Амударё сув ҳавзасида сув кам бўлади

Ўзбекистон Республикаси гидрометеорология хизмати маркази томонидан гидрометеорологик ҳолатнинг таҳлили асосида 2020 йилнинг вегетация даври (апрель-сентябрь) учун сув сарфининг прогнози ишлаб чиқилган.

Унга кўра, Амударёдаги сув миқдорига таъсири юқори бўлган Вахш ва Зарафшон бассейнларида сув сарфи нормасига солиштирганда 85-95 фоиз бўлиши кутилмоқда.Маълумки, вегетация даврда дарёлардаги сув миқдорининг қанча бўлиши ўтган мавсумлардаги ёғингарчиликлар, тоғлардаги қор ва музлар, яъни, сув манбаидан келиб чиқиб гидрометеорология хизмати маркази томонидан прогноз қилинади.

Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ахборот хизмати аҳолидан келиб тушаётган мурожаатлар асосида тегишли мутахассислар маълумотига таяниб маълумот тақдим этди. Унга кўра, Қорақалпоғистондаги экин майдонларининг сув таъминоти Амударёнинг қуйи қисмида жойлашганлиги сабабли Туямўйин сув омборида тўпланган сув жамғармаси билан бевосита боғлиқ.

Жорий йил май ойининг дастлабки 10 кунлигида сув омборида тўпланган сув миқдори ўртача 2 миллиард 860 миллион куб метрни ташкил қилган. Бу ўтган йилга нисбатан сувнинг миқдори 1 миллиард 475 миллион куб метрга кам эканлигини кўрсатмоқда.

Мазкур сув омборига ўтган йилнинг шу даврида келиб турган сувнинг миқдори ўртача 1926 м3/сонияни ташкил қилган бўлса, жорий йилнинг мос даврида 646 м3/сонияни ташкил қилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги шуларни ҳисобга олиб, ҳудуддаги сув истеъмолчиларини сув миқдорининг сезиларли камайиб бораётганлигидан огоҳлантирмоқда ва қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда интенсив усуллардан фойдаланиш ва сувни тежаш (томчилатиб, ёғинлатиб, кўчма эгилувчан қувурлар, пульсар усулида) технологияларини жорий этишни ва мавжуд сув манбаини тежаб фойдаланишни тавсия қилмоқда.

Шунингдек, экинларни суғориш тармоқларининг сув билан таъминланиш даражасидан келиб чиқиб жойлаштириш, далаларни навбат билан суғориш ва экин майдонларини суғоришга тайёрлашда агротехник тадбирларни сифатли ташкил қилишга чақирмоқда.

 

Е.Қаноатов, ЎзА