Браконьерликка қарши кураш ойлиги

Давлат экология қўмитаси томонидан Амударёда жорий йил 12 мартдан 31 майгача балиқларни саноат мақсадида овлашга тақиқ ўрнатилди. Шунингдек, Май ойи – “Браконьерликка қарши кураш ойи” деб эълон қилинди.
Шу муносабат билан Хоразм вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг Биохилмахиллик ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар масалалари бўлими давлат инспекторлари томонидан олиб борилган махсус рейд тадбирлари ташкил қилинмоқда.
Рейд тадбирлари давомида Ўзбекистон Республикаси “Қизил китоби“га киритилган 3 та “Орол мўйлобдори“ балиғини фуқаро Д.Қ. ноқонуний овланганлик ҳолати аниқланди. Ушбу фуқарога нисбатан ЖКнинг 202-моддаси 3-қисми “ж“ банди билан Тупроққаъла туман ИИБ томонидан жиноий иш қўзғатилди.
Шунингдек, Хоразм вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ходимлари, Тупроққаъла туман давлат инспекторлари ва Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари 9203-ҳарбий қисм хизматчилари ҳамкорлигида олиб борилган назорат тадбирларида Амударёнинг Тупроққаъла туманидан оқиб ўтувчи қисмида, чегара ҳудудда Хоразм вилояти Ҳазорасп туманида яшовчи фуқаро А. М. томонидан 15 дона лаққа балиғини таъқиқланган усулда, яъни 5 та тузма қармоқ ва тўр орқали овлаганлик ҳолати аниқланди.
Таъқиқланган давр, таъқиқланган ҳудуд ва тақиқланган усулда балиқ овлаган ҳуқуқбузарга нисбатан маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 90-модда 4-қисмига мувофиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилди ва тегишли тартибда кўриб чиқиш учун маъмурий ишлар бўйича судга ҳужжатлар расмийлаштирилмоқда.
Маълумотларга кўра, ушбу ҳуқуқбузарлик натижасида табиатга 13 миллион 380 минг сўм миқдорда зарар етказилган.
Браконьерликка қарши кураш ойлиги давом этмоқда.

 

Аҳмаджон ШОКИРОВ, ЎзА