Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида Исроилнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Эдуард Шапиро билан учрашув бўлиб ўтди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов меҳмонни ташриф билан қутлаб, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Оролбўйи ҳудудини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, Орол фожиаси оқибатларини бартараф этиш, аҳоли турмуш шароитини юксалтириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
Бугунги кунда дунёнинг кўплаб давлатлари, шу жумладан, Исроил билан сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестицион ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик ривожланмоқда. Айниқса, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, туризм ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик ижобий самара бераётир. Сувдан тежамли фойдаланиш орқали экин майдонларидан юқори ҳосил олиш бўйича Исроил тажрибаси Оролбўйи ҳудуди учун долзарб ҳисобланади.
Ўз навбатида элчи самимий қабул учун миннатдорлик билдирди. Келгусида аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни юксалтириш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, экологик муаммоларни бартараф этиш борасида ҳамкорлик қилиш истагини билдирди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА