Қадимий оссуарийлар ичида олтин бор...ми?

ёки қаровсиз қолган зардуштийлар қабри ҳақида 

Қорақалпоғистоннинг Бўзатов тумани ҳудудидаги Қусхана тепалигидаги зардуштийлик маданиятига оид оссуарийлар қаровсиз қолмоқда. Одамлар у ердаги минг йилдан ортиқ вақтдан буён ётган оссуарийларни қазиб олиб кетяпти ёки шу жойнинг ўзида уларни синдириб ҳар томонга сочиб ташламоқда. Маҳаллий аҳолининг молларини айнан шу тепаликда боқиши ҳам қадимий эсдаликларнинг оёқ ости бўлишига сабаб бўлмоқда.

– Бу тепаликдаги оссуарийларни одамлар асосан қадимий қимматбаҳо буюмлар, жумладан олтин тақинчоқлар қидириб қазишади, лекин уларда одам суягидан бошқа ҳеч нарса йўқ, – дейди тарихчи олим Мақсет Қарлибаев. – Одамларнинг у ердан оссуарийларни қазиб олиши – жиноятдир. Чунки, оссуарийлар минг йилдан ортиқ вақтдан буён тупроқ остида ётибди. Улар қўлга ушлаган заҳоти нураб кетади. Оссуарийларни қазиб олиш фақат археологларнинг иши.

photo_2020-06-09_19-49-23.jpg

Қусхана тепалигидаги оссуарийлар ўтган асрнинг 20 йиллари Оренбурглик ўлкашунос Л.С.Мелков раҳбарлигидаги бир гуруҳ экспедиция аъзолари томонидан топилган. Алебастрдан ишланган икки дона оссуарийнинг биттасини Оренбургга, иккинчисини Ленинграддаги «Русский музей»га олиб кетишади. 1935 йилда мазкур жойга келган машҳур тарихчи П.П.Иванов ҳам икки дона оссуарийни Эрмитажга олиб кетади. Кейинчалик, 1956 йилда бу оссуарийлар рус археологи Ю.А. Рапопорт томонидан тадқиқ қилинади ва уларнинг милодий VI-VIII асрларга тегишли эканлиги тасдиқланди.

Маҳаллий аҳоли бу жойни азалдан билган ва у ерда ер устига чиқиб ётган оссуарийларни қазиб олиб, синдириб, ичидан олтин қидирган. Бу жойни «Капир аулие (кофирлар қабристони)» деб аташган, негаки, аҳоли қути ичидаги қадимий даврларга оид марҳумларнинг мусулмон эмаслигини билишган.

photo_2020-06-09_19-49-27.jpg

«Капир аулие» деб маҳаллий аҳоли эски зароастризм дини бўйича дафн қилинган қабристонни айтган. Зароастризм дини бўйича одамни вафот этгандан кейин, ерга кўммай, дастлаб суягини этидан ажратиб, яъни жасаднинг этини қушларга едириб, тозалангандан сўнг алебастрдан ишланган қути (оссуарий)га солиб ернинг устига қўйган. Оссуарийнинг тўртта туёғи бўлган. Зардуштийлик динига кўра, ер муқаддас ҳисобланган. Унга ўлган одамнинг, ҳаттоки суягини ҳам теккизмаслик учун тўртта туёқли оссуарийга солиб ернинг устига қўядиган бўлган.

Олимларнинг таъкидлашича, Қусхана тепалигидаги оссуарийлар 6,5-7 гектар майдонда жойлашган. Тепаликда ҳар қадамда оссуарийлар чиқади. Кўпинча саксовул ўсимликларининг тубидан топилади.

photo_2020-06-09_19-49-33.jpg

– Биз маҳаллий аҳоли орасида оссуарийларга тегмаслик кераклиги бўйича тарғибот ишларини юритмоқдамиз. Тепаликка яқин қишлоқ аҳолиси шу ердан молларини яйловга чиқарар экан. Молларнинг оёғи остида қадимий эсдаликлар вайрон бўлиши аниқ. Шу боис, бу жойни муҳофаза қилиш учун мутасаддиларнинг ёрдами керак. Имкон қадар оссуарийларни қазиб олиб, музейларга қўйиш зарур, – дейди Бўзатов тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Азамат Ажимуратов.

Қусхана тепалигидан 3 километр ғарбда Куюк қалъа эсдалиги мавжуд.

photo_2020-06-09_19-49-37.jpg

1997 йилдан бошлаб мазкур тарихий масканда Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти археолог-олимлари ва талабалари археологик ишларини олиб боради. Бу ердан Кердер маданиятининг излари топилган. Куюк қалъа – қадимий ўрта асрдаги қорақалпоқларнинг дастлабки пойтахт шаҳри бўлганлиги тўғрисида ҳам маълумотлар бор.

Куюк қалъадан қадимий ўрта асрда Буюк Ипак йўлининг бир шохобчаси ўтган, қалъа эса бандаргоҳ бўлган. Куюк қалъадан Византия императорининг XII аср бошида чиқарган тилла тангаси топилди. Эсдаликдан бундан бошқа бронзали «қанотли от» тақинчоғи, зооморфли ҳайкаллар, туркий киши ҳайкали, «одам қуш» расми, тангалари ва бошқа мерослар ҳам топилди.

photo_2020-06-09_19-49-55.jpg

 

Е.Қаноатов, ЎзА