Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинган кун байрами арафасида матбуот телевидение орқали тарқалган хабар халқимизни беҳад қувонтирди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган «Меҳр-3»  операциясининг навбатдаги босқичи  шу қувончнинг асосий сабаби бўлди.

Сурия мамлакатида жангавор ҳаракатлар давом қилаётган бир пайтда, 98 нафар ҳамюртларимизнинг ота маконига қайтарилиши, меҳр оқибат ва инсоний фазилатнинг энг ёрқин ифодаси. Улар орасида 25 нафар аёллар, 73 нафар болалар бор. Шу болаларнинг  14 нафари чин етимлардир.

Қарангки, бу ҳаётнинг нотекис йўлларида ўйланмай босилган қадам уларни адаштириб, ўзга элларда азобу-уқубатларга дучор қилган. Улар бегона юртларда инсон ҳуқуқларининг муҳофазасидан, ҳатто оддий ҳимоя, энг оддий яшаш шароитларидан маҳрум бўлганлар. Уларнинг сарсон саргардонлиги онани боладан, болани отадан  айириб энг оғир қийинчиликларни бошидан кечиришларига мажбур қилган.

Мен уларнинг аэропортда самолётдан тушаётган пайтларидаги ҳолатлари,  она юрт ҳавосидан тўйиб нафас олаётганлари, юзларидаги қувонч ифодаларини кўриб шуни сездимки, ҳеч ким ва ҳеч қачон ўзга юртда эркин нафас олиб,  орзу-мақсадларига эриша олмайди.

Суриядан қайтиб келган 98 нафар инсоннинг юрагида ҳаётга бўлган ишонч ўйғонганлигига, Янгиланган Ўзбекистонда албатта янги ҳаёт билан яшашларига ишонаман.

Президентимиз ташаббуси, ҳукуматимиз, масъул вазирлик, идоралар саъй-ҳаракати билан уларнинг қалбига эзгулик, меҳр, қўйингки, барча инсоний фазилатлар уруғи қадалди.

Шулар ҳақида ўйлар эканман, бўлиб ўтган воқеа асосида ёзган ҳикоямни бошқаларнинг ҳам адашиб, ана шундай қийин шароитларга тушиб қолмаслигини тилаб, эътиборингизга ҳавола қилмоқчиман.

 

НОЛА

(воқеавий ҳикоя)

 

Меҳрибон оғилхонада молларнинг тагини тозалаб, сигирни соғишга киришганида, ташқаридаги эшик очилиб, ҳовлига кимдир кириб келди. Осмон қоронғулашиб кун ботаётган эди.

–Келдингизми, дадаси,–деди Меҳрибон оғилхона олдига келган кишини эри Тоҳир деб ўйлаб…

–Ҳеч ким жавоб бермади. Меҳрибон сигирнинг охирги сутини ҳам тез-тез соғиб олиб ўрнидан турди. Челакни ўнг қўлига олиб, сочиқни елкасига  ташлаб оғилхонадан чиқдида атрофга аланг-жаланг боқди.

Ҳеч ким кўринмади. Эшик очилгандай, кимдир мени кузатаётгандай бўлди, деб ўйлади ҳавотирга тушиб… Қўлидаги челак билан ичкарига йўналди. Даҳлиздаги диванда қорачадан келган йигит ўтирарди. Унинг юзи танишдек эди…

–Ассалому-алейкум деб ўрнидан турди, у. Мени танимаяпсизми, янга мен Муҳаммадман, Тоҳир акам билан бирга ишлаймиз.

Меҳрибон сал ўзига келгандай бўлди. Йигитнинг саломига алик олиб, ичкарига таклиф қилди…

–Янга, мени Тоҳир акам юборди. Ўзи келолмайди. Эрталаб тонгда йўлга чиқар экансизлар. Тайёрланиб, Оғабекни ҳам олиб, ёнимга келсинлар,–деб юборди.

–Ўзи нега келмади… Меҳрибон шу сўзни айтди–ю, бўшашиб қолди, ўз овозини ўзи ҳам эшитмади. Неча  ойдан бери оилада бўлаётган ғавғо ва тушунмовчиликлар, кўз ёши-ю, уриш-сўкишлар, ялиниш-у, тушунтиришларнинг интиҳоси шу бўлдими?

Меҳрибоннинг қўлидаги сут тўла челак тарқ этиб пастга тушди. Сут чайқалди, сачради лекин тўкилмади. У ён томондаги курсига ўзини ташлади. Ўтирди-ю, худди ер қимирлагандек чайқала бошлади.

–Сизга нима бўлди, янга…

–Сиз, Сиз… Кетаверинг, мен эрталабга тайёр бўлиб тураман.

Муҳаммад қандай тез кирган бўлса шундай тез чиқиб кетди.

Ичкарида қоғозга алланималарни чизиб ўтирган Оғабек онасининг олдига югуриб чиқди.

–Дадам келдими, она…

Меҳрибон ўғлининг бурро – бурро гапиришидан сал ўзига келгандай бўлди.

–Йўқ, ўғлим дадангнинг ўртоғи келган экан…

–Биламан, дадам менга айтган эди, биз дадамнинг олдига боришимиз керак. У бизларни кутаяпти, она эшитаяпсизми, самолётда Истанбулга учамиз…

…Онасининг бошидаги ғавғоларни Оғабек қаердан билсин. Меҳрибон Қозоғистонда икки йил ишлаб келиб, мутлақо бошқа бир одамга айланган эрини тўғри йўлга сололмади. Соқол қўйган, беш вақт намоз, қаерларгадир йўқолиб кетади, камгап. Фикрлари бошқача, сал гапга тортса  «Кетамиз, бу ердаги ҳаёт биз мусулмонларга тўғри келмайди. Аёл киши деган ўраниб юриши керак» дейди эри. Эрининг чизган чизиғидан чиқмаслиги керак, беш яшар ўғлига ҳам Қуръон оятларни ёдлатади, яъни  «Аллоҳу акбар»ни минг карра такрорлатади.

Меҳрибон ўғлини бағрига тортди. Биз эрим айтган юртларга кетсак, аҳволимиз нима кечади. Шу ерда ҳам бежанжал, мусулмонликнинг барча қоидалари билан яшаш мумкинку…

Ота-онаси ҳам эринг тўғри айтаяпти, ҳаётингни бузма. Эрингнинг  ёнида бўл, болам, у ерда эрингнинг топиб қўйган иши бордир, деб қизининг қулоғига қуйгани қуйган…

Меҳрибон учун тақдирнинг бу йўлидан эри билан кетишдан бошқа чораси қолмаган эди…

Улар эрталабки рейсда Тошкентга, кейин Истанбулга  учдилар. Аэропортда уларни эрига ўхшаш соқоллари ўсган йигитлар,  ўралган бир аёл билан кутиб олдилар. Меҳрибоннинг ақли лол эди. «Эй, Оллоҳим, ўзинг тўғри йўл кўрсат», деб илтижо қиларди у.

Ўралган аёлнинг исми Зайнаб экан. Турк тилида Меҳрибонга озроқ дам олиб, чой ичиб ўтиришни, ўғли Оғабекни эса дадасининг ёнида қолдириш кераклигини айтди. Меҳрибон «йўқ, бўлмайди, боламни ҳеч кимга бермайман. Дадасининг минг сон иши бор, у болага ҳеч қачон ўзи қараган, эмас» деб зўрға тушунтирди.

Аёл бош чайқади. Бўлмайди, деди. «Оғабек, бўлса, дадамга бораман, у менга ўйинчоқ машина, ўйинчоқ аскарлар ва сув билан отиладиган пистолет совға қилмоқчи эди. Она, мен ўйинчоқларни олиб, тез ёнингизга қайтиб келаман, деб Меҳрибонга ёлворди.

Мехрибоннинг юрак бағри эзилиб кетди. У бутун вужуди ва муштдаккина юраги билан бу кекса оламнинг унга етказмоқчи бўлаётган озорларини сезаётгандай эди. Зайнаб унинг қўлидан ўғлини олиб кетишганида  ерга чўккалаб қолди, бошини ерга уриб йиғлади, кўз ёшларидан ёкаларигача ҳўл бўлди.

***

Ўғлини олиб кетган Зайнаб тез қайтиб келди. Мехрибон ақли лол, кўзи кўр, оёғи ланг бўлган одамдек гарансиб қолган эди.

–Қўрқманг, ўғлингиз дадаси билан. Ҳозир рейсни эълон қиладилар. Биз ҳаммамиз Дамаск шаҳрига, Сурияга учамиз. Кейин Амипога жойлашасизлар…

Меҳрибон Зайнабнинг Сурия деган сўзидан бошқа ҳеч нарсага тушунмади. Энди ҳамма қўрқувлари  ваҳимага айланди…

–Нега бунча ўйга толаяпсиз. У ерда эрингиз, ўғлингиз ёнингизда бўлади…

Меҳрибон сал ўзига келгандай бўлди. Лекин самолётда уларни кўрмади. Улар орқада ўтирибди, манзилга етгач, учрашасизлар, деб юпатди. Зайнаб…

***

Орадан бир ҳафта ўтди. Ҳеч нарса Зайнаб айтгандай бўлмади. Меҳрибон ўнлаган енгил табиатли аёллар сақланаётган иморатга келди. У жойлашган бўлма совуқ ва қўрқинчли эди.

Амипо деган катта қадимий шаҳарнинг чека қишлоғи–тоғлар орасига жойлашган макондаги бу уйнинг бир бурчагига тиқилиб олган Меҳрибон бу ерлар террорчилар уяси эканлигини англаган сари ҳаёт билан хайрлашарди.

Икки кунгача Меҳрибон ёлғиз қолди. Хонага олиб кириладиган овқатларнинг тузини ҳам тотмади.

Фикри зикри, ақли-ўйи ўғлида эди.

Учинчи куни улар жойлашган иморат ҳовлисига қуролланган жангарилар кириб келди. Ҳаммани ҳовлига олиб чиқдилар.

Оппоқ кийимдаги Уламо бир одам узоқ маъруза ўқиди.

Меҳрибон  маърузада айтилган ва амал қилиши керак бўлган жуда кўп  қоидаларни эслаб қололмади. Фақат «Е Оллоҳ, Оллоҳи Акбар» деб ўзини қурбон қилганлар тўғри жаннатга боради. Барча оламларни яратган, башариятнинг  поклик ва гўзаллик дини бўлган Ислом неъматини инъом қилган Оллоҳ Таолога беадад ҳамду санолар бўлсин! Ушбу илоҳий шариатни умматларига тўлиқ етказган Муҳаммад соллалоҳу айлайҳи васалламга саховат ва саломлар бўлсин» деган узундек узоқ нидолар бутун миясини ўргимчак уясидек ўраб олган эди.

Бирдек майдонда белига портловчи мослама бойлаб олган жангарилар пайдо бўлди. Уларнинг орасида ўспиринлар, 3-5 ёш оралиғидаги гўдаклар ҳам  бор эди. Меҳрибон бутун вужуди кўзга айланиб ўғли Оғабекни  излай бошлади. Эрига кўзи тушди, унинг ҳам белида портловчи мослама бор эди.

Аёлларга ҳам бирин кетин шу мосламаларни кийдира бошладилар. Атрофдаги «Бу тўғри жаннатга борадиган йўлни очиб беради. У ерда энг гўзал ва жозибали ҳаёт кутмоқда бизни» деган чақириқлар жаранглар эди.

–Бирдан отишма бошланди. Бостириб келаётган бир тўда «душманлар» томонга ёш болаларни югуртирардилар. Улар тўда орасига  киргач, бирин-кетин портлашлар бошланди.

Меҳрибон ҳушидан кетди. У юзига сув сепаётган аёлнинг қўлини итариб, бирдан ўрнидан туриб ҳозиргина портлаш содир бўлган майдонга ўзини урди… Не кўз билан кўрсинки, ўғли Оғабек қўл оёғи бўлак бўлак сочилиб, тупроқ билан тенг бўлиб ётарди.

–Болажоним, болам, мен бўлак-бўлак бўлсам бўлмасмиди. Оллоҳ ол, менинг ҳам жонимни ол! Жаннатдаги ўғлимни кўрай, деб нола қиларди, у… Унинг ноласидан осмон титраб кетгандай, тоғлар ларзага келгандай бўлди. Онаизор  белидаги мосламанинг тугмасини босди ва атрофга унинг ҳам танаси бўлиниб-бўлиниб сочилиб кетди…

Атрофни сукунат қоплади. Осмон қоронғулашди.  Қоронғулик ичидан келаётган ноладан ерга тошлар ёғилгандай эди.

«Оллоҳим! Сен менинг Раббимсан. Сендан ўзга илоҳ йўқ. Сен мени яратгансан, Мен сенинг бадангман. Мен қудратим еткунча сенинг аҳдинг ва ваъданг узрадирман. Мен қилган амалимнинг ёмонлигидан Сендан паноҳ сўрайман. Сенинг мендаги неъматларингни тан оламан. Гуноҳимни иқрор этаман. Бас, мени кечиргин, Зеро Сендан ўзга гуноҳларни кечиргувчи йўқдир»

Зайнаб хотин ерга чўккалаб қилган бу тавба–истиғфор осмони фалакни ёриб юборган Меҳрибон қилган ноланинг давомидай эди.

Оллоҳим, сен ҳаммасини билгучи, сен кечиргучисан. Адашган бандаларингни кечиргин!

 

Гулистон Аннақиличева (Матёкубова),

Қорақалпоғистон халқ шоираси,

Сенатор.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги