Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманининг энг чекка ҳудудларидан бири Олтинсой овул фуқаролар йиғинида сайёр қабул бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистон Республикасидаги Халқ қабулхонаси ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда секторлар, корхона, ташкилот, муассаса раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан илгари сурилган “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” тамойили асосида жойларда ташкил этилаётган сайёр қабуллар аҳолининг кундалик ҳаётида учраётган муаммоларнинг ижобий ҳал этилишига, уларнинг бугунги кундан рози бўлиб яшашига хизмат қилмоқда. Туманнинг олис ҳудудида ўтказилган сайёр қабул давомида аҳолидан келиб тушган мурожаатларнинг аксарияти ижобий ечим топди.
Жумладан, Абай овули фуқаролар йиғини ҳудудидаги умумтаълим мактаби директори О.Ботированинг ўқувчи сонининг кўпайиши сабабли синф хоналари етишмаётганлиги бўйича мурожаати эътиборга олиниб, қўшимча бино қуриш бўйича тегишли соҳа раҳбарларига кўрсатма берилди. Ноанъанавий тарзда мактабгача таълим ташкилотини ташкил этиш борасидаги таклиф аҳоли томонидан маъқулланди.
Тадбир якунида 3-сектор раҳбари томонидан бир гуруҳ ёшларга фуқаролик паспорти, эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандларига бадиий адабиётлар, янги ўқув йилига ўқув анжомлари топширилди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА