Ҳарбий хизматни ўташ тартибига ўзгартиришлар киритилмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.
Кун тартибидан икки муҳим масала ўрин олди. Дастлаб, “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташ тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама этилди.
Лойиҳага кўра, “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари резервидаги хизмат тўғрисида”ги қонунларнинг қатор моддаларига қўшимча ва ўзгартишлар киритилмоқда.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ йўналишдаги қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга, соҳада қўлланиладиган тушунча ва атамалар бир ҳил талқин этилишига имкон беради.
Хусусан, қонун ҳужжатида ҳарбий хизматчиларда Ватан олдидаги бурчни адо этишдаги иштиёқини ошириш учун ҳарбий унвонларни бериш, ҳалол ва чин кўнгилдан адо этилган хизмат давомида ҳарбий унвонларга эришиш тизимига сезиларли ўзгартишлар киритилмоқда. Ўз бурчини виждонан бажарган ҳар бир хизматчининг харбий унвонлари юқорилаб бориши уларнинг ҳарбий хизматга бўлган муносабатини ўзгартиради.
Йиғилиш давомида, шунингдек, мамлакат барқарорлигини қадрлаш ва сақлаш, унинг тинчлиги ва хавфсизлигига таҳдид солувчи ҳар қандай воқеа ва ходисалар олдини олишга қаратилган фикр-мулоҳазалар ҳам билдирилди.
Ахборот технологиялари ривожланган бугунги кунда ҳар биримиздан бу улкан маълумотлар оқимига нисбатан сергак ва ҳушёр назар ташлаш, юрт тинчлиги ва хавфсизлиги нуқтаи назаридан ёндашиш талаб этилади.
Жаҳонда рўй бераётган оммавий чиқишлар билан боғлиқ воқеа ва ҳодисаларнинг сабаблари ҳам турлича эканлиги таъкидлаб ўтилди. Айрим ҳолларда фуқаролар ўз эрки ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шунингдек, йиғилиб қолган ижтимоий ва иқтисодий муаммоларга эътиборни қаратиш мақсадида қонун доирасида ўтказаётган норозилик намойишларидан давлатнинг асосларига зарба беришга интилувчи ғараз ниятли кучлар ўз мақсадларида фойдаланмоқдалар.
Ахборотлар яшин тезлигида тарқаладиган ҳозирги даврда ер юзининг исталган нуқтасида юз берган воқеадан бир неча сония ичида бутун дунё аҳли хабар топмоқда. АҚШ, Европанинг қатор давлатларида бўлиб ўтаётган кўп кунлик намойишлар бутун дунё жамоатчилиги томонидан диққат билан кузатилмоқда.
Таъкидлаш керакки, ҳар қандай намойишни қонун доирасидан четга чиқилган ҳолда ўтказиш натижасида тартибсизликлар келиб чиқиши, бу эса жамиятнинг ижтимоий ва иқтисодий ривожланишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Қонунчиликда митинглар, намойишлар, йиғилишлар фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқларини амалга ошириш механизми ҳисобланиб, улар демократиянинг муҳим омиллари, деб тан олинади.
Аммо, тинч намойишлар тартибсизлик ҳамда ўзгаларнинг ҳаёти ва мулкига зарар етказишдан фарқланиши, унда юрт тинчлиги ва хавфсизлигига таҳдид солувчи вайронкор ғоялар бўлмаслиги, улар ғараз ниятли кучлар томонидан бошқарилмаслиги ҳамда амалга оширилмаслиги лозим.
Йиғилишда Сўх туманида содир бўлган воқеалар атрофида ҳам тўхталиб ўтилди. Ушбу воқеалар сабаблари Ўзбекистон ва Қирғизистон давлатларининг ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан олиб борилаётган тергов ҳаракатлари давомида ўрганиб чиқилади. Аммо, ушбу ҳолатдан икки қўшни халқ ўртасидаги дўстона муносабатга, мамлакатларимиз осойишталигига рахна солишга интилаётган кучлар фойдаланишига имкон бермаслик лозим.
– Бугунги глобаллашув жараёнида ахборотга эгалик қилиш, уни ўз мақсадларини йўғирган тарзда тарқата билишга қодирлик дунёда рўй бераётган воқеликни бошқариш имкониятини бермоқда, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Алишер Ҳамроев. – Қайсидир кучлар ўз манфаатлари йўлида бутун бир халқнинг тинчлиги бузилишига, айрим мамлакатларнинг ижтимоий ва иқтисодий инқирозга юз тутишига сабабчи бўлмоқдалар. Шуни таъкидлаш лозимки, Сўх туманида бўлган ҳолат икки мамлакат, икки қардош халқ дўстлигига рахна сололмайди. Биз вазиятни қонуний, конструктив, инсонпарварлик ва дўстлик йўли билан ҳал қилишимиз, ҳамкорлигимизни дўстона давом эттириш орқали қора кучларга муносиб зарба беришимиз лозим.
Йиғилиш якунида қўмита аъзоларига оммавий тартибсизликлар келиб чиқишига сабаб бўлаётган ҳар қандай масалаларни таҳлилий ўрганиб, келгусида уларга йўл қўймаслик, зарурат бўлса соҳага оид қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан асосли таклифлар киритиш тавсия этилди.

 

Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА