Автобуслар қайси ҳудудларга боради? Чипталар нархи қанча? Автовокзалда карантин қоидаларига тўлиқ риоя қилинмоқдами?ЎзА мухбирлари шу каби саволларга жавоб топиш мақсадида «Тошкент» автовокзалида бўлиб қайтди.
Автовокзалга киришда тана ҳароратингиз ўлчанади. Тана ҳарорати 37 даражадан юқори бўлганларга автовокзал хизматларидан фойдаланишга рухсат берилмайди. Ҳудудда махсус йўлакчалар қилинган, ўриндиқлар, касса олдида ижтимоий масофа сақланишини эслатувчи белгилар ўрнатилган.
– Автовокзалда Республика махсус комиссиясининг барча талаблари амалга оширилмоқда. Жумладан, ҳудуд ҳар тўрт соатда дезинфекция қилинмоқда. Йўловчилар чипта харид қилиш учун вокзалга келиши шарт эмас. Улар аvtoticket.uz (http://%D0%B0vtoticket.uz) веб-сайти орқали керакли йўналишни осонгина топиши ва чипталарни тезкорлик билан харид қилиши мумкин. Бундан ташқари, 71-207-87-00 ишонч телефони орқали ҳам қўшимча маълумот олиш имконияти яратилган, – деди «Ўзавтовокзал» ДУК директори вазифасини бажарувчи Миракбар Икромов.
Касса ходимидан қайси йўналишларга автобуслар қўйилганини сўрадик. Маълум қилишича, Самарқанд, Қарши, Термиз, Денов, Навоий, Урганч ва Нукусга чипталар бор. Йўл ҳаққи оширилмаган, карантиндан олдинги нархлар сақлаб қолинган.
Автовокзалда автобуслар йўловчиларни «кутиб» турибди. Автобуслар йўлга чиқишидан аввал ва манзилига етиб борганидан сўнг ҳам дезинфекция қилинади.
– Корхонамиз паркини замонавий автобуслар билан таъминлаш учун Хитойнинг “Zhengzhou Yutong Bus Co. Ltd.” компаниясидан 168 кўп ўриндиқли автобус сотиб олганмиз. Пандемиягача корхона 19 шаҳарлараро ва 19 халқаро йўналишда мунтазам қатновларни амалга ошириб келаётган эди. Бугун карантин қоидаларига риоя қилиш бўйича ҳайдовчиларга тегишли кўрсатмалар берилди. Биз фуқароларимизга замонавий хизмат кўрсатиш, уларни манзилига хавфсиз ва қулай шароитларда етказишга алоҳида эътибор қаратяпмиз, – деди “Uzautotrans Service” компанияси бош директори Азизжон Ҳамроалиев.
– Ўттиз йилдан буён ҳайдовчилик қиламан. Яна юртдошларимизнинг узоғини яқин қилиш учун хизматга бел боғладик. Ниқобларни ҳар икки соатда, комбинезонни эса бир кунда алмаштириш бўйича кўрсатма олдик. Йўловчиларни белгиланган манзилга олиб боргунимизча бирор жойда тўхтамаймиз. Бунга эҳтиёж ҳам йўқ. 51 йўловчига мўлжалланган автобусда йўловчилар учун барча қулайликлар бор. Юмшоқ ўриндиқлар тепасида ҳаво дефлектори, индивидуал ёритиш чироқлари, кондиционер, карнай жойлашган, телефонни қувватлаш қурилмаси мавжуд. Автобус салонида ҳожатхона ҳам бор, – деди ҳайдовчи Тожибой Парпиев.