Бўзатовда замонавий чорвачилик мажмуалари барпо этилмоқда​

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 7 ноябрдаги “Қорақалпоғистон Республикасида чорвачилик тармоқларини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш борасида Бўзатов туманида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

59d5d2ce-16b7-4fe1-b6e4-28dfc3b96c70.jPG

Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ҳукуматининг амалий ёрдамида бугунги кунда туманда бир қатор чорвачилик мажмуалари барпо этилиб, Германия, Россия Федерацияси, Австрия каби мамлакатлардан наслли қорамоллар олиб келинмоқда. Бу борада, туманда умумий қиймати 54 миллиард 755 миллион сўмлик 46 та лойиҳа амалга оширилиб, 127 та янги иш ўрнини яратиш режалаштирилган. Ушбу лойиҳаларнинг рўёби натижасида 2575 бош чорва моли, шундан 1845 бош наслли қорамол ва 730 бош қўй-эчки олиб келинади.

b15ea36e-b85f-4ea4-bfdd-31b9bed8e419.jPG

Қарор ижросини таъминлаш, чорвачиликни ривожлантириш борасидаги тадбиркорлик ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, соҳага аҳолини кенг жалб қилиш, уларнинг чорвачилик билан шуғулланиши учун қулай шароит яратиш борасида ишлар бошлаб юборилди. Шу жумладан, чорвачилик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган лойиҳа ташаббускорлари қўллаб-қувватланмоқда.

Тумандаги “Эркиндарё” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Эркиндарё чорва” фермер хўжалиги томонидан 100 бош қорамолга мўлжалланган чорвачилик мажмуаси ишга туширилди. Акциядорлик-тижорат “Халқ банки”нинг 1 миллиард 338 миллион сўм кредит маблағи эвазига жорий йилнинг май ойида 25 бош гольштейн ва 28 бош симментал наслли қорамол олиб келинди. Натижада 15 та янги иш ўрни яратилди. Бугунги кунга қадар 17 та бузоқ олинди.

ccde9f6e-c04c-4494-81e9-f3e1b0ac0d38.jPG

Ҳар бир сигирдан кунига 20-25 литрдан сут соғиб олинмоқда. Ушбу маҳсулотлар Нукус шаҳридаги ва туман ҳудудидаги сутни қайта ишлаш шохобчаларига, савдо марказларига ва деҳқон бозорларига шартнома асосида етказиб берилмоқда.

Туман ҳокимининг қарори билан фермер хўжалигига жами 375 гектар ер майдони ажратилиб, шундан 40 гектарига маккажўхори, 60 гектарига беда ва бошқа озуқабоп экинлар экилди. Бу ишларга 7 та турли русумдаги техника ва агрегат жалб қилинган. Бугунги кунгача 500 тонна силос бостирилди. Бундан ташқари, 15 минг дона беда сенажи, 95 тонна маккажўхори сўтаси тайёрланди. Ҳар бир бош қорамол ветеринар мутахассиснинг кундалик назоратида бўлмоқда.

Тумандаги “Қушхонатов” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Агробизнес Бўзатов” масъулияти чекланган жамияти томонидан дастлабки босқичда 95 бош қорамолга мўлжалланган чорвачилик мажмуаси ишга туширилди. Германиядан 33 бош гольштейн ва 32 бош симментал наслли қорамол олиб келинди. Кейинги босқичда сутни қайта ишлайдиган ускуналар олиб келтирилиб, чорва кластерини ташкил этиш режалаштирилган. Мазкур овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Бўзатов Симментал” масъулияти чекланган жамияти томонидан бугунги кунда 500 бош қорамолга мўлжалланган чорвачилик мажмуаси барпо этилмоқда. Акциядорлик-тижорат “Халқ банки”нинг 24 миллиард сўм кредит маблағи эвазига биринчи босқичда Австрия давлатидан 300 бош қорамол олиб келинади. Кейинги босқичда яна 200 бош қорамол ва Туркиядан сутни қайта ишлайдиган ускуналар келтирилади.

Қарор ижросини таъминлаш доирасида амалга оширилаётган ишлар чорвачилик тармоғини жадал ривожлантириш, халқимизни арзон ва сифатли гўшт ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга хизмат қилади. Бу ўз навбатида фуқароларнинг бандлигини таъминлаб, уларнинг даромадини кўпайтиради.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА