Нукусдаги йирик савдо мажмуаси очилишига рухсат берилди

Нукус шаҳар савдо мажмуасининг шаҳар марказидан санитария-эпидемиологик томондан хавфсиз ўринда жойлашганини ҳамда мазкур объектда ижтимоий масофани сақлаш имконияти мавжудлигини ҳисобга олиб жорий йилнинг 10 август санасидан бошлаб мажмуа фаолиятига карантин талабларига қатъий амал қилган ҳолда рухсат этилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси Коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши кураш тадбирларини мувофиқлаштириш бўйича оператив Штаби бу ҳақда махсус баён қабул қилди.
Баён билан йўловчи ташувчи баъзи транспорт турлари фаолиятига ҳам рухсат берилди.
Бунда Нукус шаҳар савдо мажмуасига фуқароларнинг келиб кетиши учун йўловчи ташиш учун лицензиясига эга бўлган йўналишсиз таксиларнинг кун давомида ҳаракатланишига белгиланган қоидалар асосида рухсат этилади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси Қ. Сариев мазкур савдо мажмуаси атрофида ободонлаштириш ишларини олиб бориш бўйича мутасаддиларга топшириқ берди.
Унга кўра, биринчи навбатда савдо мажмуасининг олдинги томонидаги автотранспортлар тураргоҳига асфальт ётқизиш ишлари амалга оширилади.
Хабарларга кўра, баъзи туманларга (Амударё, Элликқалъа, Тўрткўл, Беруний ва Қўнғирот) қатнайдиган йўналишсиз таксиларнинг тураргоҳи ҳам шу савдо мажмуасига кўчирилиши режалаштирилмоқда.

 

Е.Қаноатов, ЎзА