Туркманистон иқтисодиёти кейинги беш ойда нималарга эришди?

Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов видеоалоқа орқали Вазирлар Маҳкамасининг мажлисини ўтказди. Унда кейинги беш ой давомида миллий иқтисодиётнинг соҳалар кесимида амалга оширилган ишлари муҳокама этилди, шунингдек, мамлакат ҳаётидаги бошқа долзарб масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Мажлисда таъкидланишича, январь-май ойлари давомида мамлакат иқтисодиётининг барча соҳаларида барқарор ўсиш кузатилган.
Жумладан, бу вақтда мамлакат ЯИМининг ўсиш суръати 6,2 фоизни ташкил этган. Ўтган йилнинг шу даври билан таққослаганда бу йил маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 4,7 фоизга ўсган.
Бу йилги чакана товар айирбошлаш ҳажми ўтган йилнинг шу даври билан солиштирганда 19,6 фоизга ўсгани маълум қилди. Беш ойда давлат бюджетининг даромад қисми 100,3 фоизга бажарилган, харажат қисми эса 94,1 фоизни ташкил этган.
Ўртача маошлар миқдори ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 10,5 фоизга ошган. Маошлар, нафақалар, давлат ёрдам пуллари ва талабалар стипендияси ўз вақтида молиялаштирилган.
Мажлисда иқтисодиётнинг турли соҳаларини ҳамда экспортни қўллаб-қувватлаш учун капитал қуйилмаларни қайтадан кўриб чиқиш зарурлиги таъкидланди. Давлат раҳбари соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот соҳаларига инвестиция киритиш устувор вазифа бўлиб қолишини алоҳида таъкидлади.
Туркманистон Президенти ушбу мавзуни давом эттирар экан, импорт ўрнини босувчи ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва экспортга мўлжалланган товарлар ҳажмини ошириш учун самарали чоралар кўришни давом эттириш зарур, деди. Рақамли иқтисодиётга ўтиш доирасида молия-банк тизимини чуқур таҳлил этиш керак, деди Президент.

 

ЎзА