Сўнгги йилларда мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларига ўқишга кириш билан боғлиқ жараёнлар қайта кўриб чиқилиб, абитуриентлар учун етарли қулайликлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, маълум бир ҳудудлар учун у ердаги мутахассисларга бўлган талабдан келиб чиқиб имтиёзли шартларда квоталар ажратилаётгани ҳам бу борада муҳим ўрин тутмоқда. Бироқ қонунчиликдаги айрим ноаниқликлар ҳамда ҳудудларда ташкил этилган қабул комиссиялари томонидан ўз ишларини лозим даражада бажармасликлари оқибатида абитуриентларнинг ҳуқуқлари бузилиши ҳолатлари учрамоқда.
Жумладан, Қува туманида яшовчи, 63-ихтисослаштирилган давлат умумий таълим мактаб-интернатини аъло баҳолар билан тамомлаган ҳамда Республика миқёсидаги кўрик-танловларда совринли ўринларни киритиб келган Музаффарбек Тоиров ва Асадбек Ҳатамовларнинг орзулари бир олам эди. Улар 2019 йил 12 июль куни Андижон давлат тиббиёт институтига ҳужжат топшириш мақсадида Фарғона политехника институтида ташкил этилган қабул комиссиясига мурожаат қилишади. Ҳужжатлар ўзларини «оператор» деб таништирган шахслар томонидан қабул қилиб олиниб, расмийлаштирилади. Шу билан ҳар иккала абитуриент кириш имтиҳонларини топшириб, институтнинг тегишли факультетларига тўлов контракти асосида ўқишга қабул қилинади.
Бироқ улар имтиҳон натижалари чиққанидан сўнг «оператор» томонидан айрим маълумотлар дастурга нотўғри киритилгани сабабли имтиёзли шартларда ўқишга кирмасдан, тўлов контракт асосида қабул қилинганларини билиб, қабул комиссияси масъул ходимларининг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб, тегишли муассасаларга мурожаат қилади.
Талаблари қаноатлантирилмаганидан сўнг эса маъмурий судга мурожаат қилиб, Фарғона политехника институтида ташкил этилган қабул комиссиясининг хатти-ҳаракатларини қонунга хилоф деб топиб, Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясига Фарғона вилояти учун ажратилган давлат гранти асосида талабаликка қабул қилиш мажбуриятини юклашни сўрайди.
Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 17 июндаги «2019/2020 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида»ги қарори билан 2019/2020 ўқув йилида соғлиқни сақлаш, маданият ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида олий маълумотли кадрларга эҳтиёж юқори бўлган ҳудудлар учун давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида мақсадли қабул параметрлари тасдиқланган. Яъни, Фарғона вилоятидан бўлган абитуриентлар учун Андижон давлат тиббиёт институтининг даволаш иши факультетига 42 та ҳамда стоматология факультетига 9 та мақсадли қабул ажратилган. Бу билан Фарғона вилоятида истиқомат қилиб, Андижон давлат тиббиёт институтига кирмоқчи бўлган абитуриентлар учун давлат томонидан алоҳида имтиёз берилган. Бу имтиёздан фойдаланиш ҳеч қандай чекловсиз барча Фарғона вилоятининг абитуриентларига тааллуқли бўлган.
Суд мазкур жараёнларни тартибга солувчи барча қонун нормаларини таҳлил қилиб, Фарғона политехника институтида ташкил этилган қабул комиссияси масъул ходимлари ва қонунчиликдаги ноаниқликлар сабабли аризачиларни ҳуқуқ ва манфаатлари бузилган, деб ҳисоблаб қарор қабул қилди.
Суд аризачиларнинг талабларини муҳокама қилиб, шикоят аризани қисман қаноатлантиришни лозим, деб топди.
Хусусан, қонунчиликка кўра, талабаларга қўшимча грант асосида ўрин ажратиш ваколати Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияга тегишли бўлиб, мазкур маъмурий иш бўйича қабул комиссиясининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари оқибатида Давлат комиссиясига давлат гранти асосида ўрин ажратиш мажбуриятини тўғридан-тўғри юклаб бўлмайди. Бу ҳолат бўйича тегишли Пленум қарорида ҳам зарур тушунтиришлар бериб ўтилган. Бундай вазиятда, Давлат комиссияси зиммасига қонунда белгиланган муддатда ушбу масалани кўриб чиқиш мажбуриятини юклаш қонуний бўлади.
Суд юқоридаги баён этиб ўтилган қонун нормалари талабларидан келиб чиқиб, шикоят аризани қисман қаноатлантириб, Фарғона политехника институтида ташкил этилган қабул комиссиясининг аризачилар ҳужжатларини олий таълим муассасасига ўқишга кириш учун қабул қилиш билан боғлиқ хатти-ҳаракатлари қонунга хилоф деб топиб, Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси зиммасига М.Тоиров ва А.Ҳатамовни Андижон давлат тиббиёт институтининг тегишли факультетига Фарғона вилояти учун ажратилган давлат гранти асосида талабаликка қабул қилиш масаласини бир ойлик муддатда қонуний тартибда кўриб чиқиш мажбуриятини юклашни лозим, деб топди.
Бу билан маъмурий судлар бугунги кунда ўзларига берилган ваколат ва вазифалар доирасида жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш бўйича самарали фаолият юритишга бел боғлаб, ўзлари олдига қўйилган вазифаларни сидқидилдан бажариб, қонун устуворлигини таъминлаб келишаётганини кўриш мумкин.
Аброрхон АКРОМОВ,
Тошлоқ туман маъмурий судининг раиси