Тумандаги машина-трактор парклари раҳбарлари, соҳанинг бошқа мутахассислари, фермер хўжаликлари раислари иштирок этган тадбирда таъкидланганидек, бугунги кунда деҳқончиликда, айниқса, пахтачиликда эгилувчан қувурлардан фойдаланиш муҳим аҳамият касб этади. Бу борада Амударё туманида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, «Тўлқин» овул фуқаролар йиғинидаги «Амет Тўраев» фермер хўжалиги раҳбари Эркинбой Тўраев соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар, инновацион лойиҳаларни жорий этиш орқали пахта ва бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштиришда ўз тажриба мактабини яратганлардан. Айниқса, тежамкорлик даромадига-даромад қўшишини фермер жуда яхши билади. Шу боис, у жорий йилги зироатчилик мавсумида туман фермер хўжаликлари орасида биринчилардан бўлиб, ғўзани шарбат усулида суғоришда эгилувчан қувурлардан фойдаланиш усулини бошлаб берди.
Тадбирда мутахассислар томонидан бир текис эгат олинган далаларга эгилувчан қувурлар орқали сув тарашнинг афзалликлари, ғўза қатор ораларига бериладиган сув сарфи ва тежаладиган сув миқдори ҳамда ишчи кучи, бундан хўжалик иқтисодиётига келадиган фойда хусусида етакчи мутахассислар томонидан зарур маълумотлар ва тавсиялар берилди.
Ушбу тежамкор технологиянинг яна бир афзаллик томони, яъни, оддий суғориш жараёнида юз бериши мумкин бўлган ғўзани сув босиш ҳолатига барҳам берилиши, ҳар бир туп ғўза зарур миқдордаги сув билан таъминланиши, натижада ҳосил нишоналари юз фоиз сақлаб қолинишига эришиш мумкинлигига алоҳида эътибор қаратилди. Чунки кўпчилик фермер хўжаликларида сувбосди бўлган ғўзалар ҳосил нишоналарини ташлаб юбориши оқибатида ҳосилдорлик камайиб кетиши тажрибалардан аён. Эгилувчан қувурлардан фойдаланилганда ана шундай нохуш ҳолатнинг олди олинади ва хўжалик иқтисодига ижобий самара бериши қайд этилди ва ўзаро тажриба алмашилди.