Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг Афғонистон Ислом Республикаси Олий миллий ярашув кенгаши раиси Абдулла Абдулла билан учрашуви бўлиб ўтди.

Суҳбат чоғида турли соҳалардаги кўп қиррали Ўзбекистон-Афғонистон муносабатлари ҳолати ва муносабатларни янада фаоллаштириш истиқболи муҳокама қилинди.

Афғонистонда мустаҳкам тинчлик ўрнатиш ҳамда минтақавий хавфсизликни таъминлашнинг муҳим жиҳатлари юзасидан фикр алмашилди.

Транспорт, логистика, энергетика, савдо ва таълим соҳаларида инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш орқали икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Афғонистонда тез орада тинчлик ва барқарорликка эришиш учун мазкур мамлакатни Марказий Осиёдаги интеграция жараёнига жалб қилишни жадаллаштириш муҳимлиги қайд этилди.

Музокараларда икки томон кун тартибининг ўзаро манфаатли бошқа масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Ғайрат ХОННАЗАРОВ, Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА