Пандемия шароитида дунё меҳнат бозори​да вазият қандай, қанча одам ишсиз қолмоқда?

Коронавирус инфекциясининг тарқалиши дунёнинг қарийб барча мамлакатлари аҳолиси турмуш тарзига у ёки бу даражада таъсир этишга улгурди. Ҳатто айрим соҳалар жиддий инқироз ёқасида турибди.

Дунё меҳнат бозоридаги вазият ва ишсизлик масалалари нафақат бугунги пандемия даврида ва ундан кейин ҳам энг кўп эътибор қаратиш ва вазиятни яхшилаш учун жиддий чоралар кўриш лозим бўлган соҳа бўлиб қолади.

Пандемия туфайли дунё меҳнат бозори Иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг жиддий инқирозни бошдан кечирмоқда. Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) ҳисоб-китобларига кўра, карантин чоралари дунё ишчиларининг 81 фоизи, яъни 2,7 миллиард кишига таъсир кўрсатадиган корхоналарнинг вақтинча, тўлиқ ёки қисман ёпилишига сабаб бўлди.

Энг кўп иш соатлари қайси давлатда қисқарди

Энг кўп иш соатлари араб мамлакатларида қисқаради (8,1%). Бу эса 5 миллион кишининг ишсиз қолишини англатади. Ишсизлик даражаси бўйича иккинчи ўринни Европа (7,8%, яъни 12 миллион киши) ва учинчи ўринни Осиё-Тинч океани минтақаси (7,2%, яъни 125 миллион киши) эгаллайди.

ХМТ таҳлилчиларининг огоҳлантиришича, яна 1,25 миллиард киши банд бўлган соҳаларда иш жойлари ёки иш соатларининг қисқариш хавфи мавжуд. Меҳмонхона бизнеси, хизмат кўрсатиш ва улгуржи-чакана савдо соҳалари энг кўп зарар кўради. Таълим, соғлиқни сақлаш, коммунал хизмат, қишлоқ хўжалиги, давлат хизматлари ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш каби соҳалар энг кам зарар кўради. Қурилиш, молия ва суғурта хизматлари соҳаси меҳнат бозорининг пандемиядан зарар кўриш хавфи ўрта даражада. Санъат ва кўнгил очиш масканлари, транспорт хизматлари, меҳмонхона ва сайёҳлик бизнеси, кўчмас мулк савдоси, саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, улгуржи ва чакана савдо, автомобилларни таъмирлаш хизматлари соҳаларидаги меҳнат бозорининг зарар кўриш хавфи эса ўртачадан юқори баҳоланмоқда.

Дунё бўйича 1,5 миллиарддан ортиқ одам тирикчиликсиз қолиши мумкинлиги ҳам истисно қилинмаяпти. Бу тоифага ишлаб чиқариш ва озиқ-овқат саноатидаги чакана савдо ходимларининг кириши тахмин қилинмоқда. Коронавирус пандемияси дунё меҳнат бозорининг айниқса, норасмий секторига қаттиқ зарба бермоқда. Инқирознинг биринчи ойи бутун дунё бўйлаб норасмий ишчиларнинг 60 фоизга қисқаришига олиб келди.

Охирги йилларда ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг катта қисмига макон бўлган Россияда пандемиянинг иқтисодиётга таъсири ва меҳнат бозорининг истиқболига алоҳида эътибор қаратиш лозим.

Россияда жорий йилнинг иккинчи чорагида иш изловчилар индекси мисли кўрилмаган даражага тушиб кетган. “HeadHunter” маълумотларига кўра, мамлакатда одатда ишдан бўшатилган ходимлар 10 фоизни ташкил этган бўлса, эндиликда бу кўрсаткич 20 фоизни ташкил этмоқда. Бу нафақат COVID-19 оқибатлари билан, балки Россия иқтисодиётининг ҳозирги ноаниқликдаги умумий ҳолати билан ҳам изоҳланади. «Ромир» компанияси маълумотларига кўра, москваликларнинг ҳар учдан бири вақтинча ишламаяпти ва яна 12 фоизи даромад манбаисиз қолган.

Шунга қарамай, мамлакатда масофадан ишланадиган бўш иш ўринлари сони кескин ошган. Масалан, март ойида ўз-ўзини изоляция қилиш тартиби жорий қилинишидан олдинги даврга нисбатан бу кўрсаткич 71 фоизга ошган. Улар орасида дастурчи, маълумотлар базаси ва техник қўллаб-қувватлаш администратори, рақамли маркетинг мутахассиси, колл-марказ оператори, онлайн савдо ва мижозларга хизмат кўрсатиш менежери, онлайн ўқитувчи каби касблар энг талабгор бўлган.

Шу билан бирга, яқинда ўтказилган сўровнома шуни кўрсатдики, фуқароларнинг ярмидан кўпи олдинги иш ҳақи миқдорини сақлаб қолиш учун кўпроқ ишлашга ҳам рози бўлишган.

Барчасини вақт кўрсатади

БМТ маълумотларига кўра, инқироз туфайли дунёда камида 195 миллион киши ишсиз қолиши мумкин. Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, жаҳон иқтисодиёти тарихий ишсизлик даражаси билан юзма-юз келмоқда.

Россия меҳнат вазирлигининг ҳисоб-китобларига кўра, ҳозирда мамлакатда 950 мингга яқин ишсизлар бор. Бироқ, мамлакатда пандемия сабабли эълон қилинган қўшимча дам олиш кунлари тартиби жорий қилингани сабабли бу кўрсаткич меҳнат бозоридаги ҳақиқий вазиятни тўлиқ акс эттирмайди. Ҳисоб палатаси пандемия оқибатида олти миллиондан тўққиз миллионгача россияликлар ишсиз қолишини истисно қилмаяпти.

Муаммо ечими – рақамлаштиришни рағбатлантириш

Барча салбий омилларга қарамай, пандемия бизнесни автоматлаштириш ва рақамлаштириш жараёнларини тезлаштирди. Давлат бошқаруви органлари янги воқеликка тезда мослаша олди: барча йиғилишлар онлайн тарзда ўтказилмоқда ва кўплаб раҳбарлар масофадан туриб ишламоқда.

Пандемия юзага келтирган инқироз шароити ахборот технологиялари, айниқса масофавий мулоқот ва таълим, шунингдек, етказиб бериш хизматлари билан боғлиқ соҳаларнинг ривожланиши учун истиқболли ҳисобланади. Бошқача айтганда, ўз-ўзини изоляция қилиш режимида фаол бўлган барча соҳалар ривожланади.

Аммо, эртами-кечми пандемия тугайди. Иқтисодиёт яна ўсади, аммо пандемия оқибатида юзага келган инқирознинг оқибатларини, эҳтимол вируснинг ўзига қараганда узоқроқ даволашга тўғри келади.

Шу билан бирга, келажакда янги имкониятлар пайдо бўлмоқда. Россия меҳнат бозорида, бошқа давлатлардаги каби жиддий қайта тақсимот кутилмоқда. Ишсиз қолганлар ўзлари учун янги соҳаларда иш излашларига тўғри келади. Агар ҳозир туризм соҳаси ва хизматлар бозори секинлашаётган бўлса, мамлакатда рақамлаштириш тезлашмоқда. Охир оқибат, COVID-19 ўзининг барча камчиликлари билан Россияда рақамлаштиришни фаоллаштирадиган ва умуман иқтисодиётнинг ўсишига олиб келадиган катализаторга айланиши мумкин.

Ортиқхўжа НОРОВ,

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги матбуот котиби

 

ЎзА