Ўзбекистонга коронавирус инфекциясини кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг галдаги қарори билан, 2020 йил 5 июндан болалар оромгоҳлари фаолиятига ҳам рухсат берилди.
Бу эса «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти тасарруфидаги болалар соғломлаштириш оромгоҳларида 2020 йилги мавсум учун темирйўлчилар ҳамда транспорт қурувчилари ва метрополитен ишчи-ходимларининг 7 ёшдан 14 ёшгача бўлган ўғил-қизларини жазирама ёз фаслини сўлим гўшаларда мароқли ўтказишларини таъминлайди.
– Мамлакатимизда коронавирус пандемияси ҳукм сураётгани сабабли Тармоқ раҳбарияти буйруғига асосан болаларни қабул қилиш учун ҳудудий санитария-эпидемиологик осойишталик марказининг ўрганиш хулосасига асосан вилоят махсус комиссиясининг рухсати билан фаолият юритишига рухсат берилади, – дейди Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси ўринбосари Маҳмуд Розиметов.
Белгиланган тартибга кўра жорий йилнинг 5 июнига қадар соғломлаштириш оромгоҳларини мавсумга ҳар томонлама тайёрлаш, уларни мавсум давомида тўлақонли фаолият юритишлари учун зарур бўлган мухандислик-коммуникация тизимининг созлигини текшириш, таъмирлаш, ошхона ва озиқ-овқат, медикаментларни сақлаш асбоб-анжомлари ҳамда хизмат кўрсатувчи авто ва алоқа техникалари билан таъминлаш ишлари юзасидан барча зарур чора-тадбирлар кўрилди.
Марказий темирйўлчилар маданият саройи раҳбарияти ва созандалари томонидан болалар соғломлаштириш оромгоҳларининг ҳар навбатида турли мавзуларда маданий-маърифий тадбирлар, болалар ёшига ва тафаккурига мос келадиган концерт томошаларини ўтказиш йўлга қўйилади.
– Оромгоҳларда дам оладиган болажонларни мароқли ҳордиқ чиқаришлари ҳамда маънавий дунёқарашини ошириш, уларни Ватанга, адабиётга ва санъатга бўлган қизиқишини шакллантириш мақсадида катта тайёргарлик кўряпмиз, – дейди Марказий касаба уюшмаси кутубхонаси директори Азиза Инамова. – «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятининг маданият муассасалари томонидан ўсиб келаётган ёш авлодни миллий қадриятлар ва анъаналарга садоқат, Ватанга муҳаббат рухида тарбиялашга йўналтирилган маданий тадбирлар ўтказилишини таъминлаш, оромгоҳларда ташкил этиладиган барча маънавий-маърифий ва маданий-спорт тадбирлари Мустақиллигимизнинг 29 йиллиги муносабати билан юксак байрамона рухда ўтказилишига алоҳида эътибор қаратамиз. Шунингдек, болалар соғломлаштириш оромгоҳларининг иш режаларида китобхонликка чорловчи викториналар, спортнинг қувноқ турлари бўйича мусобақалар ўтказиш тадбирлари ўтказилади.
Яна бир муҳим жиҳат: Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан тармоқ тасарруфидаги корхоналарнинг имконияти чекланган ходимлари, кам таъминланган, кўп болали ҳамда қишлоқ туманларида истиқомат қилаётган темирйўлчиларнинг фарзандларини ва боқувчиси йўқ болаларни оромгоҳларда соғломлаштириш ва уларга йўлланмаларни бепул беришга алоҳида эътибор қаратилади.
Мухтасар қилиб айтганда, жорий йилги ёз мавсумида оромгоҳларда болажонларимизни мароқли дам олишларини таъминлаш мақсадида аввало коронавирус инфекциясидан асраш йўлида саломатлигига, тозалик-орасталикка, мунтазам дезинфекция жараёнларига ҳамда овқатланиш тартибига катта аҳамият қаратилиб, шифокорларнинг доимий назоратида бўлади. Бу эса уларни соғлигини сақлаш ва соғлом дам олишларига кафолат бўлиши шубҳасиз.