Сенат раиси: “Тўй билан боғлиқ қонун одамлар ҳаётига аралашиш, тўйини бузиш, дегани эмас”
Сенатда тўйлар ва бошқа маросимлар билан боғлиқ тартибни бузганларни жавобгарликка тортишга оид якуний қарорга келинди. 

Яъни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказиш тартибини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилашни назарда тутувчи нормалар билан тўлдирилмоқда.
Бу “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунда назарда тутилмоқда.
Бироқ, тўй билан боғлиқ қонун бор, энди тартибга зид тўйларни бориб бузиш, одамлар ҳаётига аралашиш мумкин, дегани эмаслигига Сенат раиси Танзила Норбоева алоҳида урғу берди.
Қонунда назарда тутилган меъёрларни амалда таъминлаш учун, аввало, бу меъёрларни аҳолига чуқур тушунтириш ишларини олиб бориш, қонун ижросини таъминлаш билан боғлиқ тегишли низом ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ.
Ҳақиқатан, Сенат раиси маҳаллий ижро органлари томонидан кўп ҳолларда йўл қўйиладиган, яъни “салла ол деса, калла олишга уринадиган” ходимлар йўл қўйиши мумкин бўлган қўпол хатонинг олдини олиш мақсадида шундай фикр билдирди.
Чунки қонун кучга киргач, уни пеш қилиб, тўйхонага бориб тўйни бузишга, одамларнинг кайфиятига салбий таъсир қилувчи масъуллар учраши ҳам мумкин. Бу эса жуда ҳунук манзара бўлиши билан бирга, ўша ходимларнинг пайтдан фойдаланиб бошқа нохуш ҳаракатлар содир этишига замин яратмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди.
Халқимиз, одамлар тўй ва бошқа оилавий маросимларни тартибга солишдан мақсад нима эканлигини, аввало, чуқур тушуниши керак. Гарчи, тўйлар халқимизнинг азалий қадрияти бўлсада, амалда асл қадриятлардан чекиниб, яъни маъно, мазмун, мақсадни бир четга суриб, фақат дабдабабозликка берилиш, ким ўзарга тўй қилиш каби салбий “анъаналар” пайдо бўлди. Бунинг ортидан эса аҳолининг асосий қатлами қийин аҳволга, бошқача айтганда, қарзга ботишдек мушкулотларга дуч келгани сир эмас.
Бундай салбий ҳолатларга қонуний меъёрларни ҳаётга тўғри татбиқ этиш орқали барҳам берилади.

 

Норгул АБДУРАИМОВА, ЎзА