Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилаётган видеоселектор йиғилишида жойларда электр ва табиий газ тармоқларига ноқонуний равишда уланиб, халқ мулкини талон-торож қилиш ҳолатлари кўпайгани қайд этилди.

Мисол учун, Тошкент вилояти Янгийўл тумани электр таъминоти корхонаси бош муҳандиси ўз ходимлари билан 500 доллардан 2 минг долларгача пора олиб, ҳеч қандай ҳужжатларсиз истеъмолчиларни электр тармоғига улаб келган.

Ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан мамлакат бўйича 1 минг 525 та ҳолатда 59 миллиард сўм қийматдаги энергия ресурслар талон-торож қилингани аниқланган.

Жумладан, Самарқанд вилоятида аҳолига мўлжаллаган 80 тонна суюлтирилган газ ўғирланишига йўл қўйилган. Муборакда ғишт ишлаб чиқариш заводи ер остидан ўтган газ қувурига ноқонуний уланиши оқибатида 4,3 миллион куб метр газни талон-торож қилган. Бу – қарийб 8 минг хонадоннинг бир ойлик газ таъминоти, деганидир.

Йиғилишда улгуржи истеъмолчилар томонидан 7 миллион куб метр табиий газ ноқонуний ўзлаштирилгани кўрсатиб ўтилди.

Бош прокуратура ва Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига ушбу масалани кундалик назоратга олиш ва энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланганлик учун жавобгарликни кучайтириш бўйича топшириқ берилди.

– Агар 25 йил давомида электр ва табиий газ тармоқларига ўз вақтида ҳисоблагичлар ўрнатилганида бугунги муаммолар юзага келмасди, — деди Президент.

Йиғилиш давом этмоқда.

ЎзА