Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳридаги «Бойтерак» маҳалла фуқаролар йиғинининг янги биноси фойдаланишга топширилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматов иштирок этиб, Президентимиз раҳнамолигида маҳалла тизимининг жамиятдаги нуфузини ошириш, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини янада такомиллаштириш, унинг вазифа ва ваколатлари доирасини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётганлигини қайд этди.
Дарҳақиқат, сӱнгги йилларда фуқароларнинг ӱзини-ӱзи бошқариш органларининг фаолиятини янада такомиллаштириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, соҳа ходимларини моддий қӱллаб-қувватлаш борасида кенг кӱламли ишлар амалга оширилмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг навбатдан ташқари саккизинчи сессиясида давлатимиз раҳбари томонидан келгуси 3 йилга мўлжалланган ўнта устувор йўналиш қайд этилиб, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини ривожлантириш бӱйича вазифалар белгиланди.
Чунки, маҳалла жамиятда адолат тамойилларининг кӱзгусига айланиши керак. Фуқаролар йиғини одамларнинг дардини тинглайдиган ва муаммоларига ечим топадиган жой бўлиши лозим. “Трансгаз сервис Нукус” масъулияти чекланган жамияти ҳомийлигида барпо этилган «Бойтерак» маҳалла фуқаролар йиғинининг янги биносида ҳудуд аҳолисининг кундалик муаммоларини ҳал этиш учун барча шарт-шароит яратилган.
Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматов шунингдек Нукус шаҳридаги «Наўпир» маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам бўлди. Бу ерда ходимларнинг самарали фаолият юритиши учун яратилган шарт-шароитлар, бинонинг моддий-техник базасини кўздан кечирди. Ҳудуд аҳолиси, айниқса эҳтиёжманд ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар билан манзилли ишлаш юзасидан фикр-таклифлар билдирилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигида шаҳар ва туман бўлими раислари билан ташкил этилган учрашувда мазкур тизим фаолияти самарадорлигини янада ошириш юзасидан топшириқлар берилди ва истиқболдаги вазифалар белгилаб олинди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ,
ЎзА мухбири