Мактаб таълимида қандай янгиликлар кутилмоқда?

Янги ўқув йили бошланди. Аммо коронавирус пандемияси сабаб мактабларда ўқиш жараёни ҳар йилгидан бошқача шакл ва мазмунда бўлиши режалаштирилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати котиби Лайло Рустамова шундай деди:
– “Онлайн мактаб” телевизион дарслари жорий йилнинг 14 сентябрдан эфирга узатила бошланади. Масофавий шаклда таълим олаётган ўқувчилар шу лойиҳа доирасида ташкил этиладиган машғулотларда қатнашиши мумкин. Бунда мактаб ўқитувчиларининг асосий вазифаси масофавий таълимдаги ўқувчиларнинг кундалик давоматини юритиш, “Онлайн мактаб” лойиҳаси доирасида ташкил этиладиган дарсларда бериладиган вазифаларни текшириб, бажарилишини назорат қилиб боришдир.
Гибрид усулдаги таълим шаклида ўқитувчи ҳам мактабдаги, ҳам уйдаги ўқувчига дарс ўтиб бермайди.
Таъкидлаш лозим, 18 августдан 1-11-синфлар учун телевизион дарсларни тасвирга олиш ишлари бошлаб юборилган. Онлайн дарсларни тасвирга олиш ишларига жами 117 нафар республикамизнинг энг малакали педагоглари жалб этилган. Бундан ташқари ушбу дарслар устида 8 нафар сурдо-таржимон ҳамда 15 нафар муҳаррир ишламоқда.
10 мингга яқин халқ таълими муассасаларида оптик толали алоқа линияларини қурилади, масофавий таълим учун янада кўпроқ қулайликлар яратиш мақсадида алоҳида имтиёзли “Мактаб” тариф режаси ишлаб чиқилади.
Бу ҳақда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати котиби Шерзод Аҳматов маълум қилишича, карантин режими эълон қилинган вақтдан бошлаб ўқувчиларга уйда фанларни бемалол ўзлаштириши учун барча маҳаллий тармоқ ва мобиль операторлари томонидан таълим ахборот-ресурслари жойлаштирилган веб-сайтларга бепул кириш таъминланди.
Масофавий таълим беришда устоз ва мураббийлар учун мобиль алоқа хизматларидан қулай шартларда фойдаланиш учун махсус “Таълим” тариф режаси жорий этилган. Ҳозирги кунда ушбу тариф режасига янада кўпроқ қулайликлар киритилмоқда.
Масофавий таълим учун янада кўпроқ қулайликлар яратиш мақсадида алоҳида имтиёзли “Мактаб” тариф режаси ишлаб чиқилиб, ҳозирда жорий этиш ишлари амалга оширилмоқда.
Йил бошидан бугунги кунга қадар интернет тармоғига кенг полосали уланиш имкониятларни кенгайтириш мақсадида 9 минг километрдан ортиқ оптик толали алоқа линиялари қурилди. Уларнинг асосий қисми ижтимоий соҳа объектлари учун ташкил этилди.
Фойдаланувчилар учун янада кенгроқ имкониятлар яратиш магистрал телекоммуникация тармоқларининг ўтказувчанлик қобилияти вилоят марказлари даражасида 2 баробар, туман марказларигача эса 4 баробар оширилди.
Мобиль алоқа хизматлари қамровини кенгайтириш ва хизматлар сифатини яхшилаш мақсадида 1 минг 375 та қўшимча янги мобиль алоқа база станцияси ўрнатилди ва 3000 дан ортиқ мавжуд база станциялари юқори тезликдаги интернет технологиялари асосида модернизация қилинди.
Йил якунига қадар яна 4 минг километрдан ортиқ оптик толали алоқа линиялари қурилади ва 800 дан ортиқ қўшимча янги база станциялари ўрнатилади.

 

Муҳайё Тошқораева ёзиб олди, ЎзА