Сенат ялпи мажлиси: “Саломатлик” ордени ва “Соғлом турмуш” медали таъсис этилади

Олий Мажлис Сенатининг тўртинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади. Мажлис видеоконференцалоқа шаклида ўтказилмоқда.
Ялпи мажлисни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб бормоқда.
Мажлисда “Саломатлик” орденини таъсис этиш тўғрисида”ги ҳамда “Соғлом турмуш” медалини таъсис этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари муҳокама этилди.
“Саломатлик” орденини таъсис этишни бугунги даврнинг ўзи тақазо этмоқда.
Ушбу орден икки даражадан иборат бўлиб, I даражали “Саломатлик” ордени билан тиббиёт соҳасини ривожлантириш, замонавий талаблар асосида такомиллаштириш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ишларига муносиб ҳисса қўшганлар тақдирланади.
II даражали орден билан эса аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, турли касалликларнинг барвақт олдини олиш ва бартараф этишда фаол иштирок этган шахслар мукофотланади.
Аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, шахсий гигиена қоидаларига риоя қилишни кенг тарғиб қилиш, жисмоний тарбия ва бадантарбияни кундалик турмуш тарзига айлантириб, жамоатчиликка шахсий намуна бўлаётган ҳамюртларимиз хизматлари эътироф этиш мақсадида “Соғлом турмуш” медали таъсис этилмоқда.
“Саломатлик” ордени ҳамда “Соғлом турмуш” медали билан чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳам тақдирланиши мумкин.
Ушбу орден ва медалнинг таъсис этилиши бугунги кунда халқимиз саломатлиги учун курашаётган фидойи касб эгалари, шунингдек, синовли кунларда инсоний фазилатларини намоён этаётган саховатпеша ва мард ҳамюртларимизни маънавий-руҳий рағбатлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Тўртинчи ялпи мажлис кун тартибидаги мазкур қонунлар сенаторлар томонидан маъқулланди.

 

ЎзА