Коронавируснинг энг кўп юқадиган даврига аниқлик киритилди

Коронавирус инфекциясини юқтирган киши касалликнинг биринчи кунларида вирусни энг кўп тарқатар экан. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) COVID-19 га қарши кураш бўйича техник раҳбари, эпидемиолог Мария Ван Керхове маълум қилди.
У мазкур мавзуда брифинг ўтказар экан, «ҳозирда ихтиёримизда бўлган жуда чекланган маълумотлардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, инсон организмида аксарият вирус зарралари симптомлар энди ривожланаётган ва касаллик энди бошланган пайтда кўпроқ сақланади», — деди шифокор.
АҚШ ва Германияда ўтказилган тадқиқотларнинг дастлабки натижаларига кўра, COVID-19нинг енгил ва ўртача симптомларига эга одамлар касалликнинг дастлабки 8-9 кунида жуда юқимли бўлади. Жуда оғир аҳволдаги бўлган беморларда эса касал юқтириш имконияти янада узоқ муддатга чўзилади, дея таъкидлади Ван Керхове.

 

ЎзА