Журналист суриштируви
Ёхуд журналист «сўз эркинлиги» ортидан қамалдими?
Сўнгги кунларда Фарғонада бир журналист билан боғлиқ воқеа турлича талқин қилиниб, «хайп»га берилиб, айбсиз айбдорлар ва урушдан кейинги қаҳрамонлар кўпаймоқда. Масалани холис ёритиш мақсадида воқеа «қаҳрамони» Усмонжон Қодиров, Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлими раиси Муҳаммаджон Обидов ва Фарғона вилоят ИИБ матбуот котиби Исмоил Шарипов билан боғланиб, ўзимизни қизиқтирган саволларга жавоб олдик.
Журналист Усмонжон Қодиров ўзининг тушунтириш хатида шундай ёзади: «Ҳаво иссиқлиги туфайли ниқобни ечиб олгандим, ИИБ ходими мени огоҳлантирди ва у билан ТПга боришимни айтди. Менинг жаҳлим чиқиб кетди ва уятли сўзлар билан сўкиниб юбордим. Қилган ишимдан пушаймонман».
Севара Алижонова: Шу гаплар ҳақиқатми ёки қўрқув, тазйиқ остида ёзганмисиз?
Усмонжон Қодиров: Бунга имзо қўйганман, холос. Ихтиёрий. Агар шундай қилмасам, яна бошқа айбловлар ҳам қўйишарди.
Севара Алижонова: Нотўғри ахборот тарқатганингиз учун пушаймонлигингиз ҳақидаги видеомурожаатингиз ҳам тазйиқ, яъни М.Обидов таъсирида айтилдими?
Усмонжон Қодиров: Йўқ, бунга мени ҳеч ким мажбур қилмади. Чин кўнгилдан, ростдан ҳам сўраб-суриштирмай, шошқалоқлик билан ахборот берганим учун ҳаммадан узр сўрадим.
Севара Алижонова: Сизни М.Обидов қаматганига ишонасизми?
Усмонжон Қодиров: Йўқ, лекин ҳокимиятдан ИИБ ходимлари мени олиб кетишаётганини кўришди.
Севара Алижонова: «Файзбоғ» телеграм канали чиқарган «мем»ни каналингизда улашишдан мақсад нима? Шу фикрга қўшиламан, деганингизми?
Усмонжон Қодиров: Айнан йўқ.
Севара Алижонова: Унда нега? Ҳеч қандай изоҳ йўқку? Бу ҳаракатингиз воқеа ҳақида одамларда муайян тушунча ҳосил қилади.
Усмонжон Қодиров: Шунчаки қўйдим. Кўп жойда кўрганим учун.
Севара Алижонова: Демак, сизнинг 15 суткага қамоққа ҳукм этилганингиз «сўз эркинлиги» билан эмас, ниқоб тақмаганингиз билан боғлиқ, шундайми? Очиғини айтаверинг, йўқ десангиз ҳам етарли.
Усмонжон Қодиров: –
* * *
Севара Алижонова: Ассалому алайкум. Воқеа қандай бўлган эди ўзи? Усмонжон Қодировни пушаймонлик ҳақида видеомурожаат қилишга сиз ундадингизми?
Муҳаммаджон Обидов, Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлими раиси: Йўқ. Суҳбат чоғида унинг ёлғон ахборот тарқатганини исботловчи далиллар келтирганимдан сўнг, у хато қилганини ёшликка, шошма-шошарликка йўйиб узр сўради. Ёлғон гаплар интернет орқали бутун дунёга тарқалиб кетиб бўлди, бу узрингдан нима наф энди, дедим. У видеомурожаат қилишини айтди ва ҳеч кимнинг қистови ёки ўргатишисиз кечирим сўради. Суҳбатимизга Фарғона вилоят телерадиокомпанияси директори Б.Обиджонов ҳам гувоҳ бўлган.
Севара Алижонова: Нега бу видео ўзининг шахсий телефонида эмас, ҳокимият биносида камерага олинди?
Муҳаммаджон Обидов: Ўзингизга маълум, барча идораларга, жумладан, ҳокимият биносига ҳам киришда кирувчининг телефони олиб қолинади. Қолаверса, ахборот хизмати телеграм каналига қўйдик, узрини, шу сабаблар туфайли ҳокимият хонасида олинган.
Севара Алижонова: У.Қодировни тегишли орган вакиллари олиб кетишаётганини кўрган экансиз…
Муҳаммаджон Обидов: Ҳокимиятнинг асосий ва расмий делегациялар кирадиган эшиклари бор. Улар милиция ходимлари томонидан қўриқланади. Баъзида у ерда ишлайдиганлар ёки бирон йиғилишга келган ИИБ ходимлари ҳам ҳокимият биносига кириб-чиқиб турадилар. Лекин улар У.Қодировни «олиб» кетишганидан хабарим йўқ. Қолаверса, У. Қодировнинг ўзи судда «Навоий кўчасида жойлашган Фарғона вилоят ҳокимлиги биноси олдида» уни милиция ходимлари тўхтатгани ҳақида кўрсатма берган.
Севара Алижонова: Журналистлар ижодий уюшмаси вилоят бўлими бошлиғи сифатида Усмонжон Қодировни ҳимоя қилмадингизми?
Муҳаммаджон Обидов: Менга бир танишим 28 май куни қўнғироқ қилиб, У.Қодиров кеча уйига бормагани, унинг гумонича, негадир қамаб қўйишганини айтди. Мен бундай бўлиши мумкин эмас, нега, нима учун дея дарҳол ўрганишга киришдим. ИИБ матбуот котиби ва масъуллари бундай воқеадан хабарсизлигини айтишди. Шундан сўнг маъмурий суд билан боғландим ва шундагина бу гап тўғрилигини билдим. Журналистлар ижодий уюшмаси вилоят бўлими раиси сифатида қарордан нусха сўраб судга расмий мурожаат қилдим. Улар тақдим этдилар. Ўқисам, У.Қодиров «карантин қоидаларини бузгани, уятли сўзлар билан сўкиниб фуқаролар осойишталигини бузганига иқрор» бўлиб судда кўрсатма берган. Судьянинг таъкидлашича, У.Қодировдан қилмиши ҳақида қайта-қайта сўралган. У ҳар гал бу кўрсатмани ўз ихтиёри билан бераётганини айтган. Шундан сўнг суд жазо тайинлаган.
Уринишларим натижасида қарордан нусха олиб, ўша заҳоти Журналистлар ижодий уюшмаси вилоят бўлими номидан Фарғона вилоят Маъмурий судига Усмонжон Қодировга нисбатан Фарғона шаҳар Маъмурий суди чиқарган қарорни бекор қилиб, уни озод қилишлари ҳақида расман шикоят-илтимоснома киритдим. Вилоят судидан истисно тарзида ишни дарҳол кўриб чиқишни сўрадим. 29 май куни эрталаб иш Фарғона вилоят Маъмурий судида кўриб чиқилди ва унга нисбатан белгиланган 15 кунлик маъмурий қамоқ жазоси 2 кунлик билан алмаштирилиб, у озод этилди.
Мен Журналистлар ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлими раиси сифатида вазифамни виждонан ва сидқидилдан бажардим. Бу хатти-ҳаракатларим суд ҳужжатларида ҳам ўз ифодасини топган. Шундай қилиб, мен У.Қодировга ҳуқуқбузарлиги учун жазо тайинланишига мутлақо алоқадор эмасман. Аксинча, унга нисбатан тайинланган жазо қайта кўриб чиқилишининг ташаббускори эдим…
Севара Алижонова: Сизга айбсиз айбдор бўлиш нимага керак? Сиз ҳақингизда жамоатчилик фикридан хабарингиз бордир, нега муносабат билдирмаяпсиз?
Муҳаммаджон Обидов: Эътибор берган бўлсангиз, бу воқеа ҳақида ёзаётганларнинг аксарияти хориждаги Ўзбекистоннинг «доимий дўстлари», қолганлари эса воқеанинг аслида қандай кечганидан бехабар кишилар. Сиз ва яна бир нуфузли хорижий ОАВ мухбиридан ташқари ҳеч ким бу ҳақида мендан сўрагани йўқ. Фақат кўр-кўрона ёзаверишди. Жилла қурса улардан бирортаси «Ҳей биродарлар, аслида У.Қодиров ёшлик, шошма-шошарлик қилиб, ёлғон ахборот тарқатиб қўйган, судда эса ҳуқуқбузарлик қилгани учун қайта-қайта иқрорлигини билдирибдику», демайди. Бирор инсон «М.Обидовнинг милицияга буйруқ бериб, судга олиб бордириш, унга ҳуқуқбузарлиги ҳақида иқрор кўрсатмаси бердириш, судга маъмурий қамоқ жазоси тайинлатиш қудрати борми ўзи?» демайди.
Албатта, ноҳақ ёзилаётган «пост»ларни кузатяпман, дилим оғрияпти. Аммо виждоним олдида покман, бунга Яратган шоҳид. Шу нарса менга тасалли беради.
Севара Алижонова: Демак, Усмонжон Қодировнинг 15 суткага қамоққа ҳукм этилгани «сўз эркинлиги» билан эмас, ниқоб тақмагани билан боғлиқ, шундайми?
Муҳаммаджон Обидов: Ҳа, тўғри. У ёлғон ахборот тарқатгани учун ўз ихтиёри билан узр сўради. Қамалиши эса ҳуқуқбузарлиги учун бўлган. Булар мутлақо бошқа-бошқа нарсалар.
* * *
Севара Алижонова: Ассалому алайкум. Журналист Усмонжон Қодировга қандай айби учун 15 сутка қамоқ жазоси тайинланди?
Исмоил Шарипов, Фарғона вилоят ИИБ матбуот котиби: Фуқаро У.Қодиров Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54, 183, 194-моддалари, яъни «Эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш», «Майда безорилик», «Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик» шартлари билан айбланган.
Севара Алижонова: Нега муддатидан илгари озод этилди? Жамоатчилик фикри таъсиридами ёки..?
Исмоил Шарипов: Усмонжон Қодиров кассация инстанциясига дастлабки суд қарори устидан шикоят қилган, пушаймон эканини айтиб, жазони енгиллаштиришни сўраган.
Жабрланувчи, яъни Фарғона шаҳар ИИБ профилактика инспектори М.Ҳамралиев кассация шикоятида, жабрланувчи ундан кечирим сўрагани сабабли тайинланган жазони енгиллаштиришни сўраган.
Кассация инстанцияси суди, кассация шикоятларини иш материалларига қўшиб, текшириб чиқиб, таҳлил қилиб, қуйидаги асосларга кўра суд қарорини ўзгартириб, кассация шикоятини қаноатлантиришни лозим топган.
У.Қодировга Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 34-моддаси тартибида узил-кесил 2 (икки) сутка муддатга маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. Қодиров Усмонжон Ҳакимжон ўғли маъмурий қамоқ харажатларидан озод қилинган. Кассация шикояти қаноатлантирилган.
Севара Алижонова: Демак, фуқаро Усмонжон Қодировнинг 15 суткага қамоққа ҳукм этилгани «сўз эркинлиги» билан эмас, ниқоб тақмагани билан боғлиқ, шундайми?
Исмоил Шарипов: Ҳа, шундай.
* * *
Мана шунақа гаплар, дўстлар. Ким ҳақу, ким ноҳақ, хулоса ўзингиздан.
Учала томон берган маълумотларни умумлаштирган ҳолда, бизнинг хулосаларимиз қуйидагича:
Журналист ва блогер Усмонжон Қодиров ҳақида аввал маълумотга эга эмас эдим. Бу воқеалардан кейин унинг ишлари ва телеграм каналини кузатиб, ижобий фикр уйғонди. Яхши, содда ва самимий йигит экан, аммо суҳбат асносида ёшларга хос шошқалоқлиги, айрим ҳаракат ва сўзларини мулоҳаза қилмай, оммага эълон қилиб юбориш одати борлигини пайқадим. Буни гарчи «15 сутка қамоқ» фонида қолиб кетган «нотўғри ахборот етказиши», ҳатто хорижий ОАВга ҳам ўзи ишонч ҳосил қилмаган ахборотни тасдиқлаши, бошқалар тарқатган унга алоқадор хабарни «шунчаки» эълон қилиши (ўзи асосий қаҳрамон бўла туриб, бундай хабарни кўр-кўрона қўёлмайди, бу билан у «Ҳа, худди шундай бўлган эди асл жараён» дегандек бўляпти. Ўзидан қайта-қайта сўрамай, М.Обидов ҳеч қандай тазйиқ ўтказмаганини таъкидлади ва унда заррача қўрқув аломатини сезмадим) бунга мисол бўла олади. «ОАВ тўғрисида»ги қонуннинг 5-моддасида «Оммавий ахборот воситалари қонун ҳужжатларига мувофиқ ахборотни излаш, олиш, тадқиқ этиш, тарқатиш, ундан фойдаланиш, уни сақлаш ҳуқуқига эга» дейилган бўлса, унинг давомида «тарқатилаётган ахборотнинг холислиги ва ишончлилиги учун белгиланган тартибда жавобгар бўлади» деб ҳам қайд этилган.
Аммо журналистнинг сўз эркинлиги учун «танобини тортиб қўйиш» мақсадида 15 сутка қамоқ жазоси берилишига қатъий қаршиман. Пандемия қоидаларини бузгани учун бўлса, ҳамма қатори жавобини берсин.
Журналист ва блогернинг фарқи шундай вазиятларда сезилиб қоляпти. Журналистнинг иши битта маълумотга ишониб, айюҳаннос солиш эмас, иккинчи, учинчи тарафларнинг ҳам фикрини олиш, асл вазиятни ўрганиб, холис ва ҳаққоний ахборот беришдир. Айниқса, ҳозирги «хайп»лар замонида ишончли ахборотни ишончсизидан ажрата олиш қийин бўлиб бормоқда. Биринчи ахборот берган одам ҳамиша ҳақ бўлиб қолаяпти. Кейин бу ишнинг охири нима билан тугаганига на ахборот тарқатувчининг, на ахборот олувчининг қизиқиши, эҳтиёжи бор.
Қизиқ савол туғилади: бир журналистни ҳимоя қиламан, деб иккинчи бир киши (журналист)нинг ҳуқуқига дахл қилиб қўймаяпмизми? Агар бу ҳақиқат бўлганида, «хайп»ингизни истаганингизча қилсангиз бўларди. Аммо вазият юқоридагидай тус олсачи..? Бировни билиб-билмай ҳақорат қилганлар ҳам 15 сутка қамоқ челленжидан «баҳраманд» бўлиши керакми? Аввало, бу кунларни кўргулик қилмасин.
Журналистлар сал дадилроқ бўлиб, шахсий муносабат билдиришдан қочиб муаммо-масалага холис ва ҳаққоний ёндашсалар, бир томоннинг фикридан хулоса қилмай, иккинчи, учинчи… томонларни ҳам ўргансалар, жамиятимизда урчиётган «хайп»ларга берадиган зарбалари шу бўлар эди.
Ҳақиқат юзага чиқсину, ҳеч кимнинг боши ғалвага қолмасин… Фикримча, бу ишларнинг боши ва охири қаёққа қараб кетаётганини, айбдор аслида ким эканини фаҳмладингиз.
Бир-биримизни асрайлик, бир-биримизни ҳурмат қилайлик!