Мўйноқ: бугун ва эртага

Яқин орада Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ туманига бордингизми? Бир пайтлар денгиз суви эркалаб турган Мўйноқ туманининг бугунги манзарасини кўрганмисиз?

Ўтган икки-уч йил ичида туман маркази ва Оролбўйи ҳудуди яна гўзал қиёфа касб эта бошлади. Гўё денгиз яна қайтгандек тасаввур уйғотади, қалбингизда қайноқ ҳаёт шивири жўш уради. Сувсиз соҳилда мунғайган кемалар эса инсон ва табиат ҳақида чуқур мушоҳада қилишга чорлайди.
photo_2020-06-11_18-16-29.jpg
Тошкент Фотосуратлар уйида Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Бадиий академия, Бадиий ижодкорлар уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилган “Мўйноқ: бугун ва эртага” номли фотокўргазма асарларини томоша қилар экансиз, хаёлингиздан шу каби ўйлар ўтади.

Мўйноқ туманида улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётганини барчамиз яхши биламиз. Пировардида, ҳудуд аҳолисининг ҳаёт тарзи ҳам тубдан яхшиланмоқда. Бугун мўйноқликлар ана шу ислоҳотларга ҳамоҳанг руҳ билан яшамоқда.

Намойишга қўйилган асарларда Орол денгизи қуриши натижасида юзага келган экологик офатнинг салбий оқибатларини юмшатиш, минтақада экологик барқарорликни таъминлаш мақсадида бажарилаётган ишлар акс эттирилган.

Виктор Аннинг оқ-қора рангдаги фотолавҳалари ҳудуддаги асл ҳаётни кўз олдингизда гавдалантиради. Огоҳликка чорлайди, табиатга ачиниш ҳиссини уйғотади, уни асрашга чорлайди.

Ҳамдам Шораҳмедов фотоларида эса манзара моҳияти рамзий унсурлар ёрдамида шарҳланади. Хароб ҳолдаги “саҳро кемалари”, тузли, чанг-тўзонли замин ҳамда бугун барқ уриб ўсаётган саҳро саксовуллари, мовий осмон, қуёшнинг илиқ нурлари… Бир қарашда зиддиятли манзара ҳосил қилаётган бу унсурлар ҳудудга яна жўшқин ҳаёт, фаровонлик қайтаётганини сездиради кишига.

А.Каннаевнинг “Оролга саёҳат қилишни истайсизми?” мавзусидаги фотолари ҳам томошабинни ўзига тортади.

Кўргазма асарларининг асосий қисмини ЎзА фотомухбирларининг турли жанрдаги ижодий ишлари ташкил этади.

Жумладан, Мақсад Ҳабибуллаевнинг “Оролнинг ўтмиши ва бугунидан сўйлайди”, “Мўйноқ замонавий қиёфа касб этмоқда” мавзусидаги фотолари мушоҳадага ундайди. Шунингдек, Оқил Ғуломов ва Темур Мамадаминовнинг ҳудудда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари кўламидан ҳикоя қилувчи “Мўйноқнинг бугунги жамоли”, “Тунги Мўйноқ” ҳамда “Оролдаги одамлар” номли фотолавҳалари реал воқелик ҳақида ёрқин тасаввур уйғотади.

Кўргазма 20 июнгача давом этади.

 

Г.БОБОЕВА, A.АБДУЛЛАЕВ(сурат),ЎзА