18 декабрь куни “Ватанпарварлик ойлиги” доирасида Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон бўлимида Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, рассом Абдулла Ражабов билан ижодий учрашув бўлиб ўтди.
Ватанпарварлик ойлиги
Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати ЎзАга маълум қилди.
Учрашувда Нукус гарнизонидаги ҳарбий қисмлардан бирида хизмат бурчини ўтаётган муддатли ҳарбий хизматчилар ҳам иштирок этди.
Абдулла Ражабов аскарларни яқинлашиб келаётган Ватан ҳимоячилари куни билан самимий қутлади. Рассом билан кечган суҳбат аскарларга ижод оламининг ранг-баранг саҳифаларини очиб берди. Кўргазмалар саройида намойишга қўйилган “Олтин куз” номли кўргазманинг экспозициясидан ўрин олган асарлар орасида Абдулла Ражабовнинг ижод намуналари ёшларда илиқ таассурот қолдирди.
– Фарғона шаҳридаги санъат коллежида таҳсил олганман, – деди тадбир иштирокчиси, оддий аскар Фаррух Набиев. – Абдулла Ражабовнинг асарлари эзгулик, поклик билан суғорилган. Ўз миллий маданияти ва урф-одатларини матога кўчириб, уни дунёга танитмоқликни ватанпарварликнинг намунаси, деб биламан.
ЎзА