар билан кўп қиррали ва ўзаро манфаатли алоқаларни янада кенгайтирамиз.
Ташқи ишлар вазири ва унинг ўринбосарлари ҳамда юртимизнинг чет эллардаги элчилари мазкур давлатлар билан янги, янада самарали иш тизимини жорий этишлари зарур.
Тўртинчидан, биз қўшни Афғонистон заминида тинчлик ўрнатилишига қатъий ишонамиз ва бу эзгу йўлда амалий ёрдамни бундан кейин ҳам аямаймиз.
Афғон муаммосини ҳал этишга қаратилган глобал саъй-ҳаракатларга Тошкент халқаро конференцияси ҳам мустаҳкам пойдевор яратди, десак, муболаға бўлмайди.
Ҳозирги кунда Марказий Осиёни Ҳинд океани билан боғлайдиган Транс-афғон транспорт йўлагини барпо этиш борасида дастлабки амалий қадамларни ташладик. Бу лойиҳанинг рўёбга чиқарилиши бутун минтақамизда барқарорлик ва иқтисодий ўсишни таъминлашга беқиёс хизмат қилади.
Бешинчидан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, бошқа нуфузли халқаро ва минтақавий тузилмалар билан яқин ҳамкорликни ривожлантириш масалалари доимо эътиборимиз марказида бўлади.
Жорий йилда республикамиз илк бор Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ташкилотига раислик қилди ва пандемияга қарамасдан, кўзда тутилган 60 дан зиёд барча халқаро тадбирлар муваффақиятли ўтказилди, 70 га яқин муҳим ҳужжатлар қабул қилинди.
2021-2022 йилларда Ўзбекистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислик қилиши бўйича ҳам жиддий тайёргарликни бошладик.
Олтинчидан, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, сўз ва диний эътиқод эркинлиги бўйича эришаётган ютуқларимизни тегишли халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда изчил мустаҳкамлаб борамиз.
Келгуси йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида “Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим” глобал форуми, ёшлар ҳуқуқларига бағишланган Бутунжаҳон ёшлар анжумани, диний эркинлик масалалари бўйича минтақавий конференцияларни ўтказамиз.
Еттинчидан, дунёнинг кўплаб мамлакатларидаги ватандошларимизни қўллаб-қувватлаш ва улар билан алоқаларимизни янада мустаҳкамлаш мақсадида “Ватандошлар” жамғармасини тузишни таклиф этаман.
Саккизинчидан, жамиятда миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган ишларимизни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқамиз.
Барчангизга маълумки, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг резолюцияси билан ҳар йили 30 июль – Халқаро дўстлик куни сифатида кенг нишонланади. Шу боис ушбу санани Ўзбекистонда “Халқлар дўстлиги куни” деб белгилашни таклиф этаман.
Тўққизинчидан, минтақамизда, бутун дунёда экологик вазиятнинг тобора ёмонлашиб бораётгани бизни жиддий ташвишга солади.
Қўшни давлатлар ва жаҳон жамоатчилиги билан биргаликда Орол денгизи ҳалокати оқибатида юзага келган экологик фожиалар таъсирини юмшатишга қаратилган ҳаракатларни қатъий давом эттирамиз.
Денгизнинг қуриган тубида юз минглаб гектар ўрмон ва бутазорлар ташкил этилаётгани, Оролбўйи ҳудудларида амалга оширилаётган улкан қурилиш ва ободончилик ишлари халқимизни юксак марралар сари руҳлантирмоқда. Бу борада Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан ҳамкорликда тузилган Оролбўйи минтақасида инсон хавфсизлигини таъминлаш бўйича кўп томонлама Траст фонди доирасидаги амалий ишларни янада кучайтирамиз.
Азиз ва муҳтарам ватандошлар!
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг таҳлилларига кўра, пандемия хавфи ҳали узоқ вақт сақланиб қолиши мумкин. Демак, инсоният бошидаги синовлар яна қанча давом этиши номаълум.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, нуфузли экспертлар прогнозига кўра, пандемия бутун дунёда инқирозли ҳолатлар, ижтимоий кескинлик, қашшоқлик каби муаммоларни кучайтириши мумкин.
Барчамизга аёнки, пандемиядан кейин дунёнинг ижтимоий-иқтисодий манзараси албатта ўзгаради.
Тўпланган тажриба шуни кўрсатмоқдаки, кучли ва самарали бошқарув тизимига, бир ёқадан бош чиқариб яшайдиган аҳолига эга бўлган давлатлар пандемиянинг кенг тарқалиш хавфини ўз вақтида бартараф этишга қодир бўлади. Буни Ўзбекистоннинг пандемия давридаги кураш тажрибаси ҳам исботлаб турибди. Лекин эришган натижаларимизга маҳлиё бўлмасдан, жаҳондаги вазиятга сергаклик билан қараб, барчамиз – ким бўлишимиз, қайси вазифада ишлашимиздан қатъи назар, мамлакатимизнинг миллий манфаатларини таъминлаш ҳақида жиддий ўйлашимиз зарур.
Бугунги мураккаб шароитда юртимизда бошланган кенг қамровли ислоҳотлар, янги Ўзбекистонни барпо этиш сари ташлаётган дадил қадамларимизнинг бардавом бўлишини таъминлаш энг асосий вазифамиз бўлиши шарт.
Глобал инқироз шароитида иқтисодий ва сиёсий барқарорликни таъминлаш, жойлардаги мавжуд муаммоларни манзилли ҳал этиш, кўмакка муҳтож юртдошларимизни қўллаб-қувватлаш, ёшларимизнинг орзу-умидларини рўёбга чиқариш – Президентдан бошлаб барча даражадаги раҳбарларнинг бош вазифаси бўлмоғи даркор.
Ана шу ўта муҳим вазифаларни амалга оширишда асосий талаб – давлат ва жамият институтлари ўртасида самарали ҳамкорликни таъминлаш, бу жараёнда натижадорлик ва сифатни оширишдан иборат.
2021 йилда давлатимиз ва халқимиз ҳаётида катта сиёсий воқеа – Президентлик сайлови бўлиб ўтади.
Марказий сайлов комиссияси бўлажак сайлов миллий қонунчилигимиз ва умумэътироф этилган халқаро демократик тамойиллар асосида, юксак савияда ташкил этилишига алоҳида эътибор қаратиши лозим.
Биринчи навбатда, сайлов комиссиялари аъзоларининг сайлов қонунчилиги ва халқаро стандартлар бўйича билимларини тизимли асосда шакллантириш керак.
Ўтган сайловларда халқаро кузатувчилар томонидан берилган мақбул тавсияларни миллий қонунчилик ва амалиётга татбиқ этиш ишларини давом эттирамиз.
Бу муҳим сиёсий кампания янги Ўзбекистон шароитида сайловчиларимиз, барча фуқароларимизнинг сиёсий ва ҳуқуқий маданияти, дунёқараши, гражданлик позицияси юксалиб бораётганини яна бир бор намоён этади, деб ишонаман.
Азиз дўстлар!
Ўйлайманки, бугунги Мурожаатномада ўртага қўйилган устувор вазифалар бўйича парламентимиз, сиёсий партиялар, нодавлат ташкилотлар, кўпни кўрган донишманд нуронийларимиз, ташаббускор ёшларимиз – кенг жамоатчилик ўз фикр-мулоҳазаларини билдиради.
Ҳукумат бир ой муддатда ана шу устувор йўналишлар ва вазифалар бўйича кенг жамоатчилик томонидан билдирилган таклифлар, фикр ва мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда, 2021 йил Давлат дастурини ҳамда Ўзбекистоннинг пандемиядан кейинги тараққиёт дастурини ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун киритсин.
Шуни таъкидлаш керакки, ўз олдимизга қўйган марраларга эришиш учун бизда табиий ресурслар ҳам, куч ва имкониятлар ҳам, салоҳият ҳам етарли.
Ортимизда, тоғдек таянч ва суянч бўлиб турган кўпмиллатли халқимиз – ҳаёт йўлларида тўғри йўл кўрсатадиган мўътабар нуронийларимиз, меҳнаткаш, оқила опа-сингилларимиз, илғор ва замонавий фикрлайдиган, дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаган азму шижоатли ёшларимиз бор.
Энг муҳими, жамиятимизда тинчлик-осойишталик, миллатлараро тотувлик, бағрикенглик ва меҳр-оқибат муҳити ҳукм сурмоқда.
Биз барчамиз “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” деган ягона мақсад атрофида бирлашиб, масъулият ва жавобгарликни чуқур ҳис этган ҳолда, фидокорона меҳнат қилиб, ўз орзу-мақсадларимизга, иншооллоҳ, эришамиз.
Бугун яхши ниятлар билан жуда катта марраларни ўзимизга белгилаб олмоқдамиз. 2021 йилда олдимизда ҳар қачонгидан ҳам зарур, ўта муҳим вазифалар турибди. Албатта, уларга эришиш осон бўлмайди. Ҳаётимизнинг турли соҳаларида муаммо ва камчиликларимиз ҳам етарли. Жойларда ишни тўғри ташкил этмаслик, айрим раҳбарларда савия ва малака етишмаслиги, бюрократия, коррупция ҳолатлари, лоқайдлик ва бепарволик каби нуқсонлар ҳам борлиги сир эмас.
Биз буларнинг барчасини ўзимизга яхши тасаввур этамиз. Йўлимизда катта ғов бўлиб турган тўсиқларни бартараф этиш учун бошлаган ислоҳотларимизни оғишмасдан давом эттирамиз.
Шу нуқтаи назардан қараганда, янги йилда янада катта сафарбарлик руҳида ишлашимизга тўғри келади.
Ҳаёт олдимизга яна қанча синов ва муаммоларни қўйиши мумкин ва биз ҳар қандай ҳолатга тайёр туришимиз зарур. Лекин қанчалик қийин ва мураккаб бўлмасин, демократик ислоҳотлар йўлидан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз. Олдинга, фақат олдинга қараб борамиз. Ва биз бунга ҳар томонлама қодирмиз. Чунки бугунги халқимиз – кечаги халқ эмас. Бугунги Ўзбекистон ҳам – кечаги Ўзбекистон эмас.
Эл-юртимиз ҳозирги оғир шароитда барча синов ва қийинчиликлардан янада кучли ва иродали бўлиб чиқмоқда. Ўзининг ҳаёти ва тақдири, келажаги Ватанимизнинг тақдири ва келажаги билан чамбарчас боғлиқ эканини чуқур ҳис этмоқда.
Ҳеч шубҳасиз, ўз кучимиз ва имкониятларимизга бўлган ишонч бизни Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишдек эзгу мақсад йўлида бирлаштириб, янада кучли ва мустаҳкам қилмоқда. Бу интилишлар улкан амалий ишларга айланиб, буюк халқ ҳаракати тобора кенгайиб бормоқда. Бундай қудратли сафда бўлишнинг ўзи катта бахт, катта шарафдир.
Барчамизга ана шу улуғ сафда бошқаларга ибрат ва намуна бўлиш, жонажон Ватанимиз, азиз халқимизга фарзандлик меҳри ва садоқати билан хизмат қилиш насиб этсин!
Фурсатдан фойдаланиб, сизларни, сизлар орқали барча ватандошларимизни кириб келаётган янги – 2021 йил билан чин қалбимдан табриклайман.
Янги йилда барчангизга сиҳат-саломатлик, хонадонларингизга файзу барака, фарзандлар, набираларнинг камолини кўриш бахтини тилайман.
Доимо соғ-омон бўлинг, катта раҳмат сизларга.