ТАЙИНЛОВ: Тахиатош тумани ҳокими тайинланди

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси матбуот хизматининг маълум қилишича, 16 июнь куни халқ депутатлари Тахиатош тумани Кенгашининг навбатдан ташқари еттинчи сессияси бўлиб ўтган. Сессия кун тартибида ташкилий масала кўриб чиқилган.
Сессия ишида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси М.Ерниязов иштирок этиб, туман ҳокими лавозимига шу кунгача Қорақалпоғистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келган Маткаримов Илхом Исмаиловичнинг номзодини таклиф қилган.
Таклиф қилинган номзод туман Кенгаши депутатлари томонидан қўллаб-қувватланган.
И.Маткаримов ўтган йиллар давомида Беруний тумани давлат солиқ инспекцияси бошлиғи, Беруний тумани ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманини ривожлантириш бўйича қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси прокурори, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги бошқарма бошлиғининг ўринбосари, Қорақалпоғистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазири, Қорақалпоғистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари каби масъул лавозимларда фаолият юритган.
Эслатиб ўтамиз, олдин Тахиатош туманини бошқариб келган Фархат Алламбергенов Қорақалпоғистон Республикаси прокурори лавозимига тайинланган эди.

 

ЎзА