Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси делегацияси Москва шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этди.
Ҳиндистон, Покистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Россия, Тожикистон, Хитой ва Ўзбекистон ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари ШҲТ Бош котиби ва ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директори иштирокида Ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг бўлажак йиғилишига тайёргарлик жараёнини муҳокама қилдилар.
Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати маълумотига кўра, вазирлар ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгаши мажлиси кун тартиби ва имзолаш учун таклиф қилинадиган ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқди.
Афғонистондаги тинчлик жараёнини илгари суриш учун Ташкилотга аъзо давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича фикр алмашилди. Афғонистоннинг минтақавий иқтисодий жараён ва инфратузилма лойиҳаларида иштирок этиши бутун ШҲТ ҳудудида изчил ривожланиш ва барқарорлашувга эришишга ҳисса қўшиши қайд этилди.
Тадбирда ШҲТ ва БМТнинг тегишли институтлари ўртасидаги шериклик алоқаларини янада кенгайтиришнинг долзарб жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилди. Шу нуқтаи назардан ШҲТ ва БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси, ЭСКАТО, ЮНКТАД ва ЖССТ каби институтлари ўзаро англашув меморандумларини имзолаш муҳимлиги таъкидланди.
Томонлар халқаро ва минтақавий долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашди. Муайян масалалар бўйича тегишли қарорлар имзоланди.
Учрашув якунлари бўйича делегациялар раҳбарларини Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин қабул қилди.
ЎзА