Ўзбекистон ва Қатар икки томонлама шартномавий-ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлашга интилмоқда

Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, бу ҳақда видеоконференцалоқа шаклида бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси билан Қатар Давлати ўртасида шартномавий-ҳуқуқий базани инвентаризация қилиш бўйича ташқи ишлар вазирликлари ҳуқуқий бошқармалари маслаҳатлашувида таъкидланди.
Ҳамкор томон делегациясига Қатар ташқи сиёсий идорасининг Шартнома ва ҳуқуқ бошқармаси бўлим бошлиғи Иса Али ал-Муҳанадий бошчилик қилди.
Тадбир давомида томонлар имзоланган халқаро шартномаларнинг ҳуқуқий мақомини аниқлаш, ўз аҳамиятини йўқотган ҳужжатларни белгилаш, ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш масалаларини, шунингдек кўриб чиқилаётган ҳужжатлар лойиҳаларини муҳокама қилдилар.
Маслаҳатлашув якуни бўйича инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоялаш, икки ёқлама солиқ солишга йўл қўймаслик, ҳаво қатнови ҳамда божхона ишларида ҳамкорлик соҳаларидаги битимлар лойиҳаларини кўриб чиқишни фаоллаштиришга келишиб олинди.

 

ЎзА