Яқинда оммавий ахборот воситаларида қўшни Қозоғистон Республикасининг шимолий ҳудуларида парранда гриппи қайд этилганлиги, касаллик сўнгги бир ҳафта ичида мамлакат бўйлаб тарқалиб бораётганлиги, шунингдек икки киши куйдирги (Сибир яраси) касаллигига гумонланиб касалхонасига ётқизилганлиги тўғрисидаги хабарлар тарқалди.
Мазкур хабарлар расмий идоралар томонидан тасдиқланди.
Албатта, бу ҳолат мамлакатнинг яқин қўшиниси бўлган Ўзбекистон учун ҳам эпизоотик барқарорлик бўйича анчайин хатарли ҳисобланади. Негаки, халқимизда “Қўшннинг тинч – сен тинч” деган мақол бор. Яъни, яқин ҳамсояларимизда юзага келган салбий эпизоотик вазият юртимизга таъсир ўтказмайди деб ҳеч ким кафолат бера олмайди.
Шу боис, ЎзА мухбири мамлакатимиздаги эпизоотик вазият хусусида Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Жабборовга мурожаат қилди.
– Қозоғистон шимолида тарқалган парранда гриппи малакатимизнинг чегара ҳудудларига ҳам етиб келган дейишаяпти. Бу гаплар қанчалик ҳақиқатга яқин?
– Дарҳақиқат, жорий йилнинг 9-16 сентябрь кунлари Шимолий Қозоғистоннинг еттита туманида уй паррандалари орасида юқори патогенли грипп касаллиги қайд этилганлиги рост. Лекин жануб томон “силжиётганлиги” борасида қозоқ ҳамкасбларимиз ахборот алмашиб турибмиз. Уларнинг ўзида бу ҳолат қаттиқ назоратга олинган ва Халқаро ҳайвонлар соғлигини ҳимоя қилиш ташкилоти томонидан касаллик тарқалишининг кундалик монторинги юртилаяпти…
– Юртимизга кириб келишининг олдини олиш бўйича ҳам чора-тадбирлар ишлаб чиқилган бўлса керак…
– Касалликнинг Қозоғистонда қайд этилган куниёқ мамлакатимизнинг Бош давлат ветеринария инспектори томонидан республикамиз ҳудудига касаллик қайд этилган мамлакатлардан парранда ва паррандачилик маҳсулотларининг кириб келишига вақтинчалик тақиқ қўйилди. Хатарнинг олдини олиш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди. Жумладан, юртимиздаги барча хўжалик субъектларида парвариш қилинаётган 93,1 млн. бошдан зиёд парранданинг сақлаш шароити ёпиқ режимга ўтказилди. Яъни, уларнинг ёввойи паррандалар билан алоқаси узилиб, биохавфсизлик чоралари кўрилди.
Айни пайтда ҳайвон касалликларининг четдан кириб келишининг олдини олиш мақсадида профилактик тадбирлар, биринчи навбатда қўшни республикалар билан чегарадош ҳудудларда амалга оширилмоқда. Ёввойи ҳайвонларнинг пода ҳаракати ва паррандаларнинг миграцияси бўйича давлат ветеринария назорати кучайтирилди.
– Шу ўринда дунёдаги эпизоотик вазият хусусида ҳам тўхталсангиз…
– Халқаро ҳайвонлар соғлиғини ҳимоя қилиш ташкилотининг маълумотига кўра, 2020 йилнинг ўтган даври мобайнида дунёнинг 6 та давлатида 25 ҳолатда оқсил, 21 та давлатда 7327 ҳолатда чўчқа ўлати, 2 та давлатда 4 ҳолатда қўй-эчки чечаги, 20 та давлатда 487 ҳолатда юқори патогенли парранда гриппи, 5 та давлатда 54 ҳолатда қўйларнинг блютанг, 3 та давлатда 9 ҳолатда паррандаларнинг Ньюкасл, 1 та давлатда 1 ҳолатда туберкулёз, 2 та давлатда 5 ҳолатда куйдирги, 4 та давлатда 35 ҳолатда нодуляр дерматит, 1 та давлатда 4 ҳолатда майда моллар ўлати, 6 та давлатда 97 ҳолатда қутуриш ва бошқа тур касалликлар аниқланган.
Мамлакатимизда ҳайвонларнинг ўта хавфли юқумли касалликлари келиб чиқиши ва четдан кириб келишининг олдини олиш мақсадида эпизоотияга қарши тадбирларни уюшқоқлик билан ўтказиш учун 1129 та ишчи гуруҳи тузилиб, 4194 та мутахассис ва ходим бириктирилди. Улар томонидан шу кунгача 33,5 млн. бош чорва молларининг 85-95 фоизи куйдирги, нодуляр дерматит, бруцеллёз ва бошқа юқумли касалликларга ҳамда 2,2 млн. бош ит ва мушук қутуриш касаллигига қарши эмланди.
Шу билан бирга 5,7 млн бошдан зиёд чорва моллари бруцеллёз ва туберкулёз касалликларига диагностик текширилди.
– Чорва объектларини дезинфекция қилиш ишлари ҳам эпизоотик тадбирлар сирасига кирса керак…
– Албатта! Шу пайтга қадар Қрим-Конго геморрагик иситма касаллигининг келиб чиқишини бартараф этиш мақсадида 13,5 млн бош қорамол ва 18,5 млн бош майда мол эктопаразитларга қарши чўмилтирилиб, чорва моллари сақланадиган 896 мингта бинода дезинфекция ва дезинсекция тадбирлари ўтказилди.
Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ҳудудий хизматлари билан биргаликда ҳайвонларнинг юқумли касалликлари келиб чиқиши сабаблари, унинг олдини олиш ҳамда чорва ҳайвонларини ўз вақтида эмлатиш борасида кенг кўламли ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.
Зеро, касалликнинг эмас, хатарнинг олдини олган маъқул!
ЎзА