Мбаппе тўп урарлар қироли Мессини "тахт"дан ағдармоқчи

“Give me Sport” нашри Европа Чемпионлар лигасида 23 ёшгача энг кўп гол урган тўпурарлар рейтингини эълон қилди.
Ушбу рўйхатда Европанинг энг нуфузли мусобақасида 25 гол урган “Барселона” ҳужумчиси Лионель Месси пешқадамлик қилмоқда. Кейинги ўринда “Реал” ҳужумчиси Рауль қайд этилган. Испаниялик футболчи ҳисобида 22 гол бор.
Энг юқори поғонада турган бу икки тўпурарни таъқиб қилаётган Килиан Мбаппе ҳозиргача рақиблар дарвозасини 19 маротаба ишғол қилган. Айнан Килиан Месси рекордини янгилаши мумкин. У ҳозир 21 ёшда ва икки йил ичида Чемпионлар лигасида яна 6-7 гол уриш имконияти юқори.
Шунингдек, кучли ўнликка қисқа муддатда “Боруссия” вакили Эрлинг Холанд ҳам қўшилди. 19 ёшли футболчи ҳисобида 10 гол бор. Агар шу тариқа кўп гол уришда давом этса, у ҳам Мбаппе қатори Месси рекордини янгилаши мумкин.
Рейтингга киритилган қолган ўйинчиларнинг бирортасида Мессининг рекордини янгилаш имконияти йўқ. Мессининг доимий рақобатчиси Криштиану Роналду эса кучли ўнликка ҳам киролмаган.

 

ЎзА