Шу касбни танлаганимдан афсусланмайман

Ҳар даврнинг ўз қаҳрамонлари бўлади.
Бутун дунёни ларзага солаётган коронавирус пандемияси даврида тиббиёт ходимлари ушбу касалликка чалинганларни даволаш, уларнинг ҳаётини сақлаб қолиш йўлида туну-кун астойдил меҳнат қилмоқда. Шу нуқтаи назардан уларни бугуннинг том маънодаги қаҳрамонлари десак, асло муболаға бўлмайди.
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қорақалпоғистон филиали реанимация бўлими шифокори Гулфия Қутибоева ана шундай қаҳрамонлардан бири. У бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси болалар юқумли касалликлар шифохонасининг жонлантириш бўлимида фаолият олиб бормоқда.
Самаркқанд давлат тиббиёт институтини тамомлаган бўлғуси шифокор ўз меҳнат фаолиятини 1998 йилда Ў.Халмуратов номидаги кўп тармоқли тиббиёт марказида бошлади. 2002 йилда буён эса Республика шошилинч тиббий хизмат илмий маркази Қорақалпоғистон филиалида ишлаб келмоқда.
– Жонлантириш бўлими шифохонанинг ҳаёт-мамот жойи, – дейди шифокор Гулфия Қутибоева. – Бўлимимизда олти нафар шифокор, шунингдек, ҳамшира ва бошқа тиббиёт ходимлари биргаликда бу ердаги беморларнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун курашаяпмиз. Ҳар бир беморни эътибордан четда қолдирмасдан, соғлигини кузатиб борамиз. Улар орасида махсус аппарат орқали нафас олаётган оғирлари ҳам бор. Соғайиб кетса кўзимизга ёш олиб хурсанд бўламиз, вафот этса қийналамиз.
Тиббиёт ходимларини бугуннинг аскарлари десак бўлади. Апрель-май ойларида болалар юқумли касалликлар шифохонасида ишлаб кетган эдим. Июль ойининг бошида тажрибамизни ҳисобга олган ҳолда чақирди, яна келдик. Шифокорлардан Қалбика Шарипова, Парахат Есимбетов, Баҳодир Хўжалепесов, Илҳом Халиллоев ва бошқа тиббиёт ходимларининг меҳнати беқиёсдир. Қандай қийинчилик бўлмасин, шифокорлик касбини танлаганимдан афсус қилмайман.
– Бу борада оилангиз аъзоларининг фикри қандай?
–Турмуш ўртоғим банк ходими. Икки ўғил ва бир қизни тарбиялаб вояга етказаяпмиз. Катта ўғлим шифокорлик касбини танлади, айни кунда Қорақалпоғистон тиббиёт институтининг 3-босқич талабаси. Оила аъзоларим ва қариндош уруғларим мени яхши тушунади ва ҳамиша қўллаб-қувватлайди.
–Шифокор сифатида аҳолига қандай тилагингиз бор?
–Жонлантириш бўлимидаги касалликдан қийналаётган беморларнинг ҳолатини бир кўрсангиз эди. Аҳолидан илтимосим, карантин қоидаларига қаътий амал қилинг. Зарурат бўлмаса уйдан чиқманг. Бунинг билан сиз нафақат ўзингизнинг, балки оила аъзоларингизнинг, ён атрофингиздагиларнинг саломатлигини сақлаб қолган бўласиз.
Ушбу мақола тайёрланаётган пайтда қувончли хабар келди. Коронавирус пандемиясига қарши курашишда фидойилик кўрсатган юртдошларимиздан бир гуруҳи давлатимиз раҳбари фармонига кўра фахрий унвон, орден ва медаллар билан мукофотланди. Улар орасида суҳбатдошим, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қорақалпоғистон филиали реанимация бўлими шифокори Гулфия Қутибоева ҳам бор. У «Соғлом турмуш» медали билан тақдирланди. Барча мукофотланган тиббиёт ходимларини муборакбод этиб, машаққатли ишларида зафарлар тилаймиз.
реанимация 1.jpg

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА