Инсоният ўз зурриётини соғлом бўлишини ва ҳеч кимдан кам бўлмаслигини, ҳамма яхши нарсалар болаларга бўлишини истайди. Бу кун болаларни ҳимоя қилиш куни ҳам деб нишонланади. Болаларни ҳимоя қилиш тушунарли. Аммо глобал оламда биз болажонларимизни ҳимоя қиладиган ишларимиз кўпайганидан кўпайди. Менимча, уларнинг энг асосийлари биринчидан ахборот хуружлари, иккинчидан тарбиясизликдан ҳимоя қилишимиз керак. Мен бугун пандемия, карантин каби бизнинг авлод тасаввурига ҳам сиғдира олмаган, лекин болалар гувоҳи бўлаётган, очиғи, бу бало уларнинг бир қисм болалигини ҳам «ўғирлади». Начора, одамзод бошига келди бу кулфат.
Биз бугун тараққиёт мислсиз илдамлаб бораётган бир пайтда яшаяпмиз. Дунёда 3,2 млрд. инсон интернетдан фойдаланяпти. Уларнинг аксарияти мактаб ёшидаги болалар эканини назарда тутсак, тарбия соҳасида ниҳоятда жиддий ишлар қилиниши лозимлиги аён бўлади. Болалар одатда учинчи оламдан олаётган маълумотларни ўз ота оналаридан сир тутадилар. У ерда ҳар қандай номақбул бизга ёт бўлган ахлоқ ва вертуал медиолар бўлишини ҳамма билади-ю, аммо бу жараёнлар оғушида кечаётган болаларимиз онгу- шуурини захарлаётган баъзи ёт нарсаларга бефарқ бўлишимиз тарбияда, ҳаётда қимматга тушиши мумкин. Болалар қўлидаги телефонни олиб қўйиш ёки унга қатъий тақиқларни жорий қилиш билан масала асло ҳал бўлмайди. Бунинг ўрнига муттасил тушунтириш ишларини олиб бориш, ҳаётда аниқ мисоллар билан ахборот оламидан қандай унумли фойдаланиш кераклигини мактабда, матбуотда, уйда ва жамоатчилик орасида тарғибот қилишдан эриниш керак эмас.
Шундай бўлаяпти ҳам. Аммо биз ҳали қониқмаяпмиз. Бу борада ойдинлаштириш керак бўладиган кўплаб муаммолар борки, у албатта ўз ечимини замонавий тарзда топиши даркор. Шундай усуллардан бири мумтоз ўзбек халқида шаклланган тарбия, ривоят,урф- одат ва ҳикматларни ёшларга сўзлаб бериш, ўрнак бўладиган оилалар тимсолида кўрсатиш ва уларни sms тарзида ёки электрон матбуотда муттасил ёритиб бориш самара беради. Токи, вертуал оламда ҳамма нарса ҳам инсоннинг камолоти учун эмас ,балки унинг минг тубан кетиб қолишига сабаб ҳам бўлиши мумкинлигини ҳамма билиши ва бу оламдан фақат керакли ахборотлардан фойдалана билиш керак. Интернетнинг баъзи сайтларида шундай баланд парвоз болаларни чалғитувчи, пуч орзулар ваъда қилинадики, наҳотки шу ғояларга қарши курашиш бизни ташвишлантирмаса, деб ўйлаб қоласан киши? Ҳакимлардан бири: ”Енгил орзулар аҳмоқларнинг савдо молларидир”, деганда мутлақо ҳақ эди.
Сир эмас, баъзи болаларда, ҳаттоки ота- оналарда ҳам жуда тез натижаларга эришиш, ҳар бир муваффақият ортида инсонларнинг тинимсиз меҳнати ётганлигини фарзандларига тушунтира билишлари лозим. «Меҳнат- меҳнатнинг таги роҳат» эканини болаларга айтаверишдан эринмасликлари керак. Интернетда ҳамма нарса жўн ва тайёр ҳал бўлаётганлиги, гўёки, меҳнатсиз кун кечириш мумкин экан, деган хаёлга олиб келади, баъзи болаларни. Кўнгил очар ўйинлар эса уни мутлақо дангаса ва бемеҳр, шафқатсиз қилиб қўймоқда. Бизнинг авлод ёшлик чоғларимизда вертуал олам йўқ эди. Дангасалик орзуларни пучга чиқаради. Муттасил телефонга берилиш, компьютер ўйинлари болаларни дангаса ва бефарқ қилиб қўймоқда, десак ҳеч муболаға қилмаймиз. Халқимизда шакарнинг ҳам ози ширин, деган нақл бор. Шундай экан замонавий ахборот технологиялари асрида ҳар қандай шароитда мувозанатни сақлай билиш керак. Болалар ҳар томонлама бўлишлари, асло бирёқламалик бўлиб қолмасликлари керак. Ота- она фарзандига доим устун бўлиши ҳам маънавий, ҳам моддий жиҳатидан бола ундан наф олиши керак.
Мен бу борада ҳаммага тарбия бобида тўртта етти ҳақидаги насиҳатни гапираман. Етти ёшгача фарзанд ҳамма учун райҳон, уни ҳидлаб тўймайсан киши, бамисоли жаннат ифори. Етти ёшдан ўн тўрт ёшгача у сенга дастёринг барча майда юмушларингга кўмаклашади. Ўн тўрт ёшдан йигирма бир ёшгача вазиринг, сен у билан маслаҳатлашиб иш тутишинг керак. Йигирма бир ёшдан йигирма саккиз ёшгача у агар сен тўғри тарбия берган бўлсанг, дўстингга айланади, акс ҳолда, душманингга айланади. Дўстимнинг бир ўғил, икки қизи борлигини билар эдим. Суҳбат асносида ўғли океан ортида яшаётгани, ўша ерда уйланиб болали бўлганлигини айтиб ўксиниб, мана шу воқеаларнинг ҳаммасига ўзининг бепарволиги, ўғлига мактаб давридаёқ беками-кўст шароит яратиб берганлиги, айниқса интернет тармоғи орқали ўзга юртларни ихтиёр этганини надомат билан айтиб берди. Орада ўғли бир марта келганда унда бутунлай мафкура ўзгарганлигига ҳайрон қолдим, дейди.
Ўғлининг ишларидан у учун дунё қоронғи эди. Ўзи илғор деб билган тарбия сароб бўлиб чиқди. Биз олдиндан кўрмаган хатолар келажакда тарбияда шундай натижаларни беради. Баъзи пайтда биз яхши ният билан бошқа миллатларни тилини болаларимизга ўргатяпмизу, аммо ўзимиз билмаган ҳолда бизга хос бўлмаган одатлари ҳам ўтиб қолмоқда. Ота- онасини рози қилмаган фарзанд эса бу дунёда ҳам, охиратда ҳам нажот топмаслигини муқаддас китобларда ёзилган. Бундай мисоллар кўп. Болаларимизга шунга ўхшаш бола кўз ўнгида содир бўлаётган воқеаларни хонтахта атрофида тарбиявий мақсадларда келтиришини тавсия қилар эдим. Албатта нонушта ва кечки овқатланишни болалар билан ўтказиш ва унда тарбиявий суҳбатлар бўлиши шарт. Токи бола реал воқеалар асносида оқ ва қорани ажратиб олсин. Интернетда иммунитет ҳосил қилиш керак деганда ана шулар ҳам назарда тутилади. Олимлардан бири шундай деган экан: ”Кимки ўз оиласи билан яхши бўлмаса, сен билан ҳам яхши эмас ва кимки оиласини ҳимоя қилмаса, сени ҳам ҳимоя қилувчи эмас”. Шундай экан ҳамма ота- оналар ўз оиласига раҳнамо. Муаллимлар эса олийжаноб вазифани бажарувчи сифатида умумий ишга камарбаста инсонлардир.
Бахтиёр Каримов,
Ўзбекистон Республикаси
халқ ўқитувчиси
ЎзА