Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишни Олий Мажлис Сенати Раиси, Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси раиси Т.Норбоева олиб борди.

Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ва истиқболдаги вазифалар хусусида тўхталиб ўтилди.

Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш марказлари фаолиятини ўрганиш натижалари, қолаверса, Комиссия ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари бирлашмасининг жорий йилда олиб борган ишлари муҳокама қилинди.

– Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда фуқаролик жамияти институтлари, хусусан, нодавлат нотижорат ташкилотлари муҳим аҳамият касб этади, – деди Т.Норбоева.

– Уларни мазкур жараёнларга кенг жалб қилиш орқали Миллий мақсадларга тез ва сифатли эришиш мумкин. Бироқ бугунги кунда белгиланган вазифаларни амалга оширишда нодавлат нотижорат ташкилотларининг имкониятларидан тўлиқ фойдаланилмаяпти. Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳар томонлама таъминлашга қаратилган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Бугунги кунда бошқарув лавозимларида аёлларнинг улуши 26,6 фоизга етказилди. Бундан ташқари, ўтган йилги сайловларда республикамизда биринчи марта Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган депутатлар орасида аёллар улуши 32 фоиз, Сенат ҳамда маҳаллий Кенгашларда эса қарийб 25 фоизни ташкил этди. Ваҳоланки, аввалги чақириқда бу кўрсаткичлар икки баробарга кам бўлган. Маҳаллий кенгашларда аёллар 25 фоизни ташкил этмоқда. Кейинги сайловларда 30 фоизга чиқамиз. Буни биз аёллар билан ишлаш жараёнининг натижалари, деб биламиз.

Қолаверса, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига асосан барча вазирлик ва идораларда гендер тенглик масалалари бўйича маслаҳат кенгашлари фаолияти ташкил этилди.
Жорий йилдан бошлаб давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ижтимоий ҳимояга муҳтож қизларнинг билим олиш имкониятлари янада кенгайтирилиб, олий таълим муассасаларига 4 фоизли давлат грантлари ажратилди. Мазкур янги тизим асосида 2020 йилда 950 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож қиз ўқишга қабул қилинди.

Яна бир жиҳат. 2020 йилнинг ўтган даври давомида 166,3 минг нафар хотин-қиз доимий ишга жойлаштирилди. 31,1 минг нафари касбга ўқитилди, 48,4 минг ишсиз аёлга ишсизлик нафақаси тайинланиб, ижтимоий муҳофазага олинди.

Ҳар бир ҳудудда “Аёллар тадбиркорлиги марказлари” ташкил этилиб, тегишли мақсадли жамғармалар ва тижорат банклари томонидан имтиёзли кредитлар ажратилди. Ўтган давр мобайнида аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш мақсадида 224 мингдан ортиқ хотин-қизга жами 6,9 триллион сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилиши таъминланди.

Шу билан бирга, ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож ҳамда касб-ҳунар ўрганишга эҳтиёжи бўлган ишсиз хотин-қизлар билан манзилли ишлаш мақсадида “Аёллар дафтари”ни юритиш йўлга қўйилди.

Қолаверса, жорий йилда Олий Мажлис Сенати, Касаба уюшмалари федерацияси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал этиш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича янги тизим яратилди. Унга асосан, ҳар бир туман ва шаҳар учун алоҳида “Йўл харитаси” тасдиқланиб, унинг ижроси доираси оиласида ногиронлиги бўлган 4,7 минг нафардан зиёд аёлга маиший техникалар олиб берилди. 18,6 миллиард сўм маблағ ҳисобига 1 минг 40 нафар оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизнинг уй-жой шароитлари яхшиланди.

Йиғилишда мазкур йўналишда ўз ечимини кутиб турган бир қатор муаммолар мавжудлиги таъкидланди. Жумладан, хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳам қониқарли эмас. Оилавий ва хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш дастурлари доирасида ажратилган кредитларни мақсадсиз ишлатиш ҳолатлари аниқланган.

Мазкур масала юзасидантегишли вазирликлар раҳбарлари ҳамда маҳаллий ҳокимликлар масъулларининг ахбороти эшитилди.
Бундан ташқари, йиғилишда Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш марказлари фаолиятини ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, сўнгги йилларда хотин-қизларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари долзарб муаммо сифатида юзага чиқмоқда. Бу иллатларни йўқотиш учун, аввало, ҳуқуқий механизмларни такомиллаштириш зарурати юзага келди ва шу мақсадда махсус қонун қабул қилинди. Ҳимоя ордери, реабилитация марказлари (шелтерлар), “ишонч телефони”, “Нажот” мобиль иловалари каби аёллар билан мулоқот қилиш тизимлари яратилди. Қолаверса, жорий йилнинг 25 ноябридан 10 декабрига қадар “Зўравонликка қарши 16 кун” кампанияси ўтказилди.

Бироқ эришилган натижалар қаторида камчиликлар ҳам мавжуд. Биргина жорий йилнинг 11 ойи давомида ички ишлар органлари томонидан турли тазйиқ ва зўравонликларга учраган 11 минг 138 нафар хотин-қизга ҳимоя ордери берилган. Уларнинг 9 минг 916 нафари, яъни 89 фоизи оилада тазйиқ ва зўравонликка учраган. Уларнинг 5 минг 418 нафарига нисбатан жисмоний зўравонлик содир этилган, натижада 652 та оила ажрашиб кетган.

Мажлисда қайд этилишича, “ишонч телефони” ишламай қолиш ҳолатлари ҳам учрамоқда. Бу борада мутасадди ташкилотлар эътиборни кучайтириши зарур. Шунингдек, йиғилишда аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилиб, вазифалар белгилаб олинди.
 

Нурилло Насриев,ЎзА