Ўзбек тилининг халқаро нуфузини оширишда спортчиларнинг ҳам ўрни бор

Тил – миллат руҳи 

1989 йил 21 октябрда «Давлат тили ҳақида»ги қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимиз мустақиллиги сари қўйилган дастлабки дадил қадам эди. Айнан шу тарихий ҳужжатга биноан ўзбек тили мустаҳкам ҳуқуқий асос ва юксак мақомга эга бўлди.

Истиқлол йилларида она тилимиз том маънода давлат тилига айланиб, халқимизни юртимизда эркин ва озод, фаровон ҳаёт қуришдек буюк марраларга сафарбар этадиган беқиёс куч сифатида майдонга чиқди.

Бугун Ўзбекистон “Миллий тикланишдан миллий юксалиш сари”, деган бош тамойил асосида тараққиётнинг янги, янада юксак босқичига кўтарилмоқда. Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида давлат тилининг ҳаётимиздаги ўрни ва нуфузи тобора ошиб бормоқда.

Ўзбек тили сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий жабҳаларда фаол қўлланиб, халқаро минбарларда баралла янграмоқда. Хорижий мамлакатларда тилимизга эътибор ва уни ўрганишга қизиқиш кучаймоқда.

Жисмоний тарбия ва спорт соҳаси вакиллари нафақат мамлакат ичкарисида, балки халқаро майдонларда ҳам ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мақомини юксалтириш борасида ўз ўрнига эга. Буни қуйидагилар мисолида кўришимиз мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 4- ва 5-моддасига мувофиқ, қонун билан ҳимоя қилинадиган давлат рамзлари – байроқ, герб, мадҳия ҳамда ўзбек тилидир. Мазкур давлат рамзлари орқали Ўзбекистоннинг жаҳон майдонларида нуфузини оширадиган ҳолат спортчилар ҳаётида жуда кўп содир бўлади, десак муболаға бўлмайди.

Мустақиллик йилларида республика, Осиё ҳамда жаҳон миқёсида ўтказилган спорт мусобақаларининг ғолиблик шоҳсупасига кўтарилган барча спортчиларимиз шарафига Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи юқори кўтарилади. Ғолиб спортчиларимизнинг қўллари кўксига қўйилган расмий либосларда давлат герби тасвири акс этган ҳолда шоҳсупанинг энг юқори поғонасида турганида, давлат мадҳияси ўзбек тилида янграйди. Қолаверса, спортчи томонидан фахр туйғуси билан ўзбек тилида жонли айтилади.

Тилшунослик соҳаси тадқиқотчиларининг илмий хулосаларига кўра, ер шарида ҳаммаси бўлиб тахминан 5 минг 621 та тил ва шева бўлиб, ҳозиргача улардан 500 тасигина ўрганилган. Ҳар уч тилдан биттасининг ёзуви йўқ, фақат оғзаки нутқ шаклига эга. 1 минг 400 та тилнинг йўқолиб кетиш хавфи мавжуд.

Дунё тилларидан фақат 40 тасигина оғзаки ва ёзма жиҳатдан мукаммал шаклланган, деб ҳисобланади. Ўша тиллар орасида ўзбек тилининг ҳам борлиги ҳар бир юртдошимизда она тилимизга нисбатан фахр-ифтихор туйғусини уйғотиши табиий.

Ўзбек тилининг жаҳон ҳамжамияти томонидан тан олинишида спортчиларимиз халқаро мусобақаларда Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилиш орқали ўзларининг хиссасини қўшиб келмоқда.

Бир сўз билан айтганда, ўзбек тили ўзбек халқининг маънавий мулкидир. Маънавий мулкни ҳимоя қилиш, янада ривожлантиришда шоирлар ўз шеърлари, ёзувчилар ўз асарлари, бошқа касб эгалари ўз меҳнатлари билан, спортчилар эса жаҳон майдонларида қўлга киритиладиган юқори натижалари билан ўз ҳиссасини қўшадилар.

Ҳар бир спортчи қайд этадиган натижада она юрт тақдирига дахлдорлик мужассам. Шундай экан, барча спортчиларимизга келгусида улкан зафар ва муваффақият тилаймиз.

Зокир РАСУЛОВ,
Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг
маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш,
давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси

 

ЎзА