Тадбиркор ислоҳотчи бўлса, камбағалчилик ўз-ўзидан қисқаради – Шавкат Мирзиёев

Кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Фарғона вилояти фаоллари билан ўтказилган йиғилишда вилоятда “Тадбиркор – ислоҳотчи” ташаббуси амалга оширилишини таъкидлади. 
Бу ташаббуснинг мазмун-моҳияти ҳақида қисқача маълумот берган эдик. Лўнда қилиб айтганда, Бош вазир ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов бошчилигидаги мутасадди ташкилотлар раҳбарларидан иборат гуруҳ ҳар ўн беш кунда бир марта Фарғона вилоятидаги барча ислоҳотларга кўмакчи бўлаётган тадбиркорларнинг дардини эшитади, муаммоларини ҳал қилади.
Президентнинг қайд этишича, бундан буён вилоятдаги туман ва шаҳарлар тўртта секторлари раҳбарлари барча ишини йиғиштириб қўйиб, ҳафтада бир кун фақат тадбиркорлар билан мулоқот қилади. Шу орқали ҳар бир сектор ҳудудида фаолият олиб бораётган тадбиркорларнинг муаммолари ўрганилиб, ҳал қилинади. Натижада тадбиркорлар олдида имконият пайдо бўлади, бундан фойдаланган тадбиркорлар бир қадам олдинда юради.
– Фарғона шаҳрида, Марғилонда, Қўқонда, Қувасойда, Қўштепада уддабурон, ишбилармон тадбиркорлар бор. Лекин уларни эшитишга раҳбарларнинг сабр-тоқати йўқ, гўёки иши кўп. Лекин тадбиркор бизни боқаяпти, тадбиркор ислоҳотларни амалга оширяпти, тадбиркор одамларни иш билан таъминлаяпти, тадбиркор солиқ тўлаяпти. Шуни инобатга олиб, Бош вазир ўринбосарлари С.Умурзоқов ва Ж.Қўчқоров бошчилигидаги раҳбарлар Фарғона тадбиркорларининг муаммоларини манзилли ўрганиб, чора-тадбир қабул қилади. Агар тадбиркор ислоҳотчи бўлса, камбағалчилик ўз-ўзидан қисқаради, – деди Шавкат Мирзиёев.

 

ЎзА