Ўзбекистон – Сингапур: Ҳамкорликнинг янги йўналишлари

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Сингапур Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Молия вазири Хенк Сви Кит ва Савдо ва саноат катта давлат вазири Ко По Кун билан учрашув ўтказди. Видеоконференция шаклида ташкил этилган мулоқотда коронавирус тарқалишига қарши кўрилаётган чора-тадбирлар, пандемиянинг икки мамлакат иқтисодиётига салбий таъсирини камайтириш, шунингдек, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт ва маданий-гуманитар ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш истиқболлари ва механизмлари муҳокама қилинди.
Музокаралар доирасида иштирокчилар Сингапур инвестициялари иштирокида Ўзбекистонда амалга оширилаётган лойиҳалар ҳолати, шунингдек, ахборот-коммуникация технологиялари, таълим ва соғлиқни сақлаш, фармацевтика ва транспорт инфратузилмаси соҳасидаги шерикликни янада кенгайтириш истиқболларини кўриб чиқдилар. Мавжуд лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш ва Ўзбекистонда бизнес юритиш учун Сингапурнинг янги компанияларини жалб этиш бўйича аниқ тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.
Инвестициявий ҳамкорликни фаоллаштириш мақсадида ҳамкорликнинг стратегик йўналишларини ривожлантириш ва иккала давлат ишбилармон доираларини ўзаро манфаатли ҳамкорликка жалб этиш, қўшма лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга хизмат қилувчи платформа сифатида кўприлаётган Ўзбекистон – Сингапур бизнес Кенгашини тузиш ғояси ҳам томонларда катта қизиқиш уйғотди.
Ўзаро манфаатдор компанияларни савдо шартномалари ишлаб чиқишга жалб этиш орқали Сингапурга ўзбек мева-сабзавот маҳсулотларини етказиб беришни йўлга қўйиш механизмлари атрофлича муҳокама этилди. Савдо айланмаси ҳажмини ошириш бўйича салмоқли салоҳиятни ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон ва Сингапур ўртасида эркин савдо тўғрисида битим тузиш имкониятларини ўрганиш бўйича ишларни фаоллаштириш таклиф этилди.
Икки мамлакат ўртасида йўловчи ва юк қатновларини жадаллаштириш, шунингдек, юк ташиш оқимларини бошқариш, авиакомпаниялар фаолиятини такомиллаштириш бўйича етакчи Сингапур транспорт компаниялари тажрибасини ўрганиш истиқболи ҳам кўриб чиқилди.
Томонлар «Сингапур ҳамкорлик дастури» доирасида Ўзбекистон вазирлик ва идоралари раҳбарияти учун малака ошириш ўқув курсларини ташкил этиш, «Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантириш бўйича стратегик маслаҳатчи сифатида сингапурлик экспертларни жалб қилиш, шунингдек, Наманган вилоятида Ижтимоий фанлар бўйича Сингапур университети филиалини очиш каби таълим салоҳиятини юксалтиришга қаратилган институционал ҳамкорлик истиқболларини алоҳида муҳокама қилишди.
Сингапур томони институционал салоҳиятни ривожлантириш дастурларини амалга ошириш орқали Жаҳон савдо ташкилотига кириш жараёнида Ўзбекистонни қўллаб-қувватлаш, шунингдек эркин савдо тамойилларини ривожлантиришда тажриба алмашиш учун цингапурлик мутахассисларни жалб этиш бўйича қатъий ниятларини билдирди.
Видеоконференция якунларига кўра, муҳокама этилган ҳамкорлик йўналишларини илгари суриш ва амалга ошириш бўйича доимий фаолият юритувчи ишчи гуруҳ тузишга келишилди.

 

ЎзА