ЖССТ Туркманистонда кишиларни танлаш йўли билан коронавирусга текширади

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Туркманистонда аҳолини териб-териб коронавирус таҳлилидан ўтказишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда “Sputnik” хабар тарқатган.
Мазкур халқаро тузилма айни жараённи ташкил этиш ва амалга ошириш учун мамлакат президентининг розилигини олди. Бу ҳақда ЖССТ Европа минтақавий бюроси директори Ханс Клюге маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, ташкилотни Туркманистонда “COVID-19”сиз пневмония ҳолати кўпайиб бораётгани ташвишга солмоқда.
Расмий маълумотлар ҳозирча ушбу мамлакатда бирорта ҳам коронавирус ҳолати учрамаганидан дарак бермоқда.
Кеча президент Бердимуҳамедов ЖССТ Бош директори билан суҳбатлашган ва коронавирус геномини ўрганишни таклиф этган.
Гурбангули Бердимуҳамедов айни тадбир вируснинг келиб чиқиши, касалликнинг тарқалиш йўллари ва турланиши (мутацияси)ни англаб етишга ёрдам беради, дея ишонмоқда.

 

ЎзА