Ўзбекистон – Евросиё илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш уюшмаси (ЕИТУ) кўп томонлама халқаро ҳамкорлиги доирасида иккита илмий лойиҳага грант маблағлари ажратилади. Бу 2021-2023 йилларга мўлжалланган илмий-техник лойиҳалар танлови натижалари бўйича амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Евросиё илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш уюшмаси ўртасида имзоланган ҳамкорлик шартномаси доирасида эълон қилинган илмий-техник лойиҳалар танловига 38 та лойиҳа келиб тушган.

Экспертиза жараёни, илмий-техник кенгашлардаги тақдимот ва муҳокамалар натижасига кўра, 11 та илмий-техник лойиҳа молиялаштиришга тавсия қилинди. ЕИТУга аъзо иштирокчи давлатларнинг ҳар бири томонидан ижобий экспертиза хулосасини олган 2 та лойиҳа молиялаштирилишига келишилди.

«Янги авлод рекомбинант токсинларини яратишда рибосомани инактивацияловчи оқсилларнинг тузилиши ва функцияси» лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академик О.С.Содиқов номидаги Биоорганик кимё институти, Беларусь Миллий Фанлар академияси Биоорганик кимё институти, Россия Фанлар академияси академиклар М.М.Шемякин ва Ю.А.Овчинников номидаги Биоорганик кимё институти, Вьетнам Фан ва Технологиялар академияси Биотехнология институти олимлари томонидан амалга оширилади.

Мазкур тадқиқот ўсимта тўқималарига махсус таъсир кўрсатадиган ва ножўя таъсирга эга бўлмаган дориларни яратишга қаратилган. Оддий ва ўсимта ҳужайралари орасидаги молекуляр, биокимёвий, ирсий фарқлар, айниқса ўсимта тўқималарида метаболизм, дориларни, радиоизотопларни, ситотоксинларни мақсадли етказиб бериш усулларини ишлаб чиқиш учун назарий асос яратади.

Шунингдек, Россия Фундаментал тадқиқотлар жамғармасининг Евросиё илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш уюшмаси ҳамкорлигидаги кўп томонлама илмий-техник лойиҳалар танлови натижаларига кўра, Фанлар академияси Микробиология институтида “Аквакультура микроорганизмларидан фойдаланган ҳолда балиқлар учун озуқа ем қўшимчасини яратиш” лойиҳаси бўйича илмий изланишлар олиб бориш режалаштирилган.

Ушбу лойиҳа Россия Федерациясининг Жанубий Федерал университети ва Арманистон Миллий аграр университети олимлари билан ҳамкорликда бажарилади. Тадқиқот хар бир мамлакатдаги балиқчилик хўжаликларининг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда, Россия, Арманистон ва Ўзбекистонда аквакультурадан фойдаланиш учун юқори самарали мақсадли пробиотик препаратларни яратишга қаратилган.

ЎзА