Тадбирда Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева, сенаторлар, тегишли вазирликлар, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Бадиий академияси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва бошқа қатор ташкилотлар масъуллари, Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус тор доирада қолиб кетмасдан, барча ҳудудлардаги маҳалла ва оилаларга кириб бориши лозимлиги, ташаббуслар ижросига кенг жамоатчиликни жалб қилиш кераклиги таъкидланди.
Мажлисда масъул вазирлик ва идоралар томонидан 5 та муҳим ташаббус доирасида амалга оширилган ишлар юзасидан ахборот берилди.
Қайд этилишича, биринчи ташаббус – ёшларнинг мусиқа, рассомчилик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини ошириш доирасида юртимиздаги мавжуд 800 дан ортиқ маданият марказларида 4 минг 522 та тўгарак фаолияти йўлга қўйилиб, уларга 1 минг 762 та мусиқа жиҳози етказиб берилган. Умумтаълим мактабларида ташкил этилган 36 минг 503 та тўгаракка қарийб 1 миллион 100 минг ўғил-қизлар қамраб олинган.
Иккинчи ташаббус – ёшларни жисмоний чиниқтириш ва спорт соҳасидаги қобилиятларини намоён этиши учун зарур шароитлар яратиб бериш доирасида умумтаълим мактабларида 7 минг 64 спорт тўгараги ташкил этилган. Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан 7 минг 151 тўгарак фаолияти йўлга қўйилиб, мазкур йўналишга 24,8 миллиард сўм маблағ йўналтирилган.
Учинчи ташаббус – аҳоли ва ёшлар орасида компьютер технологиялари ва интернетдан фойдаланишни ташкил этиш доирасида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан 52 та рақамли технологиялар ўқув маркази очилган. Умумтаълим мактабларидаги компьютер синфхоналари сони 14 минг 940 та. Ахборот технологиялари йўналишида ташкил этилган 14 минг 972 та тўгаракка 510 минг 340 нафар ўқувчи қамраб олинган.
Тўртинчи ташаббус – аҳоли, айниқса, ёшлар маданиятини юксалтириш, улар орасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш масаласида ҳам қатор ишлар амалга оширилган. Бугунги кунда мамлакатимизда фаолият олиб бораётган 201 та ахборот-кутубхона марказидаги жами китоблар сони 16 миллион 319 минг 587 тани ташкил қилади. Ушбу ахборот-кутубхоналар аъзолари сони 1 миллион 196 минг 233 нафардан иборат. 2020 йилда кутубхоналарга 150 минг 724 та китоб етказиб берилган.
Бешинчи ташаббус – хотин-қизларни иш билан таъминлаш доирасида ҳам эътиборга лойиқ чора-тадбирлар амалга оширилган. Бугунги кунда юртимизда 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган хотин-қизлар сони 3 миллион 596 минг 406 нафарни ташкил қилади. Жорий йилда 76 минг 198 ёш хотин-қиз иш билан таъминланган, 15 минг 935 нафари касб-ҳунарга ўқитилган. Мазкур мақсадлар учун 76,2 миллиард сўм сарфланган. Яна 30 минг 451 нафар хотин-қиз касб-ҳунарга ўқитилиши белгиланган.
Президентимизнинг жорий йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида оммавий спортни ривожлантириш бўйича оилалар, синфлар, меҳнат жамоалари ва ҳудудлар ўртасида спорт мусобақаларини мунтазам равишда ўтказиш, ҳар бир туман (шаҳар)да турли спорт танловларини ташкил этиш, барча давлат органлари ва ташкилотларида раҳбар ва ходимларнинг жисмоний тарбия ва спорт машғулотлари билан шуғулланишини таъминлаш, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларга ҳам спорт билан шуғулланишлари учун шароит яратиш белгилаб берилди.
Фармон ижросини таъминлаш мақсадида туман, шаҳар ва маҳаллаларда жисмоний тарбия-соғломлаштириш инфраструктураси шакллантирилади. Хусусан, 9 минг 146 та маҳаллада 18 минг 292 та жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт майдончаси, 204 туман (шаҳарда) саломатлик ва велосипед йўлаклари бунёд этилади.
Тадбирда беш ташаббус доирасида келгуси йилда амалга ошириладиган ишлар юзасидан вазифалар белгиланди.
Гулноза БОБОЕВА,
ЎзА мухбири