ДОЛЗАРБ МАВЗУ
Мамлакатимизда солиқ тизимини такомиллаштириш, аҳоли ва тадбиркорларнинг солиқ юкини камайтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Жумладан, 2020 йилнинг 1 январидан бошлаб янги таҳрирдаги Солиқ кодекси амалга киритилди.
Ўзгаришларга мувофиқ, мамлакат тараққиётининг таянчи бўлган инсофли, ҳалол солиқ тўловчиларни рағбатлантириш, яширин фаолият юритаётганларнинг қонуний ишлаши учун шарт-шароит яратишга хизмат қиладиган нормалар ўз аксини топди. Бундан кўзланган мақсад фуқаролар солиқдан қочиш эмас, балки уни вақтида тўлашдан манфаатдор бўлишига эришишдир. Айнан ушбу жиҳатларни инобатга олган ҳолда янги солиқ тизимини яратишнинг асосий ғояси тенглик, соддалик, аниқлик ва самарадорлик каби асосий принципларга асосланди.Хусусан, янги тартибга мувофиқ солиқ назорати турлари 13 тадан 3 тагача қисқартирилди.
Солиқ текширувлари эса, эндиликда риск-таҳлил асосида камерал солиқ текширувлари, сайёр солиқ текширувлари ва солиқ аудити тарзида амалга оширилади. Солиқ текширувлари фақат солиқ кодексида назарда тутилган ва уларни ўтказиш тартибини белгилайдиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинганидан кейин ўтказилиши мумкин.
Бунда, солиқ органлари томонидан тадбиркорлик субъектларини 42 та мезон асосида 3 сегментга, яъни, “виждонли”, “шубҳали” ва “мунтазам ҳуқуқбузарлар”га ажратган ҳолда улар билан алоҳида фаолият ташкил этиш йўлга қўйилади.
Виждонли категориясидаги солиқ тўловчилар, уларнинг шу рўйхатда бўлган даври давомида хеч қандай текширув ўтказилмаслиги;
шубҳали категориясидаги солиқ тўловчилар камерал назорат тартибида назоратга олиниб,аниқланган камчиликлар ўз вақтида бартараф қилинса бошқа текшириш амалга оширилмаслиги;
мунтазам ҳуқуқбузувчилар эса аудит текшируви орқали жойида текшириш кўзда тутилган.
Яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, энди солиқ текширувлари жараёнлари инсон омили аралашувисиз, яъни компьютер техникаси орқали амалга оширилади. Бу ҳам ўз навбатида солиқ текширувларининг шаффофлигини таъминлайди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасининг «Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонунига асосан 2022 йил 1 январгача давлат солиқ хизмати органлари солиқ аудити тайинланганлиги тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилни хабардор қилиш тартиби жорий этиш кузда тутилган.
Cолиқ органи хўжалик юритувчи субъектлар ҳузурига борган ҳолда муаммо ва таклифларини тинглаб, уларга биргаликда ечим топиб, иш фаолиятига ёрдам берувчи идорага айланганлиги ҳам Солиқ кодексида белгилаб қуйилган.
Хусусан, 9-моддада солиқ органлари солиқ муносабатлари доирасида солиқ тўловчилар билан солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини тўғри бажариш мақсадида ҳамкорлик қилиши шарт эканлиги алоҳида қайд этилган. Шунингдек, янги солиқ кодексида илк бор солиқ органларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланиб, уларнинг жавобгарлиги кучайтирилмоқда.
Яъни, солиқ органларининг ортиқча тўланган ёки ортиқча ундирилган солиқларни ўз вақтида қайтариш учун жавобгарлиги кучайттирилди. Ортиқча ундирилган солиқ ва молиявий санкциялар суммаларини, ушбу суммаларини ундириш (тўлаш) даврида амалда бўлган Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкасидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланган фоизларни ҳисобга олган ҳолда қайтарилади. Айнан шу тартибда ортиқча тўланган солиқ суммасини ўз вақтида қайтариш ва ортиқча ундирилган солиқ суммасини ҳисобга олиш (қайтариш) механизми жорий этилмоқда. Шу билан бирга солиқ суммасини қайтаришда ҳар бир кечиктирилган кун учун солиқ органи томонидан солиқ тўловчига фоиз тўлаш назарда тутилади.
Солиқ тўловчиларга эса, солиқ режимини танлаш, уларни тўлаш тартиби каби имтиёзлар тақдим этилмоқда.
Мисол учун, якка тартибдаги тадбиркорларга солиқларни тўлашни танлаш ҳуқуқи берилмоқда.
Яъни, якка тартибдаги тадбиркорлар – тақвим йилида товарларни (хизматларни) сотишдан олинган даромади 100 миллион сўмдан ошмаган тақдирда – жисмоний шахслар даромад солиғини тўлашни танлаш ҳуқуқига эгадирлар.
Шунингдек ҚҚСни ҳисоблаш ва тўлашнинг соддалаштирилган тартиби бекор қилиниб, умумий белгиланган солиқ тўлаш жорий қилинмоқда. Бунда солиқ тўловчи 2020 йил 1 январь ҳолатига товар-моддий заҳираларнинг қолдиқларига ҚҚС миқдорини ҳисоблаш ҳуқуқига эга.
Шу билан бирга, тадбиркорлар учун қулай шароитлар яратиш мақсадида пулли ёки бепул асосда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ёки у ваколат берган орган (комиссиялар) иштирокисиз солиқларни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини тақдим этишнинг янги шаффоф механизми жорий қилинди.
Бунда, ушбу имкониятни тақдим қилиш ваколатлари халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларга берилган.
Солиқ турлари сони эса 13 тадан 9 тагача камайтирилмоқда. Барча тадбиркорлик субъектлари учун ягона ижтимоий тўлов 25 фоиздан 12 фоиз тушурилмоқда.
Бундан ташқари солиқ тўлашдаги имтиёзларидан яна бири қишлоқ туманларида, бундан аҳоли сони 5 минг кишидан кўп бўлган аҳоли пунктлари мустасно, сартарошхона хизматларини, якка тартибдаги буюртмалар бўйича кийим тикиш хизматларини, пойабзал таъмирлаш хизматларини кўрсатиш бўйича фаолиятни ташкил этган, шунингдек, жамоат ҳаммомларини ташкил этган якка тартибдаги тадбиркорлар 2023 йил 1 июлгача барча турдаги солиқлар тўлашдан озод этилади.
Ваҳоланки, солиқларни ҳисоблаш ва тўлаш механизмини такомиллаштиришга, шунингдек, солиқларнинг барча элементларини аниқлаштириш ҳамда тартибга солишга қаратилган янги нормаларни, ўз навбатида, тадбиркорлар ва бизнес вакиллари кутаётган эди.
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак солиқ қонунчилигига мамлакат тараққиётининг таянчи бўлган инсофли, ҳалол солиқ тўловчиларни рағбатлантириш, яширин фаолият юритаётганларнинг қонуний ишлаши учун шарт-шароит яратишга хизмат қиладиган нормалар киритилган.
Муҳими, у тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш ва кичик бизнеснинг қўллаб-қувватланишига хизмат қилиши билан аҳамиятли.
Б.ЖАҚСЫМОВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Тадбиркорлик субъектларининг хуқуқлари ва
қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича
вакил девони етакчи инспектори.