Республикамизда малакали мутахассис-ҳуқуқшуносларни тайёрлаш ва юридик фанни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган қатор тизимли муаммо ва камчиликлар мавжуд эдики, бу юридик таълим сифатига салбий таъсир қилаётганди.
Шу билан бирга, юридик кадрларни тайёрлаш соҳасида рақобатнинг йўқлиги миллий юриспруденция илмий мактабининг шаклланишига салбий таъсир кўрсатиб, ҳудудлардаги иқтидорли ёшлар учун тенг таълим олиш имкониятини чекларди.
Ўзбекистон миллий матбуот марказида “Янги Ўзбекистоннинг – янги юридик таълими” мавзусида бўлиб ўтган брифингда шу ҳақда сўз борди.
Таъкидланишича, бу каби муаммо ва камчиликлар ўз навбатида, юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш чораларини кўриш зарурлигини кўрсатди. Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
– Фармонда юридик таълимда узоқ йиллардан буён муаммо бўлиб келган бир қатор масалалар ижобий тасдиғини топди, – деди Тошкент давлат юридик университети ректори Раҳим Ҳакимов. – 3 та ҳудудда юридик факультетларни ташкил этиш, уларни кадрлар билан таъминлаш, ўқув йилига тайёрлаш ва ўқув дастурларини шакллантириш масалалари тизимли амалга оширилмоқда. Бу йил ҳудудлардаги факультетларга 50 нафардан талабани қабул қилиш режалаштирилган.
Бугунги кунда университет қабул комиссияси томонидан 2020/2021 ўқув йили учун қабул жараёнларини юқори савияда ташкил этиш борасида муҳим ишлар амалга оширилди. Абитуриентларнинг қабул жараёнларига оид барча саволларига жавоб бериш мақсадида малакали ходимлардан иборат «call center» фаолияти йўлга қўйилган. Унда фуқароларнинг ёзма ва оғзаки мурожаатларига ўз вақтида, асосли жавоб бериб борилиши ташкил этилган.
Халқаро тажриба асосида 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб бакалавриатда юриспруденциянинг 4 та, яъни давлат-ҳуқуқий фаолият, жиноят-ҳуқуқий фаолият, фуқаролик ва бизнес ҳуқуқи, халқаро ҳуқуқ ва қиёсий ҳуқуқшунослик таълим йўналиши, магистратурада эса 8 та мутахассислик бўйича кадрлар тайёрлаш белгиланган.
Университет бакалавриат таълим йўналишига жами 600 ўрин ажратилиши режалаштирилган. Талабгорларнинг 20 нафари грант, 580 нафари эса тўлов-контракт асосида қабул қилинади. Бундан ташқари, масофавий таълим шаклида таҳсил олишни истаганлар учун 300 қабул ўрни ажратилиши кутилмоқда. Магистратура мутахассисликларига 8 йўналиш бўйича жами 150 ўрин, масофавий таълим шакли учун эса 80 қабул квотаси белгиланмоқда.
Тест синовлари тарих, чет тили фанидан ўтказилади. Чет тилидан ўтказиладиган тест синовларидан озод этиш ва ушбу фандан максимал балл олиш учун чет тилларини билиш бўйича сертификатлар даражалари талаб этилади.
Бакалавриат учун тест синовлари 25 июлдан 20 августгача кўп сиғимли павильонларда бўлиб ўтади. Абитуриентлар ўзи хоҳлаган ҳудудда тест синовларини топшириши мумкин.
Магистратурага ўқишга қабул қилишни ҳам тест синовлари орқали амалга ошириш белгиланди. Тест синовлари ўтказиладиган мутахассислик фанидан 50 та, чет тили фанидан 25 та савол бўлади. Тест синовлари 5-25 август кунлари кўп сиғимли павильонларда бўлиб ўтади.
2020/2021 ўқув йилида Тошкент давлат юридик университети бакалавриати ва магистратурасига хорижий давлат фуқароларидан жорий йилнинг 15 мартидан бошлаб ҳужжатларни электрон тарзда қабул қилиш бошланган. Бугунги кунга қадар Россия, Қозоғистон, Афғонистон ва Озарбайжон давлатлари фуқаролари ўқиш истагини билдириб, мурожаат қилди. Хорижий давлат фуқаролари суҳбат асосида университетга қабул қилинади. Уларнинг ўқиши тўлов-контракт асосида амалга оширилади.