ЮНEСКОнинг COVID-19 пандемиясига бағишланган онлайн конференцияси

ЮНEСКОнинг Марказий Осиёдаги бюроси ҳамда Марказий Осий давлатлари вакиллари иштирокида “Марказий Осиёда COVID-19 пандемиясига жавоб бериш шароитида илм-фаннинг очиқлиги ва илмий ҳамкорликнинг ўрни” мавзусида онлайн конференция ўтказилди.
Тадбирда Марказий Осиё давлатларининг илм-фан ва инновациялар соҳасидаги ваколатли органлари раҳбарлари, олимлар, мутахассислар, ЮНEСКОнинг халқаро экспертлари иштирок этди.
Ўзбекистон томонидан инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Олимжон Тўйчиев қатнашди.
Конференцияда иштирокчи мамлакатлар вакилларига табиий фанлар дастури доирасида ЮНEСКОнинг COVID-19 га қарши кураш бўйича кўмаги, фаолияти ва режалари тўғрисида маълумот берилди. Минтақадаги мавжуд илм-фан соҳасидаги жавоб чоралари тақдимотлари ўтказилди. Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонда коронавирус пандемиясига қарши курашда илм-фан, технологиялар ва инновациялар соҳасидаги чора-тадбирлар ва ишланмалар муҳокама қилинди. COVID-19 вирусига қарши илм-фан секторининг жавоби сифатида тадқиқотлар ва ишланмалар бўйича илғор амалиёт ва тажриба билан алмашишни қўллаб-қувватлаш лозимлиги таъкидланди.
Кейинги босқичлар доирасида минтақада инқирозни бошқаришга миллий ёндашувларни халқаро ҳамкорларни жалб қилган ҳолда мустаҳкамлаш учун алоқаларни ўрганиш, шунингдек, қатор қўшни давлатлар билан муҳокамалар ташкил этилади.
photo_2020-06-06_17-21-50.jpg
Анжуманда дастлабки сўз ЮНEСКОнинг Марказий Осиёдаги кластер бюроси директори Криста Пиккатга берилди. У ўз нутқида Марказий Осиёда коронавирус пандемиясининг тарқалиши, минтақадаги вазият ҳақида маълумот берди ҳамда пандемиянинг олдини олишга қаратилган чоралар бўйича тўхталиб ўтди.
Шундан сўнг ЮНEСКОнинг Марказий Осиёдаги кластер бюроси COVID-19 га қарши табиий фанлар бўлими мутахассиси Наталя Ким, Марказий Осиё давлатлари вакиллари сўзга чиқди.
Мамлакатимиз номидан Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазир ўринбосари Олимжон Тўйчиев нутқ ва тақдимоти билан ўртоқлашди. У Ўзбекистонда коронавирусга қарши амалга оширилаётган ишлар тўғрисида сўзлади. Хусусан, Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан инфекцияга қарши курашиш ҳамда унинг олдини олишга қаратилган илмий лойиҳалар танлови, амалий ишлар, жумладан, “Birga Yengamiz” мобил иловаси яратилгани ва коронавирус бўйича билимни текширувчи онлайн тест синовлари “e-sertifikat” платформаси ишга туширилгани ҳақида маълумот берилди. Шундан сўнг қўшни давлатлар вакиллари ва мутахассислари ҳам ўз тажрибалари билан бўлишди.
Онлайн конференциядан кутилаётган асосий натижалар бу малака ва илғор тажриба алмашинуви, шунингдек, минтақа давлатларининг коронавирус пандемияси ва келажакда юзага келиши мумкин бўлган глобал таҳдидларга жавобан ҳамкорликда ишлаш, Марказий Осиё минтақасида илмий техник ахборот соҳасидаги тадқиқотлар, ҳамкорлик ва илм-фан очиқлигини таъминлаш заруратини чуқурроқ англаган ҳолда биргаликда сиёсат юритишдир.

 

ЎзА