Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида жорий йил 8 июнь куни ахборот технологиялари ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар ижроси бўйича тақдимот ўтказилган эди. Тақдимотда белгилаб берилган устувор вазифалар, жумладан, жорий йил якунига қадар 100 минг ва 2021 йилнинг биринчи ярмида яна 150 минг ўқувчини ўқитиш, талабаларнинг дастурий таъминот бўйича малакасини ошириш, “Информатика” фанига “Бир миллион дастурчи” лойиҳасига доир йўналишларни киритиш каби вазифалар соҳани жадал ривожлантиришга хизмат қилади.Ўтган даврни сарҳисоб қилиб, ўша йиллардаги фаолиятни танқидий таҳлил қилган ҳолда режалар тузилса, албатта, керакли натижага эришилади.
2004-2009-йилларда барча мактабларнинг бешта йўналиш бўйича моддий-техник базаси мустаҳкамланган, хусусан, мактаблардаги информатика синф хоналари компьютерлар билан жиҳозланган эди. Хўш, бу ташаббус қанчалик самарали бўлди?
Биринчидан, ўша пайтлар умумий ўрта таълим мактабларида аксарият 15 ўқувчига мўлжалланган компьютер хоналари жиҳозланди. Бу эса, ўз навбатида барча фанлар бўйича электрон дарсларни ташкил этиш имконини бермади.
Иккинчидан, электр таъминотидаги узилишлар чекка туманлардаги мактабларда таълим жараёнида ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда сифатли таълим бериш мақсадларини пучга чиқарди.
Учинчидан, яна ўша электр муаммоси сабаб компьютерлар тезда яроқсиз бўлиб қолди. Мактабнинг харажатлар сметасида эса уларни таъмирлаш учун етарлича маблағ ажратилиши назарда тутилмаганлиги сабабли ўқитувчилар ўқувчига сифатли таълим бериш ўрнига текширувчилар учун компьютерларни асраш билан овора бўлишди.
Тўртинчидан, интернет тармоғи билан боғлиқ муаммолар (ҳозирда ҳам аксарият мактабларда оптик толали интернет линиясига уланиш бўйича муаммолар етарли) самарасизликка хизмат қилди.
Фақатгина умумий ўрта таълим тизимида шунча муаммолар мавжудлиги соҳа ривожига салбий таъсир қилиши шубҳасиз. Айни шу боис ҳам бугунги кунда соҳани ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар жуда муҳим ҳисобланади.
Бугунги кунда рақамли иқтисодиёт, “Электрон ҳукумат” хизматларига талаб кундан-кунга ошиб бормоқда. Лекин ҳозирда 780 тур давлат хизматидан бор-йўғи 185 тасидан “Электрон портал” орқали фойдаланиш имкони мавжуд. Аксарият ташкилотларда иш жараёнини рақамлаштириш фақат ҳужжат алмашинувини электронлаштириш билан чекланиб қолмоқда.
Шу боис “Электрон ўқитиш дастури” орқали ўқиб, диплом олган дастурчиларни давлат ва хўжалик муассасаларига IT мутахассис сифатида ишга олиш зарур. Улар ташкилотларнинг барча фаолиятини анъанавий электрон форматдан рақамли кўринишга ўтказишга масъул бўлади.
Мисол учун, бугунги кунда камбағал оилаларга кредит ва субсидиялар бериш масаласини махсус электрон дастур аниқ мезонлар асосида автоматик равишда белгилаши керак. Ёки реконструкция қилинадиган таълим муассасасининг автоматик тарзда аниқланиши, инсон фактори аралашувининг олдини олиш, тизимда тўпланиб қолган муаммолар ечимига замин яратади.
IT инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли, айниқса ёшларнинг бу борадаги саводхонлигини ошириш давр талабидир. Шу боис ҳам тақдимотда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига барча ҳудудларда рақамли технологиялар бўйича камида 100 та ўқув маркази очиш вазифаси қўйилди. Бу даргоҳларда дастурлаш асослари, электрон савдо ва графикли дизайн каби йўналишлар бўйича қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этилади.
Мамлакатда хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш, ёшларнинг мафкуравий иммунитети, ижодий-интеллектуал салоҳиятини ошириш, компьютер технологиялари, дастурлаш асослари ва робототехника йўналиши бўйича билимини мустаҳкамлаш борасидаги тизимли ишлар, албатта, ушбу соҳанинг жадал ривожланишига хизмат қилади.