Вилоят бандлик бош бошқармаси, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги вилоят филиали, бутунжаҳон ўзбек ташкилотларининг халқаро конгресси –«World Congress of the Uzbek Associations», Красноярск шаҳридаги «Содружество узбекистансев» ижтимоий-ҳуқуқий адаптация қилиш жамоат ташкилоти вакиллари иштирок этган учрашувда Москва ва Красноярск шаҳридаги корхоналарда Бухоро вилоятидан ишга жалб қилинадиган меҳнат мигрантларига касб ва тил ўргатиш, уларга шароитлар яратиш, ҳужжатларни иш берувчи расмийлаштириши каби масалалар муҳокама қилинди.Тадбир давомида 2020-2021 йилларда бухоролик мингга яқин фуқароларни Москва ва Красноярск шаҳарларида ишга жойлаштириш шартномалари хусусида келишиб олинди.
Бундан ташқари, АҚШнинг Пенсилвания штатидаги “ETL GROUP” компанияси бош директори А.Мохов томонидан Ўзбекистон фуқароларини масофадан туриб ишлашга жалб қилиш таклифи кўриб чиқилди.
Бунинг учун фуқаролардан инглиз тили ва компьютер дастурларини мукаммал билиш талаб этилади. Фуқароларни брокер касби бўйича ишга жалб этиш назарда тутилган бўлиб, компьютер саводхонлиги ва хорижий тилларни ўргатувчи марказлар ташкил этиш белгиланди.
Учрашувда айни пайтда Красноярск шаҳрида ишлаётган ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари билан суҳбат ташкил этилиб, Ўзбекистонда қонуний меҳнат миграциясини янада такомиллаштириш, меҳнат мигрантлари учун яратилаётган шароит ва имтиёзлар ҳақида маълумот берилди.